БИЗНИНГ МАНҲАЖ

Муқаддима

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамд-санолар, энг яхши дин билан пайғамбар қилиб юборилган ишончли ва омонатдор набий, у зотнинг оилалари ва барча асҳобларига Аллоҳнинг салавот, салом ва баракотлари бўлсин!

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг динига даъват қилиш энг улуғ ибодат ва энг буюк тоатлардандир. Аллоҳ таоло уни пайғамбарлар вазифаси, мўминлар йўли ва улар қалбларини ўзаро пайваста этувчи сабаб қилди.

Даъват йўлида бирлашиш ёлғизликдан овунтиради, ғам-кулфатларни кеткизади, ҳақни билмаслик ва унга амал қилмаслик залолатидан ҳақни таниш ва унга амал қилиш рушду-ҳидояти сари бошлайди, бузуқликларни ўнглайди ва бу бирдамлик шарофатидан Аллоҳ бандалар ва ўлкаларга манфаат келтиради.

Аҳли суннат ва жамоат уламолари ва даъватчиларининг асрлар оша эътиқоди ва дастури ягона, даъват тамойиллари аниқ ва тутган йўллари кундек равшан. Улар пайғамбарлар юрган йўлдан борадилар, пайғамбарлар сарвари босган изга эргашадилар ва Аллоҳ таолонинг динини маҳкам тутадилар. Миллатчилик асосида кўтарилган байроқларга, ёхуд партиявий чақириқларга мутаассиблик қилмайдилар. Аҳли суннат иттифоқ қилган барча ишларда бирлашиб, ўзаро ихтилофлашилган масалаларда бир-бирларини маъзур тутадилар.

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, аҳли суннат уламолари ва даъватчилари ўртасидаги иттифоқ доираси, келишув майдони катта ва кенгдир. Ихтилофли масалалар, гарчи кўп бўлсада, бирлик ва ҳамжиҳатликка тўсқинлик қилмайди.

Бу иттифоқ қилинган асосларни юзага чиқариш ва муштарак тамойилларни акс эттириш мақсадида ушбу мийсоқ дунё келди. Умид қиламизки, у суннатга эргашиш йўлида даъватчиларнинг ўзаро дўстона муносабатда бўлган биродарлар бўлиши, бир бири билан келишмайдиган тарқоқ жамоатлар бўлишга чек қўйиши, улар ўртасида бирдамликни рўёбга чиқариш ва ҳамжиҳатликка урғу бериш учун туртки бўлади.

Бу мийсоқ аҳли суннат ва жамоат даъватчи тоифалари наздидаги даъват асослари ва фиқҳини ўзида мужассам этади. Улар бу мийсоқни бир овоздан тасдиқлаганлар, уламолар унга мувофиқ бўлганлар. Оқибат, бу мийсоққа риоя қилиш туфайли улар тутган йўл нурафшон бўлиб, тартибга келган.

Мийсоқ бундан ташқари амалий ҳаётда ҳаққа эргашиш, муаммоларни бартараф этишда тўғри иш олиб бориш ва ҳар қандай йўналишга мансуб бўлган даъватчи ва етакчи муршидларга фарз насиҳатни улашиш борасида доно иш тутишга чақириқни ҳам ўз ичига олади.

Аниқ ва равшан бўлган бу асослардан келиб чиқиб ҳаракат қилиш – аслида, Қуръоний ҳақиқатлар ва Адноний пайғамбар суннатининг баёнига таянишдир. Бу даъватчиларга чуқур фаҳм-идрок ва зийрак онг бахш этади, воқеликда, айниқса ҳозирги воқелигимизда юз берган янги воқеа-ҳодисалар ва бўҳронларга нисбатан тўғри йўл тутишга ёрдам беради, суннат аҳлига охирги пайғамбар расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам умматининг ғалаба қозониши, гарчи узоқ кечадан кейин бўлсада, бир кун келиб куррайи заминда шариат ҳоким ва устивор бўлажак тонг шабадасини ҳис этиши учун куч-қудрат ато этади. Зеро, бу умматга унга ёрдам қўлини чўзмаган ёки унга қаршилик қилганлар зарар бермайдиган, токи унинг зафар қучиши ва душманларининг тор-мор этилиши тўғрисидаги Аллоҳнинг амри – қисмати келгунига қадар, сабр-матонатли бир тоифа боқий қолиши ваъда қилинган. Албатта, бу амри илоҳий яқин, Аллоҳ таоло дуо ва илтижоларни эшитгувчи ва унга ижобат қилгувчи Зотдир.

Нима бўлганда ҳам, бу мийсоқ даъватчи уламолар ва тўғри йўлга етакловчи толиби илмлар тоифаларини Қуръони Карим ва суннати мутаҳҳара ҳақиқатлари – асл қадриятлари ортида тўплаш учун қўйилган қадам бўлишини умид қиламиз. Бу иш ҳозирги замонда ислом душманлари мажбур этган илмий ва амалий кураш майдонидаги энг кучли ва кескир қуролдир.

Кетма-кет машаққат ва кулфатлар, устма-уст фитналар юз бераётган ислом умматининг бугунги кунида, ислом байроғини юксак кўтариш, маданиятини гуллаб-яшнаши ва ғоятда нозик ва оғир вазиятларда ер юзида ислом умматининг ҳукмронлиги сари интилиш учун ушбу сўзлар ва иборалар ифода этган маъно ва мазмунлар атрофида бирлашишга бўлган эҳтиёж бениҳоят каттадир.

Даъватчиларга мақбул ва манзур бўлган бу мийсоқ улар ўртасида ўзаро мулоқот ва бир-бирини тушуниш, ҳамкорлик ва раҳмдиллик ришталарини барпо қилади, уммат умумманфаатларини партиявий ва шахсий манфаатлардан устун қўйиш учун замин ҳозирлайди. Аллоҳга, Расулига ва ким ва қаерда бўлишидан қатъий назар мўминларга бўлган яхши кўриш ва ёрдам бериш тушунчасини тўғрилашга даъват қилади. Шунингдек, даъват йўлида “манфаатларни кўпайтириш ва жамлаш, бузуқликларни камайтириш ва барҳам бериш” қоидасини ишга солиш, ҳамда, ихтилофларни ўзига хос ҳам илмий, ҳам амалий ва ҳам ахлоқий қоидалари ёрдамида тартибга солиш ва бунинг ортидан барча тоифаларнинг ягона оқимда бирлашиши, шахс ва жамоатларнинг тўғри йўлда ҳамкорлик қилиши келиб чиқишини таъкидлайди.

Дарҳақиқат, ушбу мийсоқ ибораларини текшириш, услубини тўғрилаш, камчиликларини тузатиш мақсадида уламо ва даъватчилар эътиборига ҳавола қилинди. Бундан мақсад мийсоқ шакл ва мазмун жиҳатидан соғлом ва тўғри ҳолатда дунёга келиши ва кутилган самарасини беришлигидир. Аллоҳга ҳамд бўлсинким, уламолар бу ишни бажардилар. Аллоҳ таолодан уларга мўл-кўл мукофотлар ато этиши, ҳужжатларини тўғри қилиши, рушди-ҳидоятда собитқадам қилиши ва улар сабабли умматни тўғри йўлга бошлашини сўраб қоламиз. Шубҳасиз, Раббим ҳақ ва адолатли йўлдадир. Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсин.

Уламо ва даъватчиларнинг раббоний бўлиши тўғрисидаги асослар

Биз шуни эътиқод қиламизки, раббонийлик ҳар бир мураббий олим ва даъватчининг васфидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган раббоний олим кишилар бўлинглар...» [Оли Имрон: 79].

Дарҳақиқат, олим ва даъватчиларнинг раббонийлиги уларнинг сўзи ўтадиган, панд-насиҳати қабул қилинадиган, маслаҳатидан фойдаланадиган бўлиши, жаннатларда даражаларнинг юксалиши ва еру осмонлар Раббисининг розилигига эришиш сабабидир.

Раббонийлик қалбларни Аллоҳга иймон келтириш билан тирилтирадиган, баданни Унга тоат-ибодат билан машғул қиладиган ва молу-жонини Аллоҳнинг дини учун фидо қиладиган иймоний ақидадан бошланади.

Раббонийлик шунчаки айтиб қўйиладиган сўз ёки ҳеч бир хатти-ҳаракатсиз қуруқ даъво бўлмай, балки у қалб ва тананинг Аллоҳга бандачилик қилиши, унинг самараси эса сиртнинг тўғри, ҳалол ва соғломлиги, ботиннинг эса ихлосли бўлишидир.

Раббоний ақида шундай жонли бир ақидаки, у бу ақидага эргашган кишилар ўртасини мисли кўрилмаган ришта билан боғлайди. Ана ўша риштани деб пайғамбарлар ўз ватанларини ташлаб чиқдилар ва издошлари билан дарбадар ҳаёт кечирдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари давридан бошлаб ўтган солиҳ даъватчилар ҳам айнан шундай ҳаёт кечириб келдилар. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!

Раббоний ақида мўминда иззат ва ғурур пайдо қиладиган, қалбни ишонч ва барқарорлик ила тўлдирадиган юксак ақида бўлиб, унинг устида савдолашиладиган, талашиб-тортишиладиган ақида эмас.

Уламо ва даъватчиларнинг раббонийлиги Аллоҳни танишликдан, фарзларга риоя қилиб, унга эътибор берадиган, кўп нафл амаллар қилиб, имкон қадар бундай амалларнинг барчасидан баҳраманд бўладиган ибодатдан вужудга келади. Раббоний инсонларнинг шиори солиҳ амалларда мусобақалашиш ва доимий тарзда тиришқоқликдир. Шунингдек, раббонийлик икки устун: ихлос ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш устида қад кўтаради.

Раббонийлик бу Аллоҳга ибодат қилишдир, таркидунёчилик тариқати эмас. Раббонийлик бу ўрнак, нафсни поклаш ва тарбия воситаси ила Аллоҳнинг динига даъватдир.

Одоб-ахлоқ раббонийлиги ақида ва ибодат раббонийлигининг муборак самараси, илм ва амал, сўз ва хатти-ҳаракатлар ўртасидаги мувофиқлик натижасидир.

Раббоний кишиларнинг даъват ва таълим соҳасидаги энг муҳим хислатлари: бирдамлик ва ҳамжиҳатликка кучли интилиш, ўзаро мулоқотда бўлиш, раҳм-шафқатлилик, бир-бирларини маъзур тутиш ва кечирувчанлик, хато-камчиликлардан кўз юмиш, одамлар қадр-қимматига риоя қилиш, катталарни ҳурмат қилиш, ихтилоф ва тортишувларда хусумат ва адоватни четга суриш ва бировларни дилидаги ниятини қоралашдан сақланиш.

Раббонийликнинг негизи: ўткинчи дунёга берилмаслик, боқий охиратни афзал кўриш, алдамчи дунёдан ўзини четга тортиб, шодлик ва қувонч диёри бўлмиш жаннатга интилиш, энг яхши озуқа –тақво жамғариш, борига қаноат қилиб охиратга тадорик кўриш ва бутун ғам-ташвишни охират ташвиши қилмоқдир.

Далил ва исбот олиш йўли

Бизнинг эътиқодимизча, қатъий ҳужжат бўлган, бехато тўғри йўлга бошлайдиган ва бошқаларидан доимо устун қўйиладиган далил ва исбот манбалари – умматнинг салафи солиҳлари тушунгандек тушуниладиган Қуръон ва суннатдир. Қолаверса, қатъий ҳужжат бўлгани боис, ижмо ҳам ана шундай далиллар сирасидан ҳисобланади. Жоиз ва ўринли ихтилофлар эса уммат учун кенглик ва қулайлик манбаидир.

Хато ва камчиликлардан холи, чинакам эргашишга ҳақли зот нафснинг истак ва хоҳишларидан келиб чиқиб гапирмайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Шундай экан, айтган хабарларида у зотни тасдиқлаш, буюрган ишларида итоат этиш ва қайтарган ишларидан тийилиш вожиб.

Бирон бир ҳукмда ихтилофлашилса, бу ҳукмни Қуръон ва суннатга ҳамда ижтиҳод ёки қиёс йўли билан иккисига илова қилинган далил манбасига ҳавола қилиш вожибдир.

Чинакам фаросат – ташқи белгиларга таяниб ботиний ишларни тахмин қилиш ва солиҳ туш ҳақдир. Бироқ бу иккиси анбиёларни ҳисобга олмаганда далил-исбот ёки қонунчилик манбаи бўла олмайди.

Қонунчилик манбасини ваҳийдан нафс хоҳиш-истакларига ёхуд оят ва ҳадислардан ақл ҳукмига буриш – бидъатлар, бузилиш ва ҳақ йўлдан бурилишнинг энг хатарли йўлларидандир. Далил-исбот манбаи бўлмиш оят ва ҳадисларни ҳар қандай ярамас калом илмига оид қоришмалардан ёки динимизга ёт, Раббимиз рози бўлмайдиган маслаклардан йироқ тутиш вожиб. Соф ва соғлом ақл – саҳиҳ ва ишончли нақл  (оят ва ҳадислар)га зид келмайди. Борди-ю, сиртдан қараганда улар иккиси ўртасида қарама-қаршилик бордек кўринса, у ҳолда бу зиддиятнинг сабаби ақлдаги янглиш тасаввурга ёки нақлнинг ўз исботини топган ва топмаганлиги ёхуд унинг далолатидаги нотўғри хулосага бориб тақалади.

Ҳар қандай масалаларки, унинг тўғрисида бирон бир саҳиҳ ва очиқдан-очиқ нақлий далил келмаган ёки ижмо қилинмаган бўлса, айни вақтда бу нақлий далилга қарши бошқа далил ҳам бўлмаса, у ҳолда бундай масалалар ижтиҳодий масалалар ҳисобланади. Бу каби масалаларда, агар киши ижтиҳод аҳли – тадқиқотчи олимлар сирасидан бўлиб, ҳақни рўёбга чиқаришни мақсад қилса, изланишларида бор куч-имкониятини ишга солган бўлса, гарчи хато қилсада маломат қилинмайди. Бироқ у чиқарган хулоса бу борадаги айрим илмий тадқиқот меъёрларига хилоф бўлгани боис янглиш ёхуд масаладаги аксар уламолар фикрига хилоф ўлароқ нодир хулоса бўлиши бундан мустаснодир. Негаки, бундай ҳолатда унга танбеҳ бериш ва хатосидан огоҳлантириш мақсадга мувофиқдир.

Муайян мазҳабга эргашиш тўғрисидаги тўғри фикр: фақат шу мазҳабга таассуб қилмаслик ва далил қўллаб-қувватлаган рожиҳ фикрни ҳеч иккиланмасдан устун деб билиш шарти билан муайян мазҳабга эргашиш жоиздир. Юқори илмий савияга эришган тадқиқотчи олим зиммасидаги фарз вазифа ижтиҳод, авом кишиларнинг вазифаси эса олимларга тақлид қилиш. Тақлидчимиз дея, қаршисида зид далил бўлмаган саҳиҳ далилни четлаб ўтиш жоиз бўлмаганидек, кўр-кўрона тақлидни йўқотиш даъвоси остида фуқаҳолар меросидан юз ўгириш ҳам дуруст эмас.

Соғлом ақида борасидаги асослар

Шуни эътиқод қиламизки, тавҳид – Аллоҳни ибодат билан ёлғизлаш оламларнинг яратилиш мақсади, барча пайғамбарлар даъватининг негизидир. Шунингдек, у дин ишлари ичида одамларга энг аввал еткизиладиган иш, ҳамда уларнинг дунёда жон ва моллари ҳимоя қилиниши ва охиратда нажот топишининг сабабидир.

Соғлом эътиқод бу Қуръон ва суннатдан олинган, адолатли саҳобалар ва ишончли имомлардан ўз исботини топган эътиқоддир. Бу эътиқод қуйидаги ўнта муҳим асосларда ўз аксини топган:

Биринчидан: иймоннинг моҳияти ва унга путур еткизадиган нарсалар:  

Иймон: эътиқод, сўз ва амалдан иборат. Тоатлар иймонни зиёда қилса, гуноҳлар уни камайтиради ва куфр амаллар уни ботил қилади.

Гуноҳлар икки тур: катта ва кичик гуноҳларга бўлинади.

Ислом аҳлидан бўлган бирон кимса токи иймонни бузадиган ва дўзахда абадий қолишни вожиб қиладиган гуноҳ қилмагунча кофир бўлмайди.

Куфр икки тур: иймонни ботил қиладиган катта куфр ва кишини исломдан чиқармайдиган кичик куфрга бўлинади.

Иккинчидан: Аллоҳ таолога иймон келтириш Унинг вужуди, Раб эканлиги ва ёлғизлигига, шунингдек, Унинг ёлғиз Ўзигина гўзал исмлар ва олий сифатлар соҳиби экани ҳамда ҳеч қандай шериги бўлмаган ҳолда якка Ўзи ибодат қилинишга ҳақли эканига иймон келтиришни ўз ичига олади.

Аллоҳ таолонинг борлигини исботловчи далиллар:

Аллоҳ таолонинг борлигини исботловчи далилларнинг чеки йўқ, сон-саноқсиздир. Негаки, Аллоҳ таолонинг борлигини билиш энг мустаҳкам ўрнашган маълумот ва исботга муҳтож бўлмаган бирламчи масала. Қолаверса, инсоннинг соғлом фитрати ҳам шунга гувоҳ: “Ҳар бир чақалоқ фитратга асосан дунёга келади”.

Зеро, соғлом ақл ҳар бир яратилган нарсанинг яратувчиси бўлиши, йўқлик ҳеч нарсани ярата олмаслиги ва ўзида йўқ ўзгага бирон нарса бера олмаслигини ҳукм қилади; Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Улар (ҳеч қандай яратувчисиз) ҳечдан-ҳеч дунёга келдиларми ёки улар (ўзларини) яратувчимилар?!” [Тур: 35].

Барча халқлар Раббиларининг борлигига ва ҳеч қандай шериксиз якка Ўзи яратувчи эканига иттифоқ қилганлар; Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ(нинг борлиги ва якка Ўзи ибодатга ҳақли экани)да шак қиласизларми?!” [Иброҳим: 10]. Аллоҳнинг борлиқда кўзга ташланган, қалбларда жо бўлган ва саҳифаларда ёзилган оят-аломатлари Аллоҳга тасбеҳ айтишга чорлайди ва Уни яккалаш ва улуғлашга даъват этади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), энг олий Зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг! У (барча нарсани) яратиб, (унинг табиатида мавжуд иш ва вазифаларни қулай бажариши учун) мувозанатли қилиб қўйган ва (барча мавжудотларга ўзига хос моддий ва маънавий имконият ва қобилиятлар) белгилаб, (бу имконият ва қобилиятларни ишга солиш ва вужуддаги ўз вазифасини адо этиши учун) ҳидоят қилиб қўйган Зотдир” [Аъло: 3-1]. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ночор қолган бандалар дуосини ижобат қилади, Унга илтижо қилганлар эҳтиёжини қондиради; Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтда (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган… Зотми?!” [Намл: 62].

Дарҳақиқат, иззат-икром соҳиби бўлмиш пайғамбарлар Аллоҳни танитдилар. Уларни қўллаб-қувватлаш учун Аллоҳ уларга турли мўъжизалар берди. Ана шундай инсонни лол қолдирувчи мўъжизаларнинг энг каттаси: тилларда тиловат қилинган, қулоқлар билан эшитилган ва то охир замонга қадар Аллоҳнинг ҳифзу-ҳимояси билан сақланажак Қуръони Каримдир.

Аҳли суннат Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтирадилар. Бу исм ва сифатларни Аллоҳнинг улуғворлиги ва мукаммаллигига лойиқ тарзда исботлайдилар. Шунингдек, Парвардигорларини махлуқотларга ўхшашликдан поклаб, исм ва сифатларининг қандайлиги ёлғиз Ўзигагина маълум, деб эътиқод қиладилар.

Бу борада Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини далил қилиб, унга таянадилар: “Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” [Шўро: 11].

Аллоҳ таолонинг исмлари фақат Қуръон ва саҳиҳ суннат орқалигина исбот қилиниб, улар Аллоҳнинг атоқли исмлари ва сифатларига далолат қилади. Бу исмлар сони тўқсон тўққизта билан чекланмай, балки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг сифатларининг барчаси олий, барчаси мукаммал ва барчаси Қуръон ва ҳадислар кўрсатмаси билангина маълум бўлади.

Сифатлар тўғрисидаги гап, исмлар тўғрисида гапга ўхшаганидек, сифатлар ҳақидаги гап, зот ҳақидаги гапга, шунингдек, айрим сифатлар тўғрисидаги гап, қолган сифатлар тўғрисидаги гап билан баробардир.

Раббимизни ибодат билан яккалаш ислом динининг асоси ва Аллоҳнинг бандалари устидаги собит ҳаққидир. Кимда ким Аллоҳнинг Раб эканига чинакам иймон келтирса, албатта шериксиз ёлғиз Аллоҳгагина буйсуниб, Унгагина тоат-ибодат қилади.

Аллоҳдан бошқасига ибодат қилишга ёки Аллоҳнинг динида бидъат пайдо қилишга олиб борадиган барча восита ва баҳоналарни олдини олиш ва ман қилиш вожибдир. Зеро, динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат ва ҳар бир бидъат залолат ва адашишдир.

Аллоҳнинг ҳақларидан бири ҳукм чиқаришни сўраб Унга мурожаат қилиш ва ажрим қилиши учун келишмовчиликларни фақат Унга ҳавола қилишдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ҳукм чиқариш фақат Аллоҳга хосдир”. Шундан келиб чиққан ҳолда, фақат Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларгина ҳалол, фақат Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларгина ҳаром ва Аллоҳ шариатида кўрсатганидан бошқа дин йўқдир.

Иймон асосларидан бири: Аллоҳ ва Унинг дўстларини яхши кўриш, уларни дўст тутиш ва душманларини дўст тутмасликдир. Кимда ким ислом динида бўлмаган бирон кимсани дўст тутса, у ҳолда динига болта уриб, золимлардан бирига айланиб қолади.

Учинчидан: фаришталарга иймон келтириш:

Иймон рукнларидан яна бири Раҳмоннинг фаришталари борлиги, уларнинг нуроний бандалар экани, табиатан тоат-ибодатга мойил, ибодатдан асло бўшашмаслигини тасдиқлашдир. Фаришталарнинг борлигига умумий равишда иймон келтириш иймоннинг рукни, Қуръон ва суннатда исмлари зикр қилинганларига батафсил иймон келтиришлик эса вожибдир.

Фаришталарнинг сони беадад, бажарадиган вазифаларининг эса чеки йўқдир. Улар мўминларнинг дунё ва охиратдаги дўстлари, мўминларни яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан огоҳлантирадилар, уларга яхши мукофотлар ва жаннат хушхабарини келтирадилар ва мўминларнинг ҳаққига истиғфор айтиб, уларга Аллоҳдан раҳмат ва баракат сўрайдилар.

Иймон аҳли ўзаро бир-бирларига фаришталардан ҳаё қилишни уқтирадилар, уларнинг қадр-қимматини билиш ва уларни яхши кўришга буюрадилар.

Тўртинчидан: илоҳий китобларга иймон келтириш:

Иймон рукнларидан бири: бутун инсониятга қарши ҳужжат бўлиши ва тоат-ибодат аҳли учун порлоқ йўл ва ҳидоят бўлиши учун нозил қилинган оламлар Раббисининг китобларига иймон келтиришдир.

Ушбу китоблардан Қуръонда зикр қилинганларига батафсил иймон келтириш вожиб бўлиб, улардан бирини инкор этиш, уларнинг барчасини инкор этиш билан баробардир.

Бу китоблар ё йўқ бўлиб кетган, ҳозирда мавжуд эмас, ёхуд мавжуд бўлсада, ўзгартириб юборилган, асл ҳолатида сақлаб қолинмаган. Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси ила асл ҳолида сақланиб қолган Қуръони Азим ва Зикру Ҳаким бундан мустасно бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий китобларнинг энг сўнгиси, ўзидан олдинги китобларни бекор қилувчи, улар устидан ҳукмрон қилиб қўйди.

Қуръони Азим маликул маъбуд бўлмиш Аллоҳнинг каломи, Ўзидан чиққан ва Ўзига қайтажакдир. Қуръоннинг ҳаққи унга иймон келтириш, уни ҳоким қилиш, таълим олиб, таълим бериш, таҳажжудларда ўқиш ва тартил билан тиловат қилишдир. Қуръон хабарларидан биронтасини ёлғон деган ёки унинг ҳукмларидан бирини инкор этган ёхуд Қуръонни ўзгартирилган ёки ноқис деб эътиқод қилган кимса Қуръонга иймон келтирган бўлмайди.

Бешинчидан: пайғамбарларга иймон келтириш:

Иймон рукнларидан бири анбиё ва расулларга ва уларнинг Аллоҳ яратган барча махлуқотларнинг сараси эканига иймон келтиришдир.

Пайғамбарларга умумий тарзда иймон келтириш, улардан Қуръонда исмлари зикр қилинганларига эса батафсил равишда иймон келтириш вожиб.

Аллоҳ таоло уларга мукаммал сифатлар ато этиб, уларни катта гуноҳлар ва пасткаш хулқ-атворлардан йироқ қилди.

Аллоҳ таоло уларнинг қўллари билан оят-мўъжизалар кўрсатди. Бу мўъжизаларга Аллоҳ саодатни насиб қилган кишилар иймон келтириб, Аллоҳ азалий илми ила бахтсизлигини билган кимсалар кофир бўлдилар.

Пайғамбарларнинг оят-мўъжизалари уларнинг умри ниҳоясига етиши билан завол топди. Бундан ёлғиз замонлар оша давом этувчи, ифтихор шиори бўлмиш мангу мўъжиза – Қуръони Карим мустасно бўлиб, унинг мўъжизакорлиги мудом янгиланиб боради, замон кексайгани сари Қуръоннинг кўрки-равнақи ошиб бораверади. Негаки, у ҳикмат ва ҳамду-сано соҳиби бўлмиш Аллоҳ нозил қилган мўъжизадир.

Пайғамбарларнинг энг афзали бир овоздан уларнинг энг сўнгиси бўлган, барча инсонларга ва бутун инсу-жинга элчи қилиб юборилган, Исро ва Меърож воқеаси соҳиби, уни деб ой иккига бўлинган, Одам боласининг саййиди, бир ойлик масофадан душманларининг қалбига тушадиган қўрқув билан мадад берилган, шафоат эгаси ва қиёмат кунида ҳамду-сано байроқдори бўлмиш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, шунингдек, унга итоат қилиш, улуғлаш, эргашиш, ҳурмат-эҳтиром қилиш, ҳукм истаб унинг шариатига мурожаат қилиш ва суннатига рози бўлиш – у зотнинг дастлабки ҳуқуқларидандир. У зотга, оилаларига, асҳобларига ва у кишига эргашганларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салом ва саловотлари бўлсин.

Олтинчидан: охират кунига иймон келтириш:

Иймон рукнларидан яна бири қайта тирилишга, охират кунига ва унинг муқаддималари ва аломатларига иймон келтиришдир.

Бу ишлар қабрдаги роҳат-фароғат ёки аламли азоб ва қиёматдан олдин юз берадиган кичик ва катта аломатлар, ундан сўнг қиёмат қойим бўлиши, сур чалиниши, қайта тирилиш билан бошланиб, сўнгра халойиқнинг маҳшаргоҳда тўпланиши, Аллоҳ билан учрашиши, халойиқ ва улар амалларининг Аллоҳга рўпара қилиниши, ҳисоб-китоб, амаллар ёзилган китобларнинг эгалари қўлига учиб келиши, саҳифаларнинг ёйилиши, (Аллоҳ барчамизга насиб қилсин) бу саҳифаларни кимлардир ўнг қўли билан олиши, (Аллоҳ сақласин) кимлардир чап қўли ёки орқа томонидан олиши билан давом этади.

Сўнгра халойиқ ўртасида адолат қилиш учун мезон – тарози қўйилади. Сўнгра Сирот кўпригидан ўтилади. Ундан кейин жаннат аҳли ўртасида дунёда бўлиб ўтган ўзаро адолатсизлик ва шикоятлар учун ўзаро ҳақ-ҳуқуқлар ундириб берилади.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам учун қиёмат кунида турли хил шафоатлар бўлади. Бу шафоатлар сабаб катта гуноҳ қилган кишилар ва ёмон амалли кишиларни дўзахдан қутқарадилар, шунингдек, жаннат аҳлининг даражаларини янада юксалтирадилар. Бу шафоатларнинг энг катта ва эътиборлиси маҳшаргоҳда бандалар ўртасида ажрим қилишни бошлаш учун Аллоҳ таолога мурожаат қилиш хусусидаги шафоатдир.

Мўминлар қиёмат кунида Парвардигорларини кўришдан роҳат-фароғатга чўмадилар. Кофирлар эса ҳасрат ва надомат кунида Раббиларидан тўсиладилар.

Жаннат яхшилар диёри, дўзах эса ёвузлар қароргоҳидир.

Жаннат бир қанча даражалардан иборат бўлса, дўзах кўплаб чуқурлик ва жарлардан ташкил топгандир. Аллоҳдан фазлу-карамини сўраб, қаҳру-ғазабидан паноҳ сўраймиз.

Еттинчидан: қазо ва қадарга иймон келтириш:

Иймон рукнларидан яна бири, тақдирга – унинг яхши-ёмонига, ширин-аччиғига иймон келтирмоқдир.

Қадар аслида Аллоҳнинг бандалари ўртасидаги сир-асроридир. У бандаларига қадар илмини махфий қилди ва унга интилишдан қайтарди.

Тақдирга иймон келтиришнинг тўрт босқичи бор: Аллоҳнинг барча нарсаларни қамраб олган мукаммал илмига иймон келтириш, Аллоҳнинг Ўз илмига мувофиқ равишда махлуқотларнинг миқдор ва ўлчовларини ёзганига иймон келтириш, Аллоҳнинг нимани хоҳласа бўладиган, хоҳламаса бўлмайдиган, амалга ошувчи хоҳишига иймон келтириш ва ниҳоят, Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсани яратувчиси, бандаларини ҳам, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам яратувчи эканига иймон келтириш.

Банданинг бошига тушган нарса юз бермай иложи йўқ. Шунингдек, уни четлаб ўтган нарсалар унинг бошига тушиши ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло қайси бир ишни бўлишини ҳукм қилган бўлса, шубҳасиз юз беражак. Бахтсиз эса ўз ҳолини маломат қилган кимсадир.

Қадарни бирон айб ва гуноҳ иш қилиб қўйганда эмас, балки бошга мусибат ва қийинчиликлар тушгандагина пеш қилинади.

Аллоҳнинг раҳмати ва ҳикмати тўлиқ бўлгани боис Унга ёмонлик нисбат берилмайди. Гарчи қайсидир томондан Аллоҳ таоло тақдир қилган айрим нарсаларга ёмонлик нисбат берилсада, аслида ўша Аллоҳ тақдир қилган нарса бошқа бир томондан яхшиликдир.

Саккизинчидан: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва саҳобайи киромлар тўғрисидаги эътиқод:

Аҳли суннат Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўрадилар ва уларни ўзларига дўст тутадилар. Аҳли байтлар тоат-ибодатли, хушфеъл тақводорлар, пок ва софдил зурриётлардир. Аҳли суннат умматнинг энг яхши инсонлари бўлмиш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини яхши кўрадилар. Улар умматнинг дастлаб иймон келтирган салафи солиҳлари, Раҳмоннинг розилигини қўлга киритган инсонлар.

Саҳобалардан ўрнак олиш шарт. Уларнинг қадр-қийматида ҳаддан ошиш, ораларида бўлиб ўтган келишмовчиликлар хусусида чуқур баҳс ва муҳокамаларга кириш жоиз эмас. Саҳобалар фақат яхшилик билан тилга олинадилар. Кимда ким улар тўғрисида ножўя сўз гапирса суннат йўлида эмас.

Тўққизинчидан: Халифалар:

Уммат халифага итоат этиши, хато қилса насиҳат қилиши, тўғри ишларда унга ёрдам бериши вожиб. Халифадан содир бўлган камчиликлар кечиб юборилади, уни обрўсизлантирадиган ишлардан тийилади, Аллоҳ ва Расулига осийлик бўлмаса унга бўйсуниш вожиб бўлади.

Уммат шариатини ҳукмрон қилиш, ақидасини қўллаб-қувватлаш, муқаддас қадриятларини ҳимоя қилиш ва унинг бирлигини асраш халифанинг мажбуриятларидир.

Ўнинчидан: Бошқа муҳим ишлар:

Аллоҳнинг дини ва тавҳидга даъват қилиш энг катта ибодатлардан. Шунингдек, одамларни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш энг муҳим вазифалардандир.

Жиҳод ислом минорасининг энг юқори чўққиси бўлиб, унинг йўлида жон ва қимматбаҳо мол-мулклар тикилиб, то қиёматга қадар давом этажак.

Аҳли суннат ҳар қандай замон ва маконда умматнинг якдил ва бирдамлиги учун қайғурадилар, ўзаро ҳамжиҳатликка чақириб, ихтилоф ва тафриқадан қайтарадилар. Аҳли суннат ижмони қатъий ҳужжат, ўринли ихтилофларни эса уммат учун кенглик ва қулайлик манбаи деб эътиқод қиладилар.

Аҳли суннат ўзларининг эътиқодлари ва шариатларида саҳобайи киромлар ва ҳар қандай замон ва маконда яшашидан қатъий назар уларга чинакам эргашган кишилар тутган йўлдан чиқмайдилар.

Умумий равишда ислом динига риоя қилган, ислом шариатини ҳоким деб билиб унга бўйсунган, ҳар қандай бидъатга оид мазҳаблардан воз кечган ҳолда Аллоҳни Раб, исломни дин, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни набий ва расул деб рози бўлган ҳар бир инсон аҳли суннат ва жамоатдан ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, аҳли суннат ва жамоат тушунчаси бирон бир умумий асосда суннатга хилоф қилмаган, бидъатга асосланган байроқ остида бирлашмаган ва бирон бир адашган фирқага қўшилмаган ислом умматининг аксар қисмини ўз ичига олади.

Ибодатдаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда барча ишларнинг негизи – бутун мавжудотлар Раббисига ибодат қилишдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен инсон ва жинларни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” [Зориёт: 56]. Ибодатларнинг энг афзал ва энг суюклиси шариатдаги фарз амаллар, ундан сўнг нафл ва фазилатли амаллар. Ундан кейин эса бошқа мубоҳ амаллар бўлиб, агар бу амаллар Аллоҳнинг розилиги учун қилинса ибодатга айланади.

Ибодат – Аллоҳ суйган ва рози бўлган барча сўзлар, зоҳирий ва ботиний амалларни ўзида мужассам этувчи тушунчадир.

Ибодат ва убудийят (бандачилик) икки пойдевор: ихлос ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга эргашиш устида қад ростлайди. Зеро, бу икки пойдевор амалнинг мақбул бўлиш икки шартини ташкил қилади.

Ибодатда шошилиш ва мусобақалашиш зарур. Зеро, оҳисталик ва босиқлик ҳар бир мақтовли ишда талаб қилинсада, бироқ охират амаллари бундан мустаснодир.

Ибодатда тиришқоқлик, ҳаракатчанлик, бор имкониятларни ишга солиш, жону-молни сарфлаш талаб қилинади. Зеро, раббоний обид шундай бандаки, агар унга “эртага ўласан” дейилса, ибодатда бор куч ва имкониятларини ишга солганлиги боис, бундан ортиқ ибодат қилишга қодир бўлмайди.

Обид банда давомли ибодат ва муттасил тоатда бўлади. Унинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари ўлим келиши билангина якун топади. У хилватда ҳам, одамлар олдида ҳам, юртида ҳам, сафарда ҳам, соғлом пайти-ю, касаллигида ҳам Раббиси билан ўзи ўртасидаги ибодат риштасини узмайди.

Аллоҳга ибодат қилишнинг мустаҳаб амаллари турли-туман. Обид банда бу амаллардан ўз насибасини олиши, имкон қадар солиҳ амалларнинг ҳар бир туридан баҳраманд бўлиши лозим.

Бордию, обид бажаришга одатланган бирон ибодатини адо этолмай қолса, имкони бўлди дегунча уни тузатишга киришади, сусткашлик ва ибодати узилиб қолишидан эҳтиёт бўлади. Шу боис, у тоқати етган ишни зиммасига олади, доимий ва узлуксиз амал қилади.

Обид ибодат йўлида бор куч ва имкониятини ишга солади. Шундан сўнг амали мақбул бўлишини умид қилиб, рад этилишидан хавотир қилади. Зеро, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади.

Обид токи одамларга ҳақни баён қилиб, уларга насиҳатни раво кўрмагунча раббоний бўла олмайди.

Ибодатнинг энг яхшиси, мақбул бўлишига умид боғласа арзийдигани, энг тўлиқ ва мукаммали – тақводорлар имоми, охирги пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра қолган пайғамбарлар ибодатидир.

Фатводаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда фатво мансаби энг улуғ диний мансаблардан биридир. Фатвога яроқли солиҳ кишилар халойиқнинг сараси, зулматни ёритувчи чироқлардир. Фатво бериш шарафли иш бўлгани боис, аввало Раббимизнинг ўзи фатво берди. Сўнгра бу шарафли ишни анбиё ва расулларига ва ниҳоят улардан кейин халойиқнинг энг сараси бўлмиш уламоларга топшириб, далиллардан шаръий аҳкомларни чиқариб олиш, ҳалол ва ҳаром қоидаларини тартиблашдек улуғ вазифани улар зиммасига юклади.

Бугунги кунга келиб умматнинг тўғри ва соғлом фатвога бўлган эҳтиёжи янада катталашди. Негаки, ҳозирги пайтда олдингилар кўрмаган ва эшитмаган янги-янги воқеа-ҳодисалар пайдо бўлди. Уммат содир бўлиши хаёлга ҳам келмаган масалаларга дуч келмоқда. Шариат эса бандаларнинг ҳар қандай манфаатларини рўёбга чиқаришга, эҳтиёжларини қондиришга етарли, тоабад, ҳар қандай замон ва маконда татбиқ қилишга яроқлидир. Шундай экан, фатвога муносиб кишилар бел боғлаши, шундай шарафли вазифани ҳар бир даврнинг одил ва ишончли кишилари қўлга киритиши кифоя.

Фатвонинг моҳияти – жоҳилга таълим бериш, сўраганга тўғри йўл кўрсатиш, рушду-ҳидоят истаган кишига маърифат улашиш, ибодат қиламан деган одамга ёрдам бериш, юз берган воқеий ишдаги шаръий ҳукмни аниқлашдир. Фатво сабабли инсон масъулиятдан озод бўлади, зиммасидаги мажбурият соқит бўлади ва кўнгли таскин топган ҳолда онгли равишда амал қилади.

Тўғри фатво уммат билан муфтийлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, бирлашишга олиб боради, илмий ва амалий соҳада якка ўзи ажралиб қолиш ҳолатларига чек қўяди, ва ниҳоят, одамларни фатво сўраш учун раббоний уламолар ва тақводор фуқаҳоларгагина мурожаат қиладиган қилиб қўяди.

Модомики, оламлар Раббиси номидан имзо чекувчи муфтийларнинг байроқлари осиғлик ҳилпираб турар экан, фатволари мамлакатларнинг турли чеккаларида маълум ва машҳур экан, улуғ ишлари тилларда ёд, таҳсинга сазовор экан, албатта бу мамлакатларнинг қўшинлари ғолиб ва зафар қучгувчидир.

Муфтийнинг вазифаси икки қисмдан иборат:

  • Ижтиҳод қилмаган ҳолда фақат шаръий ҳукмни айтиб бериш. Бу ҳолатни қуръон ёки ҳадисларда ҳукми бевосита баён қилинган (мансусун алайҳи), ёки у ҳақда ижмо қилинган (мужмаъ алайҳи) ҳукмда тасаввур қилиш мумкин.
  • Ижтиҳод қилган ҳолда шаръий ҳукмни айтиб бериш. Бу қисм икки даражадан иборат:

А) шаръий далиллардан ҳукмни чиқариб олиш учун ижтиҳод қилиш.

Б) шаръий ҳукмни юз берган воқеий ҳолатга тушуриш.

Фатво аслида Қуръон ояти ёки ҳадисдан бирон бир далилга, ёхуд улар иккисидан ижтиҳод йўли билан чиқариб олинган далилга таяниши лозим. Аниқ ва очиқ ижмо ҳужжатдир. Қуръон ва ҳадисдан очиқ далил турган жойда ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаганидек, ижмо турган жойда ижтиҳод қилиш ҳам дуруст эмас. Қуръон, суннат ёки ижмодан иборат далилга қарши ҳар қандай фатво ботил.

Асос ўлароқ, аксар уламолар ёқлаб фикр билдирган масалалар қатъий тарзда ҳақ дейилмасада, тўғрилик жиҳати устун ва ҳаққа яқин масалалардир. Илмий изланиш ва тадқиқотга яроқли мужтаҳид аксар уламоларга мухолиф фикр билдирса маломат қилинмайди. У чиқарган ҳукмни рад этиш, бирон кишини унга тақлид қилишдан ман қилиш жоиз эмас.

Жоҳил кимсанинг фатво бериши жоиз эмас. Унга тақлид қилиш мутлақо ҳаромдир. Мужтаҳид олим мавжуд бўлмаган тақдирда унинг ўрнини мавжуд энг савияли уламолар эгаллайдилар.

Муфтий оммани энг тўғри, ўртача фикрларга бошлаши, ғаройиб фикрлар ва ғалати фатволардан четланиши, савол сўраган кимсанинг ҳолати, урф-одати ва жамиятини инобатга олиши лозим. Муфтий соғлом фатво қоидалари ва йўналишларидан чиқмаган ҳолда, эҳтиёж доирасида, бирон мўътабар манфаатни кўзлаб, муаммога чек қўйиш, баҳоналарни олдини олиш ва шариат ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш учун масаладаги енгил ёки оғир фикрлар билан фатво бериши жоиз.

Ижтиҳод ўзгариши билан фатво ҳам ўзгаради. Шунингдек, ижтиҳод манбалари, унинг шаръий, ёки хоҳ илмий-технологик, хоҳ амалий бўлсин воқеий воситалари ўзгариши натижасида ҳам ижтиҳод ўзгаради. Қолаверса, урф-одат, эҳтиёж, куч ва имкониятлар ўзгариши ҳам фатво ўзгаришига сабаб бўлади. Кўпинча бу омиллар тўғрисида “замон ўзгариши” дея таъбир қилинади ва бу айни пайтда юз берган муайян воқеий масалада ҳукмнинг иллати бор ёки йўқлигини аниқлашга ҳам таъсир қилади.

Янги пайдо бўлган замонавий масалаларда фатво бериш услуби “нусус”лар (қуръон оятлари ва ҳадислар)га таянади ва уларни бошқа барча нарсадан устун қўяди. Айни дамда манфаатларга ҳам эътибор қаратиб, уларни назардан четда қолдирмайди. Бу услуб одамларга қийин қилиш учун сохта уринишларга қадам қўймаганидек, осонлаштириш мақсадида шариатга бепарво ҳам бўлмайди. Аксинча, бу услуб масалани пухта ўрганиш, унинг келиб чиқиши-негизини аниқлаш ва унга “васатия” йўли билан ёндашишга эътибор қаратади, шошма-шошарлик, юзакилик ва бир ёқламалик иллатларидан ўзини олиб қочади.

Аслида янги пайдо бўлган замонавий масалалар хусусида фатво чиқариш вазифаси жамоавий ижтиҳод муассаса ва ташкилотларига топширилиши лозим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган, хулофои рошидийнлар ва салафи солиҳлар йўлига таянган ҳолда бу муассасаларда шариат уламолари билан бир қаторда замонавий илм-фан мутахассислари ҳам аъзо бўлиши керак. Мужтаҳид муфтий фикрига қарши бу каби кенгаш фатвосини ҳужжат қилиш ярамайди. Негаки, кенгаш аъзолари бутун уламолар вакили бўлиш нари турсин, аксар уламолар вакили ҳам бўла олмайди. Устига устак, бу кенгашларда аксар ҳолатларда барча аъзолар иттифоқ қилмасдан кўпчилик овоз билан фатволар қабул қилинади.

Гарчи айрим фатволарида хато қилган бўлсада, фатвога яроқли олимни фатводан ман қилинмайди. Аксинча, унга хатосини баён қилиш вожиб, холос. Жоҳил, беҳаё ва енгилтак кимсаларни фатводан ман қилиш вожибдир.

Фатвога мутасадди бўлган киши ҳокимларнинг хоҳиш истакларига мослаб фатво бериши, зулм ва туғён мажлисларида иштирок этиши жоиз эмас. Борди-ю, онда-сонда, эҳтиёж туғилган пайтда бу мажлисларга бориб яхши сўзлар сўзласа зиёни йўқ. Бироқ, бундай мажлисларнинг фитна жиҳати устун. Фитнадан йироқ бўлиш ва саломат қолишга эса тенг келадиган нарса йўқ.

Фатвога яроқли муфтийлар шаънини таҳқирлаш динни таҳқирлашнинг бир туридир. Мусулмонни сўкиш фосиқлик. Солиҳ уламоларни ғийбат қилган, улар ҳақида ножўя гаплар қилган киши таъзир ва жазога тортилиши лозим.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш борасидаги асослар

Бизнинг эътиқодимиз, Аллоҳга даъват қилишнинг энг биринчи бошланғич нуқтаси Аллоҳга ихлос қилишдир. Зеро, ихлос даъватнинг руҳи, унинг муваффақияти калитидир. Шу боис, мухлис бўлмаганларга ғалаба, содиқ бўлмаганларга эса ҳукмронлик насиб қилмайди.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш чинакам ҳаёт ва нажот. Даъват энг афзал ва энг долзарб амаллардан. Даъват аҳли пайғамбарлар вазифасини бажарувчи анбиёлар ўринбосарлари. Шундай қилиб, улар энг кўп савобни қўлга киритувчи, энг мартабаси баланд инсонлардир.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш ўзгармас фарз, давомли ибодат. Даъват сабабли дин тикланади, мусулмонлар иззат-икром топадилар. Даъватнинг фарзлиги ҳар бир мусулмоннинг ҳолати ва имконияти даражасида бўлади.

Даъватчининг нияти – Раббисининг амрига бўйсуниш, пайғамбарининг йўл-йўриғидан ўрнак олиш, бир неча баробар кўпайиб борадиган ажру савобларни қозониш, юксак мартабаларни қўлга киритиш, динга ёрдам бериш, ер юзида ислом ҳукмронлиги сари интилиш ва ниҳоят оламлар Раббисининг розилигига эришишдир.

Даъват мавзуси – халойиқнинг сарвари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ислом динидан иборат. Бу мавзу одамларни ҳақ динга бошлаш, унинг рукнларини баён қилиш, асосларини еткизиш, мақсад ва ғояларини эслатиш, шариатларини танитиш ва ниҳоят унинг гўзал ва таҳсинга лойиқ томонларини кўрсатиб беришни ўз ичига олади.

Аллоҳнинг динига даъват қилиш даъват бошланган дастлабки ондан эътиборан оламшумул бўлган эди. Зеро, Аллоҳ таоло энг аввал нозил бўлган оятлардаёқ муқаддас китобининг оламшумуллиги тўғрисида шундай деган эди: “У (Қуръон бутун) оламлар учун эслатмадир” [Қалам: 52].

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даъватининг оламшумуллиги ҳақида эса Аллоҳ таоло шундай деди: “Биз сизни бутун инсонлар учун (улардан итоатгўй бандаларга жаннат) хушхабар(ини) берувчи ва (осий бандаларни дўзахдан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолда пайғамбар қилиб юбордик. Бироқ, кўпчилик одамлар билмайдилар” [Сабаъ: 28].

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин оламшумуллик тушунчаси саҳоба розиёллоҳу анҳумлар даъватида ҳам мустаҳкам ўрнашди. Ушбу тушунчани Рибъий ибн Омир қуйидаги тарзда эълон қилди: “Аллоҳ одамларни ўзлари каби бандаларга ибодат қилишдан бандалар Раббисига ибодат қилишга, дунё торлигидан дунё ва охират кенглигига, динлар жабр ва зулмидан ислом адолати сари чиқариш учун бизларни юборди”.

Даъватнинг оламшумуллигини таъкидлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган омиллардан бири ислом билан бутун куфр динлари ўртасидаги курашнинг оламшумуллигидир.

Оламшумул даъват токи чегара билмас, қатъий ва ўзгармас дин асосларига риоя қилган ҳолда мақбул ва жоиз ижтиҳод доирасини тор олмайдиган, восита, уюшма ва ташкилотлари оламшумуллик хусусиятига эга даъват бўлмас экан, бундай даъват бутун жаҳон миқёсидаги даъват бўла олмайди.

Даъват ва даъватчилар мақсад ва ғоялари мўминлар ўртасида динни тиклаш, уни одамларга тўла-тўкис еткизиш, тушунчаларни тўғрилаш, барча инсонларга тўғри динни баён қилиш, дин душманлари ва хоинлар йўлини фош қилиш, жоҳил кимсалар билан қайсар кимсалар ўртасини ажратиш ва ер юзида ислом ҳукмронлиги сари интилишдир.

Муваффақиятли даъват – мавзу ва соҳа жиҳатидан кенг қамровли бўлган, бутун инсониятга қаратилган, ҳар бир гуруҳ ва тоифага ўзига мос хитоб қиладиган, жамики инсонларга эзгулик раво кўрадиган, уларнинг ҳақ динларини ҳимоя қиладиган, дунёсини ислоҳ қиладиган, тараққиётини барпо қиладиган, моддий-маиший ҳаётларида фаровонликни таъминлайдиган, бошларига тушган ташвиш ва қийинчиликларни бартараф қиладиган даъватдир.

Даъватчилар ўзаро тўғри ва соғлом алоқа ўрнатадилар. Бу соғлом риштадан келиб чиқиб якдил ва бирдам бўладилар, тарқоқликка чек қўядилар. Ўзаро ораларида хуфёна ҳам, тинчлик-фаровонлик пайтларида ҳам панд-насиҳатлар қиладилар, шунингдек, ошкора ҳам, бошга кулфат тушган, ташвишли дамларда ҳам бир-бирларига таянч ва кўмакдош бўладилар. Улар шаръий манфаатлар билан партиявий манфаатларни фарқига борадилар, шаръий матлаблар билан шахсий матлаблар ўртасини ажратадилар. Бирон нарсага нисбатан муносабатларини ҳис-туйғулар билан эмас, балки шариат билан белгилайдилар, таҳсинга лойиқ муросаю-мадора билан манфур лаганбардорлик ва тилёғламалик ўртасини ажратадилар.

Аҳли суннатга мансуб бўлган даъватчининг сўзи амалига мувофиқ, ичи сиртига монанд бўлади. Зеро, раббоний даъват сўз билан хатти-ҳаракат ўртасидаги мукаммал уйғунликка асосланади. У сўзидан аввал амали билан ваъз қилади. Кўз қири фойда бермаганнинг гап-сўзи ҳам фойда бермас!

Қуръон ва ҳадисларда кўрсатилган даъват услуб ва воситаларининг жоиз эканлигида ҳеч қандай хилоф йўқ. Бироқ бу иккисида кўрсатилмаган услуб ва воситаларга келсак, улар ижтиҳод ва манфаатга асосланган услуб ва воситалардир. Бу хусусдаги асл қоида – уларнинг жоиз ва ҳалоллиги. Зеро, улар ақл маъносини идрок қилмайдиган, мағзини чақиш имкони бўлмаган муайян шариат кўрсатмасига муҳтож бўладиган тааббудий услуб-воситалар эмас.

Ва ниҳоят, даъват ва динни тўла-тўкис еткизишда бор куч ва имкониятларни сарфлаш анбиё ва расуллар, улардан кейин келган даъват арбоблари ва ислоҳотчилар даъватининг энг кўзга кўринган асос ва хусусиятидир.

Ер юзида ислом ҳукмронлигини ўрнатиш, динни тиклаш сари интилиш айрим дин аҳкомларини поғонама-поғона, босқичма-босқич татбиқ қилиш, одамларга енгиллатиш ва васатия услубига қарама-қарши келмайди. Шунингдек, даъватнинг кенг қамровлилиги динни босқичма-босқич татбиқ қилиш тушунчасига ҳам зид эмас.

Тарбия ва руҳни поклашдаги асослар

Бизнинг эътиқодимизча, набавий ахлоқ-одобларга эътибор бериш ва улар билан безанишга энг ҳақли инсонлар аҳли суннат ва жамоат даъватчиларидир. Зеро, гўзал ахлоқлар юксак қад кўтарган иймон дарахтининг муборак самараси, қолаверса, халойиқнинг Раббисига бандачилик қилиш дея аталмиш зоҳир “тана”нинг бевосита “шох”идир. Бинобарин, гўзал ахлоқлар зоҳир билан ботин ўртасидаги ўйқашлик, сўз билан амал ўртасидаги уйғунлик гавҳарининг нафис кўринишидир.

Ахлоқий тарбия ва руҳни поклаш пайғамбарлар вазифаси, ислоҳотчилар ва Аллоҳ дўстлари тутган йўл. У фитналардан сақловчи қалқон, замон бузуқликларидан асровчи тўсиқ ва заминда ислом ҳукмронлиги сари элтувчи йўл. Инсоният муаммоларини бартараф этувчи ечим ислом бўлса, исломий даъват мушкулотларининг ечими тарбиядир.

Умуман олганда, тарбия ва руҳни поклаш улкан ва муҳим асос ҳисобланиб, усиз бирон ўзгариш юз бериши, бирон даъват муваффақият қозониши амри маҳол. Тарбия ва руҳни поклаш ишининг чеки йўқ, унга барча: каттаю-кичик, уламою-авомлар муҳтождирлар.

Тарбия услуби Аллоҳ билан банда ўртасида мустаҳкам алоқани рўёбга чиқарадиган раббонийлик тариқасига асосланиб, бу тариқа фарзларни адо этиш, ҳаромдан четланиш, давомли зикр қилиш, шукрга эътибор бериш, сабр-матонатли бўлиш, тунда намоз ўқиш билан роҳатланиш, рўза тутиб лаззатланишда ўз аксини топади.

Тарбия ва руҳни поклаш тариқаси – шакл ва мазмун жиҳатидан кундалик юриш-туришда шариат кўрсатмаларига мувофиқ келиш, ҳар бир ишга амалий ва ижобий ёндашган ҳолда, икки салбий оқим: бирон нарсага ўта ортиқча ёндашиш ёки аксинча, керагича ёндашмай сусткашлик қилиш ўртасидаги “васатийя” йўлидан боришга асосланади.

Аҳли суннат даъватчилари тарбиянинг бўш ва заифлиги, мазмун қолиб фақат шаклга эътибор қаратиш ёки ботиннинг қаровсиз қолиши ҳисобига зоҳирга урғу бериш ёхуд тарбия турлари ўртасида мувозанат йўқолиши, ё бўлмасам унинг айрим жиҳатларини ташлаб қўйишдан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Онг-идроклилик ва зийракликдаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда, Аллоҳнинг динига даъват қилувчилар жамият ва шахсларни ўнглашни кўзда тутар эканлар ўзлари яшаб турган воқеликни тўла идрок этмай, унинг алоқалари, воқеа-ҳодисаларини мукаммал ўзлаштирмай, бу борада узоқни кўра оладиган, зийрак дунёқараш пайдо қилмай иложи йўқ. Шунингдек, шаръий ҳукмни билиш, унга элтувчи воситаларни таҳсил олиш, ундан фойдаланиш ва келтириб чиқариш йўлларини билиш ҳам зарур.

