Аллоҳдан сабр сўраб дуо қилиш мумкинми?

0

Савол:

Устоз, саволимиз қуйидагича: бир киши “Аллоҳдан сабр сўраб дуо қилинмайди, чунки У зот бизни сабримиздан ортиғига буюрмайди, сабр эмас, офият сўралади”, деди ва бунга Бақара сурасининг 286-оятини далил қилди. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аввало сабрнинг турлари ҳақида сўз юритишни маъқул кўрдик. Негаки, саволнинг жавоби сабрнинг қай турини сўрашга қараб ўзгаради. Сабр уч хил бўлади:
1) бало ва мусибатларга сабр қилиш;
2) тоат-ибодатда бардавом туришга сабр қилиш;
3) гуноҳ ва маъсиятлардан тийилишга сабр қилиш.

Биринчидан: Аллоҳдан бало ва мусибатларга сабр беришини сўраш

Имом Термизий (3572) ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг: “Аллоҳим, мен Сендан сабр сўрайман” – деганини эшитиб: “Сен Аллоҳдан мусибат сўраяпсан, унинг ўрнига офият сўра” – деганлар. Бироқ мазкур ҳадис заиф. Чунки ровийлари ичидаги Абулвард ибн Сумома заифдир. Мазкур ҳадис санад жиҳатидан заиф бўлса ҳам, маъно жиҳатидан тўғри. Чунки инсон бошига бирон мусибат тушишидан олдин сабр сўраши сабр қилишни тақозо қиладиган мусибатни сўраши демакдир. Шунинг учун сабр эмас, офият сўраш мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ бало ва мусибат келганида Аллоҳ таолодан сабр сўраш пайғамбарлар ва солиҳларнинг йўлидир. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сендан тақдирга рози қилишингни сўрайман” – деб дуо қилганлар (Насоий (1305) ривояти). Яна бир мисол, Толут ва унинг қўшини Жолутга қарши жангга чиқишганида: “Парвардигоро, бизга сабр бер, бизни собитқадам қил ва кофир қавмлар устидан ғолиб айла” – деб дуо қилишган (Бақара: 250). Шунингдек, Мусо алайҳиссалом билан беллашгани чиққан сеҳргарлар иймон келтиришганида фиръавн уларни қаттиқ жазолашини айтган. Шунда сеҳргарлар: “Албатта, биз (вафот этганимиздан сўнг) Раббимизнинг ҳузурига боражакмиз. Бизга Раббимизнинг оят-мўъжизалари келганида унга иймон келтирганимиз учунгина сен биздан қасд олмоқдасан. Парвардигоро, бизга Ўзинг сабр бер ва бизни мусулмон ҳолатимизда вафот эттир” – деб дуо қилишган (Аъроф: 125-126). Буларнинг барчаси бало ва мусибат келганидан сўнг Аллоҳ таолодан сабр сўраб дуо қилиш яхши эканига далил бўлади. Мусибат келишидан олдин эса сабр сўрамаслик, сўраган тақдирда ҳам “сабрни тақозо қиладиган ҳолат бўлиб қолган тақдирда сабр бер” маъносида дуо қилиш тўғри бўлади.

Иккинчидан: тоат-ибодатда бардавом туриш учун сабр сўраб дуо қилиш

Инсон доим Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида бўлиши учун унга кучли ирода ва сабр лозим. Аллоҳ таолодан бу иш учун сабр сўраш нафақат жоиз, балки суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намоздан сўнг Аллоҳ таолодан тоат-ибодат борасида сабр беришини сўраб: “Аллоҳим, Сенга зикр, шукр ва гўзал ибодат қилишим учун менга Ўзинг ёрдам бер” – деб дуо қилганлар (Абу Довуд (1522) ривояти).

Учинчидан: гуноҳ ишлардан тийилиш учун сабр сўраш

Инсон гуноҳ ишлардан тийилиши учун Аллоҳ таолога дуо қилиб, сабр сўраши ҳам жоиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонга берилиши мумкин бўлган энг яхши ва мўл совға сабрдир” – деганлар (Бухорий (1469) ва Муслим (1053) ривояти). Мазкур ҳадиснинг шарҳида Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳаромдан сақланишга ва Аллоҳ таолонинг тоатини бажаришга сабр қилган киши сабр қилувчилар ичида Аллоҳнинг ҳузурида энг мартабаси баланд киши ҳисобланади. Ким мана шу иккисига сабр қилса, у Аллоҳнинг холис ва Ўзи танлаган бандалари қаторидан ўрин олади”. Модомики сабр Аллоҳ таоло томонидан бериладиган совға экан, уни Аллоҳдан дуо қилиб сўраш нафақат жоиз, балки мустаҳаб бўлади.

Бақара сурасининг 286-оятига келсак, у оятда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ бандаларга тоқатидан ортиғини юкламайди” – деган. Бу оятнинг сабрга алоқаси йўқ. Бу ерда шариатдаги ҳукмлар инсонларнинг имконият даражасига қараб белгилангани, Аллоҳ таоло ҳеч қачон ҳеч кимга қўлидан келмаган ишни юклаб, бу ишни бажара олмагани боис унга азоб бермаслиги назарда тутилган, валлоҳу аълам. Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг буйруқларини бажаришимиз ва қайтарганларидан тийилишимиз учун сабр берсин!

Фатво рақами: 16013

Сабр ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун “Сабр ва унинг ақидадаги мавқеи” номли мақолага мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг