Муфассирлар: Муқотил ибн Сулаймон (1)

0

Исм-насаби ва туғилиб-ўсган жойи:

Алломанинг тўлиқ исм-шарифи Муқотил ибн Сулаймон ибн Башир Аздий Балхий бўлиб, куняси Абу Ҳасандир.

Аллома Муқотил Хуросон ўлкасининг Балх шаҳрида туғилган бўлиб, тарихий манбаларда унинг қай санада дунёга келгани зикр қилинмаган. Муқотил Балх шаҳрида ўсиб-улғаяди. Сўнг Марвга кўчиб ўтиб, ўша ерда уйланади. Марв ҳам Хуросон ўлкасининг машҳур шаҳарларидан бири эди. Муқотил Хуросон ўлкасида нуфузли мавқега эга эди. У ҳатто Хуросон амирлари билан уларга қарши чиқувчилар ўртасини ислоҳ қилишда воситачилик қилгани айтилган. Сўнг у Ироққа кўчиб бориб, Басрада қўним топади ва Бағдодга ҳам бориб, ўзининг эшитган ҳадисларини у ерда ривоят қилади. Сўнг Басрага қайтиб келиб, шу ерда ҳижрий 150 йили вафот этади[1].

Устозлари:

Муқотил роҳимаҳуллоҳ Мужоҳид ибн Жабр, Заҳҳок ибн Музоҳим, Ибн Бурайда, Ато, Ибн Сирийн, Амр ибн Шуайб, Саид Мақбурий ва Зуҳрий каби забардаст тобеин уламолардан таълим олган[2].

Шогирдлари:

Муқотил роҳимаҳуллоҳдан Саъд ибн Салт, Бақия ибн Махлад, Абдураззоқ, Ҳарамий ибн Умора, Шабоба ибн Саввор, Валид ибн Мазид ва булардан бошқа кўплаб уламолар таълим олишган. Али ибн Жаъд Муқотилдан ривоят қилган энг охирги шогирди ҳисобланади[3].

Муқотил роҳимаҳуллоҳнинг ақидаси борасида уламоларнинг фикрлари:

Аввало шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, Муқотил роҳимаҳуллоҳ ақида ва фиқҳда зайдий мазҳабида[4] бўлган[5].

Ибн Надийм айтади: “Муқотил ибн Сулаймон зайдий мазҳабидаги муҳаддис ва қорилардан бири[6].

Уламолар Муқотил роҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди борасида бир-бирига қарама-қарши фикрлар билдиришган. Айримлар уни мушббиҳаликда[7] айблаган. Бошқа бир гуруҳ уламолар эса у ҳақида мақтовли фикрлар билдиришган. Муқотил роҳимаҳуллоҳнинг дин-диёнати ва эътиқоди ҳақида айтилган сўзлар орасида ҳақиқатга яқинроғи ва тўғрироғи Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг сўзи бўлса керак. Абу Ҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳ “Мақолатул исломия” китобида Муқотилни мушаббиҳаликда айблаб, бунинг исботи ўлароқ унга нисбат берилувчи бир қанча сўзларни зикр қилган. Ибн Таймия Абу Ҳасан Ашъарийнинг бу сўзига эътироз билдириб шундай деган: “Муқотилнинг ҳақиқий ҳолатини (яъни эътиқоди қандай бўлганини) янада Аллоҳ билгувчироқ. Ашъарий ушбу (Муқотил айтганлиги даъво қилинувчи) сўзларни мўътазилийларнинг китобидан нақл қилмоқда. Ҳолбуки, мўътазилийлар Муқотил тўғрисида ўта ёмон фикрдалар. Мўътазилийлар Муқотилнинг сўзларини бўрттириб нақл қилишган ёки ишончсиз одамлар орқали нақл қилишган бўлса керак. Мен Муқотилни бу даражага боради деб ўйламайман. Дарҳақиқат, Шофеий роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай деган: “Тафсир илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир инсон Муқотилга муҳтождир”. Муқотил ибн Сулаймоннинг ривоят қилган ҳадислари қабул қилинмаса-да, лекин у шубҳасиз тафсир ва бошқа фанларда билимдон олим зот бўлган[8].

Жиҳод Аҳмад Ҳажжож айтади: “Айрим одамлар уни мушаббиҳаликда айблашган. Бироқ улар айтаётган бу даъволарига ҳеч бўлмаганда битта асосли далил келтиришмаган. Шак-шубҳасиз Муқотил роҳимаҳуллоҳ улар таъна қилаётган бу ботил туҳматлардан покдир[9].

Уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари:

Аллома Муқотил ҳақида динимизнинг бир қанча буюк уламолари мақтовлар айтишган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръони Карим тафсирини яхши ўзлаштирмоқчи бўлган одам Муқотил ибн Сулаймонга муҳтождир”.

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ Муқотилнинг тафсир китобини кўриб, шундай деган: “Айтган сўзларининг санади бўлганида, нақадар буюк илм бўлар эди”.

 Абд ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг китобини Муқотилдан кўра яхшироқ билувчи одам қолмади”.

Ҳаммод ибн Салама айтади: “Муқотил тафсирда Калбийдан кўра билимлироқдир”.

Бақия ибн Махлад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Шўъба ибн Ҳажжождан  Муқотил ибн Сулаймон ҳақида кўп бор сўралганини эшитганман. У Муқотилни фақат мақтаб зикр қиларди”.

Доктор Субҳий Солиҳ Муқотилни мусулмонларнинг буюк уламолари ва муфассирлари қаторида зикр қилган[10].

Уламоларнинг Муқотил ҳақида айтган мазкур мақтовли сўзларидан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, Муқотил роҳимаҳуллоҳ ҳадис ривоятида сўзи олинмаса-да, аммо тафсир ва Қуръон илмида мўътабар, бу соҳада юксак ўринга эга забардаст олимлардан бири бўлган.

Кейинги мақоламизда Муқотил роҳимаҳуллоҳнинг ёзган китоблари, хусусан ислом оламида мўътабар ҳисобланган Тафсири Муқотил ҳақида маълумот берамиз, иншааллоҳ.

[1] Жиҳод Аҳмад Ҳажжож, “Имом Муқотилнинг тафсир китобидаги манҳажи”, (9-13 бет).
[2] “Сияри аъломун-нубало”, 7/201.
[3] “Сияри аъломун-нубало”, 7/201.
[4] Зайдийлар шиа тоифаси ичидаги Аҳли суннат ва жамоага энг яқинроқ бўлган фирқаларнинг бири саналади. Зайдийларнинг имоми Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб бўлиб, халифа Ҳишом ибн Абдулмаликка қарши чиқиб, оқибатда Кўфа шаҳрида қатл этилади.
[5] Жиҳод Аҳмад Ҳажжож, “Имом Муқотилнинг тафсир китобидаги манҳажи”, (10 бет).
[6] “Фиҳрасатун”, 1/179.
[7] Мушаббиҳалар Аллоҳни бандаларига ўхшатган, Унинг сифатларини махлуқотларга хос сифатлар жинсидан қилган тоифалардир. Шунинг учун улар мушаббиҳа (ўхшатувчилар) деб номландилар.
[8] “Минҳожус сунна”, 4/103.
[9] “Имом Муқотилнинг тафсир китобидаги манҳажи”, (11 бет) китоб.
[10] “Имом Муқотилнинг тафсир китобидаги манҳажи”, (15-16 бет) китоб.

Изоҳ қолдиринг