Воқеликни яхши англаш ўз ўрнида жамиятларга таъсир этувчи омиллар, ҳукуматлар ва фикр — ғоялар устидан ҳукмронлик қилувчи кучлар, умматга қарши қаратилган ҳийла-найранглар, душман ва хоинлар кирдикорларини фош қилиш ва даъватни уларнинг макридан ҳимоя қилишнинг шаръий йўллари хусусида изланишни тақозо қилади.

Даъватчиларнинг ўзлари яшаб турган жамиятлар, ундаги муаммолар, бу муаммолар билан қай тарзда муомала қилиш кераклиги ва уларни бартараф қилиш услублари тўғрисида ишончли ва равшан маълумот ва режага эга эканлиги жамиятлардаги тартибсизлик ва палапартишликнинг олдини олади. Зеро, кимда ким халойиқ яшаб турган воқеликни ва ҳақ йўлидаги вожиб вазифа нима эканини билмас экан Аллоҳнинг бандаларига тегишли аҳкомларини ҳам билмайди. Агар буни билмаса айтган сўзи ҳам, қилган амали ҳам жаҳолатга асосланган бўлади. Кимда ким илмсиз Аллоҳга ибодат қилса бузгани тузганидан кўпроқ бўлади. Шак-шубҳасиз, шариат воқелик устидан ҳукмрондир. Эгри воқеликни шаръий йўл билан ижобий томонга ўзгартириш – бу даъват ғоясидир.

Воқеликни яхши англаш, унинг аҳамиятини билиш қуйидаги самараларни келтириб чиқаради: душман ва хоинлар йўлини аниқлаш, йўлдан озган тоифа ва оқимлар тариқаларини фош қилиш, баъзан ошкора, гоҳида имо-ишора билан уларга бўлган ишончни соқит қилиш. Бу ўз ўрнида уммат онг-идрокини юксалтиради, ундан манфур “кўпиклик” иллатини кеткизиб, мақтовга сазовор шаръий “яхши уммат” васфини рўёбга чиқаради.

Воқеликни тушуниш, юз бераётган ҳодисаларни чуқур идрок қилиш бўлажак воқеа ва ҳодисаларни олдиндан тахмин қилиш, кундалик ҳаётдаги янгиликлар ва даъватнинг талаб ва эҳтиёжлари билан тез ва ижобий киришувчанлик имконини яратади.

Бу асоснинг хавотирли томонларидан бири ташқи қалбаки кўринишлар билан алданиб, масалага шаръий асос ва қоидалар нуқтаи назаридан ёндашишни унутиб қўйишликдир. Шунингдек, Аллоҳнинг динига даъватни ўзининг асл йўналишидан буриб, унга сиёсий ёхуд партиявий тус бериш, ёки оммада керакли савияда онг-идрок йўқлигини баҳона қилиб умматдан ажралиб қолиш ёки душманларнинг умматга қарши уюштираётган фитналари қаршисида батамом таслим бўлиш, ё бўлмасам воқелик босимига доимий бўйсуниш ёки аксинча, бу босимларни мутлақ инобатга олмаслик ва менсимаслик.

Бирлик ва ҳамжиҳатликдаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда мусулмонлар ягона уммат, аҳли суннат даъватчилари якдил тоифадир. Уларнинг бирлиги асоси китоб ва суннатни маҳкам тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш атрофида бирлашиш, ўзаро биродарлик борасида содиқ бўлиш, хато-камчиликлардан кўз юмиш ва бехосдан содир бўлган хато-камчиликларни кечириб юборишдир.

Дарҳақиқат, умуман олганда мусулмонлар ўртасида ва айниқса, аҳли суннат даъватчилари ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни рўёбга чиқариш, тарқоқлик ва ихтилофга чек қўйиш диннинг энг муҳим мақсадлари ва умумий қонун-қоидаларидан биридир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва бўлинмангиз!” [Оли Имрон: 103], “Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар сиздан эмас ва сиз уларга жавобгар ҳам эмассиз” [Анъом: 159].

Бирон бир умумий бидъатга доир асос устида бирлашган ёхуд улар тутган йўлда бир умумий асос ўрнида турадиган даражада бидъатлар кўпайган ҳар қандай тоифа аҳли суннат доирасидан чиқади. Шундан келиб чиққан ҳолда, шариатда манзур бўлмаган бирор бир лақаб билан машҳур бўлган ёки бирон бир бидъатга оид дастур билан танилган ҳар қандай кимса суннат ва унинг аҳлидан эмас. Бундай жамоат ва кишилар сирасига бидъатчилар, мунофиқлар, алмонийлар (яъни, “дин давлатдан ажралган” деган ғоя тарафдорлари), ғарбпарастлар ва ақлпарастлар (яъни барча нарсага ақл ҳукми билан ёндашадиган оқим) каби адашган тоифалар кирадилар. Замонавий даъват фаолиятлари фақат хайрия жамиятлари ёхуд фиқҳий мадрасалардан иборат бўлибгина қолмай, айни пайтда шариат устиворлигини таъминлаш учун саъй-ҳаракат қилаётган, жамиятларда ўзгариш ясашга интилаётган фаолиятлар ҳамдир. Бунинг учун бу фаолиятлар оломон ичига кириши, таҳликали ишларга қўл уриши лозимки, бу ўз навбатида муҳим ишларда ўзаро маслаҳат ва келишилган ҳолда иш юритиш, шунингдек, янги пайдо бўлган масалаларда изланиш ва ҳамкорликни талаб қилади.

Даъват майдонидаги ички ва ташқи ғовлар ва уларни бартараф этиш учун қилиниши лозим бўлган вазифаларга қарасак, аҳли суннат ва жамоат даъватчилари ўртасидаги исломий бирлик замонамизнинг энг долзарб вазифаси экани яққол маълум бўлади. Кўзда тутилган бу бирликка элтувчи йўл илм ва амалда динни жамлаш, бирликнинг натижаси эса дунёдаги азизлик, устиворлик ва ҳукмронлик ҳамда охиратдаги ютуқ ва нажотдир.

Кўзда тутилган бирликдан мақсад бир жамоатнинг бошқа бир жамоат ичига сингиб кетиши ёхуд бир тоифанинг бошқа бир тоифа ҳисобига тарқалиб кетиши эмас, балки умумий тарзда аҳли суннат асослари, хусусан соғлом эътиқод устида бирлашишдир. Даъват асослари устида бирлашиш, илмий ва амалий равишда бу асосларни қабул қилиш ва ягона исломий оқим ташкил қилиб унга мансуб бўлиш, бирон бир партия ёки муайян шахсий даъват байроғи остида бирлашишдан муваффақиятлироқ ва аҳли суннатга мансуб даъватчи тоифалар ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамловчироқдир.

Аҳли суннат ва жамоат ўзининг даъватчи тоифалари, илмий ва амалий етакчи-раҳбарлари билан биргаликда бирлашишининг натижалари ва ижобий томонларидан бири – “Аҳлул ҳалли вал ақд”, яъни оқсоқоллар кенгашининг келиб чиқишидир. Бу шундай кенгашки, умматга тааллуқли умумий масалалар хусусида фикр юритиш, даъват майдонидаги кўпжамоатлилик масаласига бўлган муносабатни тўғрилаш, даъватчилар ўртасидаги мавҳум тўсиқларни бартараф этиш ва турли фитна ва мишмиш тарқатувчи кимсалар йўлини тўсиш каби ишлар унга ҳавола қилинади.

Бирлик дастури, иттифоқ ва ҳамжиҳатлик асоси – ҳар қандай бобда суннат асослари устида бирлашиш, хоҳ фиқҳга оид, хоҳ эътиқодга оид иккинчи даражали масалаларда ихтилофлашилган ўринларда ўзаро бир-бирларини маъзур тутиш ва кечиримли бўлишдир.

Юқорида ўтган сўзлардан келиб чиқиб, иккинчи даражали масалалар хусусида ўзаро ички тортишувларга киришдан четланиш лозим. Негаки, бундай тортишувлар умматнинг куч ва имкониятларини беҳуда сарф этилишига ва оммани даъват аҳлидан тўсилиб қолишига сабабчи бўлади.

Ваниҳоят, уламолар ва даъватчилардан иборат оқсоқоллар кенгашининг бир ёқадан бош чиқариб иш юритиши шаръий матлабдир. Бу кенгашнинг бирлиги умматни танг ҳолатдан чиқиши учун ечим, фитналардан нажотдир. Қолаверса, бу кенгаш йўқотилган фарз ва вожибларни тиклаш, тортиб олинган эркинлик ва муқаддас қадриятларни ўрнига қайтариш учун восита ва муқаддима вазифасини бажаради. Бу борадаги шариат қоидаси: “Вожибни амалга ошишига элтувчи воситаларни рўёбга чиқариш ҳам вожибдир”.

Ихтилоф фиқҳи

Бизнинг эътиқодимизда, умматда ихтилоф ва келишмовчиликлар содир бўлиши тақдирда ёзилган ҳақиқат бўлиб, бундай ихтилофлардан огоҳ этиладиган–қораланадигани ва ундан бошқа турлари мавжуд.

Ихтилофга элтувчи сабаблардан четланиш, унинг одоб ва аҳкомларига риоя қилиш орқали ихтилоф доирасини торайтириш шаръий бурч ва Аллоҳ рози бўлган ибодатдир.

Ихтилоф моҳияти жиҳатидан икки турга: хилма-хиллик ихтилофи ва қарама-қаршилик ихтилофига бўлинади.

Хилма-хиллик ихтилофи ундаги фикрлар ўртасида зиддият, лафзлар далолатида қарама-қаршилик бўлмай, балки бу фикрларнинг барчаси ҳақ ва жоиз бўлган ихтилофдир. Бунга Қуръондаги қироат турлари, зикрлар, танлаш ихтиёри берилган каффорат турлари …ва бошқа намоз ўқилиш тартибидаги каби ибодатлардаги хилма-хил бўлиши мумкин бўлган сифат ва шакллардаги ихтилоф мисол бўлади.

Аҳли суннат даъватчи тоифалари ўртасида амалий қизиқишлар, воқеий йўналишларда хилма-хиллик мавжуд. Агар олим ва даъватчилар ижтиҳодда тўғри йўл тутсалар, даъват тоифалари ўртасида ҳам тўғри алоқалар ўрнатилса бу хилма-хиллик ислом динининг кенг қамровлилик хусусиятини рўёбга чиқаради ва ҳар бир тоифа бошқасидаги бўшлиқни тўлдириши сабаб ўзаро такомиллашувга олиб боради.

Бу турдаги хилофлар қарши фикр билдирган томонни адашган ва бидъатчига чиқариш нари турсин, ўзаро узоқлашиш ва алоқаларни ўзишга олиб боришга ҳам ярамайди.

Аксинча, бундай ихтилофлардан самарали фойдаланиш зарур; Чунки, унга чинакам шаръий нуқтаи назардан ёндашилса, бундай хилофлар ўзаро такомиллашув ва бирдамлик гарови экани маълум бўлади. Негаки, барчанинг фикри тўғридир.

Қарама-қаршилик ихтилофи шундай ихтилофки, ундаги фикрлар ўртасида зиддият, мазмун ва моҳиятлар ўртасида қарама-қаршилик юза келади. Оқибатда, бу фикрлар ўртасини мувофиқлаштириш имкони бўлмайди. Балки, ягона йўл – улардан бирини устун билиб ихтиёр қилиш. Негаки, бу ихтилофдаги тўғри фикр ягонадир. Бундай ихтилоф икки қисмдан иборат: жоиз ва ўринли, ножоиз ва ўринсиз ихтилоф. Қарама-қаршилик ихтилофидан бўлмиш ножоиз ва ўринсиз ихтилоф нажот топувчи фирқанинг дастурига зид бўлган асослар ва умумий қоидалар устида жамоатлашишдан келиб чиққан эътиқодий ва фиқҳий асослардаги ихтилофдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, мусулмонлар билан ғайри мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар, фирқалар билан бўлган ихтилофлар ва хоҳ эътиқодий, хоҳ маслакий соҳада бўлсин бидъат йўналиш эгалари билан бўлган ихтилофлар ушбу ихтилофлар туркумига киради. Ушбу ихтилоф сабаблари кўп; жумладан: далил ва исбот олиш борасида янги манбаларни ихтиро қилиш, тўғри йўлдан озганлар ва ғайри мусулмонларнинг дастур ва маданиятларидан таъсирланиш, жаҳолат, мутаассиблик ҳамда ҳаво ва муташобиҳ оят ва ҳадисларга эргашиш, салафи солиҳларнинг йўлидан юз ўгириш, нақл – оят ва ҳадислар рўпарасида ақлнинг ролини улуғлаш, зулм ва тажовузкорлик, ўзига бино қўйиш ва дунёга ҳирс қўйиш.

Аҳли суннат бундай хилоф қилган кишилар тутган йўлларини инкор қилар экан, гоҳида дўқ-пўписа ва дағал муомала қилиб улар билан алоқани узадилар, баъзан холисона ваъз-насиҳат қилиб муроса билан яхши муомала кўрсатадилар. Бунинг боиси асли бидъат даражаларидаги тафовут ва бидъатчиларнинг ҳолати ҳам хилма-хиллигидир. Ушбу фарқли муомала ортидан кўзланган мақсад манфаатларни юзага чиқариш ва тўлдириш, фасод ва бузуқликларни кеткизиш ва озайтиришдир. Умуман олганда, бу турли ихтилоф бор жойда бирлашиб бўлмайди ва унга енгил қараш ва хаспўшлаш ҳам ярамайди. Қарама-қаршилик ихтилофидан бўлмиш ножоиз ва ўринсиз ихтилофлардан яна бири – хато ва камчиликлар ўрнида ҳисобланган фиқҳий-амалий масалалардаги ихтилофлар. Уламоларнинг хато-камчиликларига эргашиш ва бу хатоликларда уларнинг изидан боришдан огоҳ бўлинмоғи керак. Шунингдек, уларни буткул обрўсизлантириш ёки аксинча, уларни хатодан холи эканини даъво қилишдан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим.

Қарама-қаршилик ихтилофидан бўлмиш жоиз ва ўринли ихтилофга келсак, бундай ихтилофлар фиқҳ ва ақидага оид иккинчи даражали ижтиҳодий масалалардаги ихтилофлардир. Бундай ихтилофлар фиқҳга оид иккинчи даражали масалаларда кўпроқ, ақидага оид иккинчи даражали масалаларда эса кам учрайди.

Бу ихтилофга доир масалаларни кўрсатиб берувчи қоида шундан иборатки, бу масалалар саҳиҳ ва очиқ нақлий далил келмаган ёки уламолар ижмоси бўлмаган масалалардир.

Ўринли зиддиятли ихтилофларнинг сабаблари кўп. Бу сабаблардан шариат ва унинг нусусларига, араб тили ва ундаги сўзларнинг далолатига тааллуқли бўлгани, шунингдек, ижтиҳод қоидаларига, айрим далилларнинг ҳужжат ёки ҳужжат эмаслигидаги ихтилофга боғлиқ бўлгани, мужтаҳид олимларнинг идрок даражаси, барча нусусларни ўрганиб чиқиш ва уларни тушунишдаги даражаси турли хил бўлгани ҳолда бирон бир масаладаги манфаат ва зарарларни ўлчаш ва тахмин қилиш, улардан келиб чиқадиган оқибатларни қай даражада инобатга олиш хусусидаги ихтилофга алоқадор бўлганлари бор.

Бу турли ихтилофни йўқотиш ва бартараф этишнинг имкони йўқ. Шунингдек, мужтаҳид олим ёки тақлидчи авом бўлишидан қатъий назар бундай ихтилофларда мухолиф томонни гуноҳкорга чиқариш ҳам дуруст эмас. Баъзан устивор шаръий манфаатни кўзлаб ундан кўра устун ва афзал бошқа фикрлар мавжуд бўлган маржуҳ қарашларни қўллаш ҳам жоиздир. Бундай ихтилофлар у ҳақда “кенглик ва қулайлик манбаи” деб аталмиш ихтилофлар туркумидандир.

Бундай ихтилофларда эътироз билдиришнинг ягона йўли ҳақни далили ва иллати билан баён қилишдир. Қолаверса, бундай ихтилофларни тўғри қабул қилиш лозим. Негаки, бу ихтилофлар олдин ҳам бўлган ва олдингиларга мумкин ва жоиз бўлган иш кейингиларга ҳам мумкин ва жоиз бўлиши керак! Ихтилофлашиш фиқҳи ва одобини йўлга қўйиш, бошқаларни фикрига тўсқинлик қилиш ва ўз фикрини ўтказишга уринишдан сақланиш орқали ихтилофни тартибга солиш зарур.

Бундай масалалардаги муайян фикрни шунчаки кўнгил тусаши ёки кўзда тутилган мақсадга мослиги сабаб ёхуд унинг енгиллигига учиб устун қилиш жоиз эмас. Мужтаҳид олимга оят ва ҳадислардан олинган далил билан ҳақлиги зоҳир бўлган масалалар бу масалалардан ҳисобланмайди. “Уламолар шунга ижмо қилишганки, агар мужтаҳидга расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон суннат борлиги аниқ маълум бўлса ҳеч кимни гапи учун бу суннатни тарк қилиши жоиз эмас”.

Дарҳақиқат, саҳобалар ибодатлардаги масалалар сингари ўзаро ихтилофлашган масалаларда ҳар бир гуруҳ ўз ижтиҳодининг хулосасига амал қилишига иттифоқ қилган эдилар. Улар илмий-эътиқодий масалаларда ҳам ихтилофлашганлар. Бу масалалар ичида икки фикрдан бири қатъий хато бўлгани, шунингдек, улар ичида ҳақни топгани аслида салафи солиҳлар издошлари бўлмиш аксар уламолар наздида биттаси бўлиб, бошқалари илм-идрок даражасига қараб зиммасидаги вазифани адо қилганлари бор.

Умуман олганда, хилофий масалаларда риоя қилиш лозим бўлган илмий дастур аввало мухолифнинг фикрини ўрганиш, бу фикрнинг унга мансуб эканини аниқлаш, келишмовчилик ўрни ва ихтилоф сабабини аниқ тадқиқ қилиш, ҳар бир фикрнинг далили ва унинг далолат қилиш жиҳати, бу далилга билдирилган эътирозлар ва далил эгаларининг бу эътирозларга берган раддияларини билишдан бошланиб, шундан кейин таржиҳ қилиш қоидаларини ишга солиш, ва ниҳоят, амалда ихтилоф одоб-ахлоқига риоя қилиш ва инсоф доирасидан чиқмаслик зарур.

Ҳоким билан унинг ҳукми остидагилар ўртасидаги алоқа асослари

Халифалик динни қўриқлаш ва дунёни бошқариш ишида пайғамбарларга ўринбосарлик қилиш учун уммат билан халифалар ўртасида тузилган битимдир.

Халифа ўрнатиш китоб, суннат ва аҳли суннат ижмоси билан маълум бўлган фарзи кифоядир.

Халифалик “аҳлул ҳалли вал ақд”, яъни амирлар, уламолар, қўмондонлар ва бошқа нуфузли кишилар байъати ёки собиқ халифа тавсияси билан тасдиқланади. Кимда ким зўравонлик йўли билан ҳокимиятни эгаллаб барча унинг халифалигига иттифоқ қилса, бундай кишининг халифалиги ҳам тасдиқланади ва шариат доирасида унга итоат этиш вожиб бўлади.

Агар воқеликда халифа йўқлиги ёки халифа бўлсада шариат талабига жавоб берадигани йўқлиги сабаб бирон макон ёки замон халифадан бўшаб қолса, у ҳолда бошқарув иши уммат ичидаги “аҳлул ҳалли вал ақд”, яъни амирлар, уламолар, қўмондонлар ва бошқа нуфузли кишиларга ҳавола қилинади. Ҳақ устида бирлашиш, суннатга мувофиқ иш тутиш, динда тарқоқликка чек қўйиш ва уммат ичида фарзларни жорий қилиш учун саъй-ҳаракат қилиш лозимдир.

Умматнинг халифалар зиммасидаги ҳаққи – амри-маъруф ва наҳй-мункар қилиш, жиҳод байроқларини ёйиш, закот ва садақаларни йиғиш, етук ва лаёқатли мутахассисларни танлашда омонатга риоя қилиш ва келишмовчиликларда ажрим қилиш борасида адолатни рўёбга чиқариш учун ислом шариатини татбиқ қилиш, ақидасини асраб-авайлаш, ҳудудини ҳимоя қилиш, ибодат кўриниш ва анъаналарига эътибор қаратиш, ислом давлатининг чегаралари ва унинг бирлигини ҳимоя қилишдир.

Гуноҳ ёки зулм бўлмаган ҳар қандай осон ва қийин, кўнгил тусаган ва тусамаган ишларда, ҳар қандай тоат-ибодат ва шариатда бор мубоҳ ишларда шаръий халифаларга қулоқ солиш ва итоат этиш умматнинг бурчидир.

Халифалар хато қилса насиҳат қилиш, тўғри иш қилса ёрдам бериш уммат зиммасидаги бурчдир. Халифанинг бехосдан содир этган майда камчиликлари кечириб юборилади, унинг обрўсизланишига олиб борадиган, ўзгаларга бевосита таъсир ўтказмайдиган гуноҳлари фош қилинмайди ва унинг қўлидаги мол-дунёга интилинмайди. Аллоҳдан унинг ҳаққига эзгулик, инсоф ва ўз вазифасини бажаришида муваффақият сўраб дуо қилинади. Бундан бошқа ишларда халифанинг оддий мусулмондан фарқи бўлмай, фарз ва суннат, тоат ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром ва бошқа ҳукмлар сингари оддий мусулмонга тааллуқли барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар халифага ҳам тааллуқли бўлади.

Модомики халифа мусулмон бўлиб, Аллоҳнинг китоби ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати асосида ҳукм юритаётган бўлса унга қарши чиқиш ҳаромдир. Гарчи халойиққа зулм ва жавр қилса ҳам халифага қарши сабр қилинади. Гарчи зулм ва фосиқлик қилса ҳам у билан ҳаж ва жиҳодга чиқилади. Гарчи белларни савалаб, бойликларни ўзиники қилиб олса ҳам унинг жамоатидан ажраб чиқилмайди.

Халифалик рукнларидан бири: халифанинг йўқолиши ёки буткул шариатни четлатиб ўрнига бошқа қонунлар жорий қилиши ёки халифанинг ақлдан озиши ёхуд муртад бўлиши сингари халифалик шартларидан бирининг йўқолиши сабаб халифалик битими бузилади.

Битим бузилишидан халифанинг кофирлиги келиб чиқмай, балки халифалик ўзининг шаръий асосини йўқотади. Бу дегани амалда унга қарши уруш очиш дегани эмас. Негаки, халифага қарши жанг қилишнинг ўзига хос шартлари мавжуд бўлиб, бу шартлар юзага чиқиши лозим. Акс ҳолда, бундай қуролли ҳаракатлар одамлар ҳаёти ва мол-мулкини хатарга қўйиши мумкин. Шундай экан, ҳар бир хатти-ҳаракат шариат доирасида бўлиши, умматга зиён келтирмаслик, қуролли ҳаракатларни фақат ислом душманларига қаратиш лозим. Душманга қарши жанг қилинар экан, долзарб ва муҳим вазифалар навбати тўғри тартибланиши, кўтарилган байроқлар кимнинг томонида туриб жанг қилинаёганини ошкора ифода этиши, дин ва мусулмонлар жамоасига нисбатан соғлом садоқат бўлиши, динни эъзозланиши билан жанг қилиш ортидан кўзланган манфаат рўёбга чиқиши ва ниҳоят, ожиз ва заиф мусулмонлар ҳимоя қилиниши лозим.

Бу ишларнинг барчасини аниқлаш ва баҳолаш малакали олимлар ва уларнинг сўзига итоат этадиган таъсир кучига эга бўлган нуфузли шахсларга топширилиши лозим.

Шундай йўл тутилиши имкон қадар хатога йўл қўмаслик, хотиржамлик, тартиб-интизом ва жамиятларнинг кучли ва жипс бўлишини келтириб чиқаради.

Эҳтисоб (назоратчилик) борасидаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда, амри-маъруф ва наҳй-мункар қилиш даъватнинг доимий жиҳоди ва усиз дин қад кўтармайдиган даъватнинг вазифасидир. Шунингдек, амри-маъруф ва наҳй-мункарсиз динни маҳкам тутиш ҳам, мўминлар ўртасидаги дўстлик тўла рўёбга чиқиши ҳам амри маҳолдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан тўхтатадилар” [Тавба: 71].

Амри-маъруф ва наҳй-мункар қилиш муқаддас қадриятларни асраб-авайлаш ва жамиятлар барқарорлигининг гаровидир. Шунингдек, бу вазифани тўғри шаклда бажариш сабабидан ислом уммати “энг яхши уммат” васфига ҳақли бўлди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалларга буюрасизлар, ёмон амаллардан қайтарасизлар ва Аллоҳга иймон келтирасизлар” [Оли Имрон: 110].

Эҳтисоб вазифасини бажариш фарзи кифоядир. Айрим ўринларда фарзи айн ҳам бўлади. Эҳтисоб кечиктириб бўлмайдиган, дарҳол бажариладиган вожиблардан. Махфиёна суриштирмаса ҳам муҳтасибга зоҳир бўлиб турган, ижтиҳодсиз ҳам унинг ножўя амал экани маълум бўлган мавжуд мункарни олдини олиш муҳтасибга вожибдир. Бу мункарни ундан кўра каттароқ зиёнга олиб бормайдиган ёки уни кеткизиш ортидан келадиган манфаатданда каттароқ манфаатнинг йўлини тўсмайдиган услуб билан бартараф этиш қатъий лозимдир. Албатта, эҳтисоб вазифасини зийрак онг ва билим билан амалга ошириш зарур.

Бидъатлар худди гуноҳ ишлар каби, балки унданда қаттиқроқ инкор этилиши лозим. Бидъатлар даражасининг хилма-хиллиги, шунингдек, замон ва маконнинг ҳолати ва аҳли суннатнинг имконият доирасига биноан инкор даражаси ҳам ўзгаради.

Қалб билан инкор этиш мутлақ вожибдир. Ундан бошқа аъзолар билан инкор этиш эса имконият ва инкор ортидан келадиган манфаат даражасига боғлиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, ожизлик ва муҳаққақ зиён хавфи мавжуд бўлган пайтда амри-маъруф ва наҳй-мункар қилиш соқит бўлади. Амри-маъруф ва наҳй-мункар қилиш ҳар бир мусулмонга вожиб бўлгани боис, жамиятдаги ножўя ҳолатларни ўзгартиш масъулияти ҳар бир мункар иш ва унинг миқдори ҳамда ҳар бир инкор этувчи шахс, унинг қудрати ва ваколатига қараб белгиланади.

Бир қанча манфаат ва зарарлар йиғилиб қолиб, манфаатларни ҳосил қилиш билан зарарларни бартараф этиш ўртасида зиддият пайдо бўлса, пок шариат мезонидан келиб чиқиб улар иккисидан бири устун қилинади. Албатта, бу вазифа билим, онг-идрок, омонат ва тақво бобида ишончли саналган уламоларга топширилади.

Муҳтасибнинг билимли, ҳалим, юмшоқ, ҳикматли, сабрли, инкор қилишда поғонама-поғона иш тутиши, инкор услубида моҳир бўлиши, қониқтирувчи далиллар келтира олиши, узоқни кўра биладиган, ўзига ишонган ва ишига пухта бўлиши талаб қилинади.

Муҳтасиб мункарни инкор қилар экан, аввало уни қалби билан инкор этиши, сўнгра одамларга унинг мункар эканини танитиши, ундан сўнг панд-насиҳат қилиб мункарга қўл уриш оқибатидан чўчитиши, сўнгра дағал сўзлар билан жеркиб дашном бериши, шундан кейингина куч ишлатиб инкор этиши лозим. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусулмонлар заиф ва ғариб бўлган замонларда мункарни куч ишлатиб ўзгартириш кўпинча оммани даъватчиларга қарши қўзғатиш ва сафарбар қилиш, даъват масаласига ёппасига халал бериш, даъват соҳасида фаолият кўрсатувчи шахсларга тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик қилиш учун баҳоналар пайдо қилиш, тарбия ва даъватни еткизиш ҳисобига турли тўқнашувлар йўлида куч ва имкониятларни зое қилишга сабабчи бўлади.

Шубҳасиз, бугунги кунда даъватнинг одамлар билан илиқ муносабатда бўлиш, муросаю-мадора қилиш, тушунчаларни тузатиш ва тўғри даъватнинг кенг кўламда ёйилишига бўлган эҳтиёжи каттадир. Шунингдек, катта ва жиддий мункар ишларни инкор этишга ундовчи сабаб айниқса ўта аҳамиятлидир.

Куч ишлатиб инкор қилиш учун қудрат бўлиши, куч ишлатмасдан мункарни кеткизиш имкони бўлмаслиги, мункарни содир этган кишининг ўз қўли билан кеткизиш имкони бўлмаслиги, мункарни инкор қилиш ундан кўра каттароқ фитна ёки зиён ёки мункарга олиб бормаслиги ва ошириб юбормасдан эҳтиёж миқдорида куч ишлатиш шарт қилинади.

Мункарни кеткизиш ёки уни озайтириш шариатда талаб қилинган иш. Мункар миқдорича маъруфни кетиши ёки шунча миқдордаги бошқа бир мункарни ҳосил бўлиши орқали мункарни кеткизиш ижтиҳод ва фикрдан келиб чиқиб ёндашиладиган масаладир. Мункар кетиб ўрнига унданда каттароқ мункарни келиши ёки унданда каттароқ маъруфни йўқолиши шариатда ножоиздир.

Мункар нарсаларни кўплигига қараб турли-туман матбуот ва таъсир ўтказиш воситалари сингари инкор қилиш ва ўзгартириш услублари ҳам, панд-насиҳат ва таъбир қилиш соҳа ва механизмлари ҳам кўпайиб, хилма-хиллашиб бораверади.

Жиҳоддаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда, Аллоҳ йўлидаги жиҳод исломдаги энг юксак мартабали амал, дунё ва охиратдаги энг фойдали тижоратдир. Жиҳод жаннатга очиладиган эшикларнинг энг каттаси ва мужоҳид халойиқнинг энг сараларидан ҳисобланади. У бамисоли ҳеч чарчамай ва зерикмай рўза тутаётган, Аллоҳнинг оятларини ўқиб астойдил ибодат қилаётган одам кабидир.

Жиҳоддан кўзланган мақсад—одамларни ҳақ динга бошлаш, инсониятни Ягона Ҳоким зотгагина қул қилиш, уларни бандаларга ибодат қилишдан озод этиб бандаларнинг Раббисига ибодат қилишга олиб чиқишдир.

Жиҳоднинг барча самаралари олийдир: у даъватчиларнинг ҳаракатлари учун йўл очади, муқаддас заминларни озод қилиш, шариат ҳукмронлигини ўрнатиш, ислом давлатини қуришга эришиш, мўъминларни поклаш ҳамда уларнинг даражаларини юксалтириш, мунофиқларни шарманда қилиб, уларнинг ифлосликларидан мўминлар сафини тозалаш каби мақсадлар учун йўл ҳозирлайди. Унинг ғояси икки гўзал нарса: ғалаба ёки шаҳидликдан бирига эришиш.

Жиҳоднинг умумий маъноси — динга ёрдам бериш йўлида бутун куч-қувват, бор имкониятни ишга солиб, қилич ва қурол билан, ҳужжат ва баён билан ҳамда даъват, амри маъруф ва наҳй-мункар қилиш билан ҳаракат қилишдир. “Жиҳоднинг энг афзали золим ҳукмдор олдида айтилган ҳақ сўздир”.

Ислом даъватчилари шуни эътиқод қиладиларки, жиҳод молу жон билан қиёмат кунига қадар давом этади. Уни инкор қилиш динда яққол маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Жиҳодни мансух бўлган дейиш ёки уни фақат сўз билан қилинадиган жиҳодгагина чеклаш динда пайдо бўлган бидъат ва залолат, воқеликни яхши англамаслик ва жаҳолат, калтафаҳмлик ва эсипастликдир.

Борди-ю, жиҳод қилишдан тўхталиб турилган бўлса, бу жиҳод қилишдан ожизлик миқдорича бўлиб, айни вақтда жиҳодга тайёргарлик кўриш, оламни фисқу — фасоддан тозалаш, бандалардан фитнани даф қилиш учун лозим барча воситалар ишга солинади.

Аллоҳ Таоло айтади: Улар билан то фитна йўқ бўлгунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилинг[Анфол: 39].

Жиҳоддан кўзланган мақсадлардан яна бири босқинчиларнинг тажовузини қайтариш, дин душманларига қўрқув солиш ва мусулмонлар давлатини кучлантиришдир. Аллоҳ Таоло айтади: “Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни яхши кўрмайди[Бақара: 190]. Юқорида айтиб ўтилганга кўра, демак, жиҳод икки қисм: мудофаа ва ҳужум жиҳодига бўлинади.

Жиход борасидаги тамал қоида унинг фарзи кифоялигидир. Лекин гоҳида мусулмон раҳбар бирон кишига айнан буюрса, бирон маҳалла аҳлини жиҳодга сафарбар қилса ёки жанг бошланиб сафлар тўқнашса ёхуд мусулмон асирларни озод қилиш керак бўлган ҳолатларда жиҳод фарзи айнга айланади.

Фарзи кифоя бўлган жиҳод учун “вожиб” ёки “мустаҳаб” бўлган ҳар икки ҳолатда ҳам шаръий ҳокимнинг изни шарт қилинади. Агар шаръий ҳоким бўлмаса, “аҳлул ҳалли вал ақд”нинг изни талаб қилинади. Ундан ташқари, ота-онанинг изни ҳам сўралади, чунки уларга итоат қилиш фарзи айндир. Фарзи айн билан фарзи кифоя қарама-қарши келган пайтда фарзи айн олдинга қўйилади.

Агар душман бир мусулмон ўлкага бостириб келиб, у ерда ўз ҳукмронлигини ўрнатса, ўша юртдаги ҳар бир қодир бўлган кишига, сўнгра эса – агар қувватлари етарсиз бўлса – уларга яқин ерлардаги инсонларга душманни ҳайдаб чиқариш учун жанг қилиш фарзи айн бўлади.

Жиҳодни тарк қилиш ва ундан бош тортиш ҳалокат ва зиёнкорлик йўли, хорлик ва тубанлик сабаби, бало ва офатлар чорловчиси, неъматларнинг йўқ бўлиши ва куч-қувват кетишининг даракчисидир.

Жиҳоднинг тўғри бўлиши ҳамда вожиб бўлишининг шартлари бўлиб, бу шартларнинг баъзиларига олимлар иттифоқ қилганлар, баъзилари эса ихтилофлидир. Қуйидагилар жиҳоднинг энг муҳим шартларидандир: етарли даражада қудратга эга бўлиш, ғалаба қозониш эҳтимолининг юқорилиги, курашнинг фақат уммат душманларига чекланган бўлиши, биринчи ўринда муҳим бўлган вазифалар навбатини пухта тартибга солиш, мусулмон саф билан кофир сафнинг бир-биридан ажралиши ҳамда ким дўст ва ким душман эканлигини яхши ажратиб олиш, шунингдек динни азиз қилиш, кофирларга зиён етказиш ҳамда заиф ва бечора инсонларни ҳимоя қилиш каби жиҳод ортидан кўзланган манфаатларнинг рўёбга чиқиши. Бунинг барчаси шариатни яхши билган ҳамда жанг қилиш услубларини чуқур эгаллаган “аҳлул ҳалли вал ақд”нинг бир ёқадан бош чиқариб иш юритиши орқалигина амалга ошади.

Агар бу шартлар топилмаса, уруш қилиш бекордан бекор, бефойда нарсалар учун мусулмонлар ҳаётини хавф-хатар остига қўйиш бўлади. Бундай ҳолатда уруш қилишдан тийилиш зарур бўлиб қолади.

Алоҳида огоҳлантириш лозимки, бу борада йироқ туриш керак бўлган кўплаб ноўрин хатти-ҳаракатлар мавжуд. Жумладан:

Тўқнашувга шошилиш, провокацияларга алданиш, таъсирланишдан келиб чиқиб ҳаракат қилиш, иймон ва Аллоҳга таваккул қуролини етарлича ўзлаштирмаслик, душман куч-қувватини етарлича баҳоламаслик, одам сони кўплигидан мағрурланиш ва ҳоказо.

Мусулмонлар жамиятида қурол ишлатишлик хато ишдир. Ҳозирда мавжуд бўлмаган бир қанча шартлар билан чекланган баъзи мустасно ҳолатларни ҳисобга олмаганда бундай хатога қадам қўйиш жоиз эмас. Шунингдек, бир ҳокимиятни ҳарбий йўл билан қулатган кишилар ўз-ўзидан салоҳиятли исломий бир низом қуришда муваффақиятга эришавермайди. Ундан ташқари ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, ислоҳ мақсадида қурол кўтарган кишилар, душман ёки рақиб бўлмаган пайтда баъзи ҳолатларда қуролни ўз биродарларига қаратиб қўядилар.

Шунга кўра, ҳозирги кундаги мусулмон диёрларида содир бўлаётган жанговар ишларнинг кўпи шаръий жиҳатдан ўз шартларига тўлиқ эга эмас. Шу боис, шариат жиҳодга буюриши ортидан рўёбга чиқиши керак бўлган натижаларнинг бутунлай тескарисини келтириб чиқарди. Мўминларнинг қалбларида нафрат уйғотиб, кофирларнинг қалбларини яйратди. Бу масаладаги тортишув ва келишмовчилик – қурол-аслаҳа ва унинг етарли ёки етарли эмаслиги, қанчалик аниқ ҳисоб-китоб қилинганлиги, тўғри ва муносиб вақт танлашлик каби ишлар билан боғлиқ ҳолда яхши ва ёмон натижаларни ҳисобга олиш, фойда ва зиённи таққослаш борасидадир. Шунга биноан, ёмон натижаларни кўплиги ва зиён устунлиги сабаб бу жанговор ҳаракатларни ҳаром дейиш ўринлидир. Умуман олганда, агар душман таноби тортилмайдиган, шариатда эътиборли саналган манфаатлар рўёбга чиқмайдиган ёки ожизлик ва ҳалокат хавфи бўлса ёки зиёнлар манфаатлардан устун келадиган бўлса бундай жанг жоиз бўлмайди.

Исломда мужоҳид олийжаноб хулқ-атвор ва юксак қадриятли одоблар, жумладан: хиёнат қилмаслик, аҳдга вафо қилиш, омонатни адо этиш, урушдан олдин даъват қилиш, аёллар, ёш болалар, қариялар ҳамда кўр, касал, шол кишиларни, узлатда ҳаёт кечирадиган роҳиблар, деҳқонлар, тинч аҳоли ва бошқа жанг қилиши кутилмайдиган кишиларни, шунингдек душман тарафнинг элчиларини ўлдирмаслик ҳамда ўлдирилган одамларнинг жасадларини таҳқирламаслик каби сифатларга эга бўлмоғи лозим.

Даъватчилар эътиқод қиладиларки, Аллоҳнинг дўстлари билан душманлари орасидаги жанглар натижаси ҳар доим алмашиб туради. Бунда буюк бир ҳикмат бўлиб, Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзлари унга далолат қилади: “Агар Аллоҳ хоҳласа, улардан албатта (сизлар учун) қасос олиб (уларни ҳалок қилган бўларди). Лекин сизларни бир-бирингиз орқали синаш учун (жанг қилишга буюрди)” [Муҳаммад: 4]. Бироқ ҳал қилувчи кураш ва сўнги ғалаба Аллоҳнинг мўмин гуруҳи ва ғолиб қўшини фойдасига ҳал бўлади. Аллоҳ Таоло айтади: “Батаҳқиқ, пайғамбар бандаларимизга аввалдан ваъда бердикки, албатта уларга бизнинг нусратимиз келажак. Ва шубҳасиз бизнинг қўшинимиз ғолиб бўлажакдир” [Саффот: 171-173].

Сиёсий фаолиятдаги асослар

Исломни ҳам дин ҳам давлат деб эътиқод қиламиз. Дин барпо қилинса давлат тўғри йўлга тушади. Дин ва давлатни барпо қилиниши билан даъват, таълим бериш, амри маъруф ва наҳй-мункар қилишдан иборат кенг соҳаларда эркин ва жадал ҳаракат қила бошлайди. Давлат мувозанатини йўқотиши билан жиҳод, жума ва ийд намозлари ҳамда ҳад (шариатда тайин қилинган жазо)ларни ижро этиш каби диний жамоавий фарзлар ҳам издан чиқиши мумкин.

Мусулмонлар раҳбарлик ишларини энг афзал ибодатлардан деб иттифоқ қилганлар. Амирлик бир диний амал ва Аллоҳга яқинлик ҳосил қилинадиган тоат деб билинмоғи лозим. Адолатли ҳокимлар ажр-савоби энг катта ва қадри энг баланд инсонлар сафига киради.

Сиёсий фаолият ҳозирги замонавий кўринишида бирон партия тузиш ёки унда аъзо бўлиш, қонун чиқарувчи ёки маслаҳат мажлисида бирон вазифа билан машғул бўлиш, сиёсий ташкилотлар тузиш ёки халқаро конференцияларда иштирок этиш, сиёсий босим ўтказувчи гуруҳлар тузиш, касаба уюшмаларида ёки студентлар уюшмаларида фаол иштирок этиш, халқ ҳаракатларини пайдо қилиш ёки миллий иттифоқ-уюшмаларни бошқаришдан кўра кенг қамровлироқдир.

Ҳозирги кундаги исломий сиёсий фаолият ислом шариатини ҳаётга қайтариш, шахсий ва жамоавий ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, даъватчилар ва исломий даъватга имкон яратиш ва сиёсий бузуқликларга чек қўйишни мақсад қилади.

Сиёсатда иштирок этиш ҳукми аслини олганда фарзи кифоя амаллар жумласига киради. Лекин бугунги кун воқелигида бу асос атрофида кўп ёмон натижалар ва бир қанча муаммолар ётади. Уларнинг орасида давлатчилик ва бошқарув тизимларига боғлиқ бўлганлари ҳамда ислом даъвати ва даъватчиларининг воқелигига боғлиқ бўлганлари бор. Бу ҳолат сиёсат ва парламентга доир фаолиятларни манфаатларни келтириш ва кўпайтириш ҳамда зарарларни йўқ қилиш ва камайтириш билан боғлиқ шаръий сиёсат масалалари доирасида киргизиб қўяди. Бу турдаги фаолиятларнинг жоиз ёки жоиз эмаслиги ҳақидаги фатво вақт, макон ва ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Шунга кўра бу фаолиятларда иштирок этиш ҳукми ҳар бир мамлакатнинг ўз олимлари ва улар ичидаги “аҳлул ҳалли вал ақд”га ҳавола қилинади.

Шунингдек, бу сиёсий йўллар орқали қилинадиган фаолиятлар кенг қамровли ислоҳотларнинг асл ва чинакам йўли эмаслиги, даъват ва тарбияга оид фаолиятларнинг ўрнини босишликка асло кифоя қилмаслигини даъватчиларнинг ҳаммалари бир овоздан айтганлар.

Сиёсий фаолият юритиш йўлида даъватнинг қисқариши, бу соҳага бутун куч-қувватнинг ташланиши, бор имкониятларнинг шу йўлга сарфланиши бугунги кунимизга тўғри келмайди. Шунингдек, сиёсий фаолият юритилар экан унинг жоизлик қонун-қоидаларига риоя қилиш ҳамда воқедаги ношаръий ишлардан сақланиш лозим бўлади.

Аҳли бидъатлар билан алоқа асослари

Динда янги пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат эса дўзахга кириш сабабидир.

Ҳақ йўлга эргашишдан воз кечган бидъат аҳли жаҳолат ва таассуб, ҳавосига учган ва динда чуқур кетган кишилардир. Улар ноҳақ нарсаларни ушлаб олиб тортишадилар ҳамда ҳақ равшан бўлгандан кейин ҳам ҳақ хусусида тортишадилар. Қуръон ҳақида ихтилофда, Қуръон масаласида ҳаққа қарши ҳамда Қуръонга қарши туришда ўзаро иттифоқдалар. Аҳли суннатнинг бидъат аҳлидан бўлмиш қарши томон билан бўлган муомалалари турлича бўлади:

Баъзи ҳолатларда ҳеч юз-хотир қилмасдан ҳақни баён қиладилар ва ошкора насиҳат қиладилар, гоҳида уларга яхши кўриниб, чиройли сўзлар билан уларни ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қиладилар, гоҳо улар билан алоқаларни узиб, қаттиқ муомалада бўладилар. Бу – бидъатнинг ўзининг қай даражадаги бидъат эканлиги, бидъат аҳли ҳолатларининг турли хил эканлиги, шунингдек, муайян вақт ва жойда бидъатни инкор қилиш ортидан юз бериши мумкин бўлган манфаат ва зарарларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошади. Чунки бу ишларнинг ҳаммаси манфаатларни ҳосил қилиш ва уларни кўпайтириш, зарарларни кеткизиш ва уларни камайтиришга асосланадиган шаръий сиёсат масалалари жумласига киради.

Ҳамма нарсадан олдин, бидъат аҳлидан бўлган ҳар бир кишини ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилса бўладиган инсонлар деб эътибор қиладилар ва уни тўғри йўлга, нурли суннатга қайтариш йўлида унга юмшоқлик ва илтифот билан муомала қиладилар.

Уларга қаратилган раддияларини чиройли мақсад, ҳақ тарафини олиш, ҳалқни тўғри йўлга солиш, уларга яхшиликни раво кўриш, раҳм-шавқатли бўлиш қоидалари остида амалга оширадилар. Мустаҳкам илм, чуқур фаҳм ва кучли ҳужжатга соҳиб бўлмаган кишиларни бидъат аҳли билан мунозара қилишдан қайтарадилар. Бидъатни ҳақ билан рад қиладилар, унинг илдизига болта урадилар. Мунозара ва баҳсдан фойда чиқмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлганда баҳс ва мунозарадан қайтарадилар, бидъат аҳли билан алоқани узишга, модомики бирон ижобий натижа амалга ошмаса ёки аксинча, бирон зарар рўёбга чиқса улар билан бирга ўтирмасликка буюрадилар. Олимлар ҳаволарига эргашган ва бидъатчи кишилар билан ўтиришдан огоҳлантирар эканлар мана шунга ўхшаш ҳолатларни назарда тутганлар.

Устиларидаги бошлиқларидан ҳавога эргашган кишиларни ёмонликлари, мусулмонларга етадиган зарарлари тўхтайдиган даражада уларни тийиб қўйишларини талаб қиладилар.

Суннатдан четга чиққан фирқалар – хаворижлар, шиалар, муътазилалар, муржиа ва бошқалар, умумий қилиб олганда ҳаммаларига Аллоҳнинг азоби ваъда қилинган. Уларнинг ҳукми азоб ваъда қилинган кишиларнинг ҳукми билан бир хил: азобга ҳақлидирлар. Аллоҳ уларнинг баъзиларини жоҳиллиги ёки солиҳ амаллари ёки гуноҳларини ўчириб ташлайдиган тавба ёки гуноҳларга каффорат бўладиган ҳар хил мусибатлар ёки мақбул бир шафоат ва шу каби нарсалар сабаб кечириши мумкин.

Умумий қилиб айтганда, бидъат аҳли, модомики бидъатлари сабаб исломдан чиқиб бошқа динга ўтиб кетганлари очиқ далил билан исботини топмас экан аҳли қибла – мусулмонлар жумласидандирлар. Чунки уларнинг ораларида бидъати кофир қилувчи бўлганлари ва бидъати фосиқ қилувчи бўлганлари бор бўлиб, ҳар бирларининг ўзига хос ҳукмлари мавжуддир.

Уларга умумий ҳолатда ҳидоят сўраб дуо қилиш жоиз бўлгани каби, бошқа бир жиҳатдан, умумий ҳолатда дуоибад қилиш ҳам жоиздир. Улардан муайян бирларига дуоибад қилиш ёки қилмаслик ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд бўлиб, бу масала хусусида бўлиб-бўлиб, тафсилоти билан гапирилиши лозим.

Аҳли суннат уларнинг имомлари орқасида, бидъатига чақирувчи бўлмаган ва бидъатини ошкор қилмайдиганлари орқасида жумъа ва ийд намозларини ўқийверадилар.

Қилмишини инкор қилиш мақсадида улардан бидъатига чақирувчи бўлганларининг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Аҳли суннат уламоларидан уларнинг гувоҳлигини қабул қилганлар ҳам бор. Аммо бидъатига чақирувчи бўлмаса, тўғрироғи, унинг гувоҳлиги қабул қилинади.

Аҳли қиблага жаноза намози ўқийдилар. Баъзи фозил инсонлар гоҳида баъзи бидъатчиларга одамлар унинг бидъатидан тийилиши учун жаноза ўқимайдилар. Агар кофир бўлганлиги аниқ бўлса, бундай бидъатчининг орқасида намоз ўқиш ва ўлганидан кейин жанозасини ҳам ўқиш жоиз эмас.

Бидъат аҳлидан илм олишга аслида, улар тарафдан келадиган зиённи даф қилиш ва сабаб ва воситалар олдини тўсиш учун рухсат берилмайди. Лекин бунга зарурат туғилса эҳтиёт чораларини кўриш шарти билан жоиздир.

Эҳтиёж туғилганда мусулмонлар ҳақида яхши гумонда бўлишлари, ишончли ва омонатдор бўлишлари шарти билан жиҳодда уларнинг ёрдамидан фойдаланиш жоиздир. Акс ҳолда, улардан фойдаланиш жоиз бўлмайди. Тарих ва воқеликда бунга гувоҳ ва сабоқлар мавжуд.

“Авлавийёт” (“приоритетлар” – муҳим вазифалар ва уларни бажарилиш тартиби)га риоя қилишдаги асослар

Бизнинг эътиқодимизда, “авлавийёт” тушунчаси – шариат, унинг мақсад- ғоялари ва воқелик нуқтаи назаридан келиб чиқиб вазифаларнинг муҳимлик даражаси ва уларнинг назарий ва амалий жиҳатдан тартибини идрок этишдир.

Даъват ва даъватчилар ҳаракат йўлидаги авлавийёт тушунчаси даъват ишларини бошқаришдаги шаръий сиёсат қоидалари ҳамда исломий даъватнинг умумий мақсад ва ғояларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар” [Бақара: 217].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни даъватчи ва муаллим вазифасини бажариш учун Яманга юборар эканлар, унга даъват амалларининг даражаларини, улардан қайси бир амал аввал қилиниши кераклигини ўргатиб шундай дедилар: “Сиз аҳли китоблардан бўлган кишиларнинг олдига борасиз. Уларни даставвал Аллоҳ таолони ёлғизлашга даъват қилинг. Агар буни билсалар, Аллоҳ уларга кеча ва кундузларида беш вақт намозни фарз қилганлигини айтинг. Агар намоз ўқишни бошласалар, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб фақирларига бериладиган закотни фарз қилганлигини айтинг. Агар бунга ҳам иқрор бўлсалар, улардан закотни олинг ва қимматбаҳо нарсаларини олишдан узоқ туринг”.

Раббимизнинг китоби ва пайғамбаримизнинг суннатларидан келиб чиқиб уламолар “зарурот” (яъни дин ва дунё учун зарур бўлган, йўқолиши ҳаётни издан чиқишига олиб борадиган манфаатлар), “ҳожийёт” (яъни одамларга қулайлик яратилиши ва улардан машаққатларни кетиши учун керак бўлган манфаатлар) ва “таҳсинийёт” (одамлар ҳаётини безайдиган, қўшимча қулайлик ва фаровонлик яратадиган манфаатлар) ўртасидаги “авлавийёт” қоидаларини ишлаб чиққанлар. Шунингдек, вожиб, мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ амаллардан ҳар бирининг ўзаро ўрталаридаги фарқлар ҳамда бу амаллар бир вақтда йиғилиб қолган ёки бир-бирига қарама-қарши бўлган пайтдаги улар ўртасидаги фарқларга асос солганлар.

Ушбу даъват тушунчаси ижобий натижалар ва салбий оқибатлар, манфаат ва зарарлар бир жойга йиғилиб қолган чоғда улар ўртасини таққослаш ва солиштиришни тақозо қилади. Шунингдек, шаръий ҳукмлар йўлга қўйилиши ортидан кўзда тутилган, инсонларнинг манфаатларига замин бўладиган шариат мақсад ва ғоялари ва унинг умумий маъноларини англашни талаб қилади.

“Авлавийят” (энг зарур вазифаларни биринчи навбатда бажариш) тушунчасининг жиҳатлари кўп ва хилма-хилдир. Муайян замонда бажарилиши лозим бўлган амалларнинг даражаси – ўша амал вақтнинг долзарб вазифаси экани ва унинг афзал ва муносиб замонларда бажарилиши билан фарқланади.

Шунингдек, “авлавийёт” тушунчаси жойга қараб, жойнинг хосиятли экани ёки ўша жой аҳолисининг урф-одатига биноан бу жойга боғлиқ амаллар сабабидан ҳам ўзгаради. Бундан ташқари, фавқулодда содир бўладиган ишлар ёки ўзига хос бирон ўткинчи ҳолат ёхуд сақланиш қийин бўлган ёки бутун омманинг бошига тушган ишлар туфайли ҳам “авлавийёт” тушунчаси ўзгариши мумкин.

Қалб, тил ёки бошқа аъзолар воситасида бажариладиган амал ва хатти-ҳаракатлардан ҳар бири ҳам ўзида фарқланади, ҳам ташқи омиллар билан бирга олиб қараганда фарқланади.

Демак, “авлавиёт”ларни аниқлаш меъёри биринчи даражада шариат бўлиб, авлавиётлардан бирини иккинчисидан устун қилиш эса нақл – оят-ҳадисларга биноан бўлади. Чунки нақл ягона хато қилмайдиган манба ҳисобланиб, ундан келиб чиқиб иш тутиш муқаррар фарздир. Ундан кейинги манба нақлга суянган ишончли ижмо ёки тўғри қиёсдир. Кейинги даражада шариат мақсад ва ғоялари, риоя қилиниши зарур бўлган манфаатлар, сабаб-воситалар йўлини тўсиш (саддуз зароиъ) ёки очиш ва бошқа шариатнинг иккиламчи қонунчилик манбалари келади.

Ваниҳоят, навбатдаги даражада Аллоҳнинг пайғамбарлари замонидан тортиб, то ҳозирги кунга қадар даъватчиларнинг тажрибаларидан иборат умумий ва муштарак қадриятлар туради.

Даъват “авлавиёт”лари тушунчасининг бир неча рукнлари бўлиб, улар ўзаро иттифоқлик ва ҳамфикрлик манбасидир. Бу рукнлар шахс ёки жамоат шаклидаги барча даъватчилар орасидаги қатъий асослар вазифасини бажаради. Ҳар бир воқеа ёхуд масаланинг асоси ва таянчи бўлган мўътабар шаръий манбасига қайтариш жараёнидаги тафсилотларда ижтиҳодлар бир-биридан фарқ қилиши, йўналишлар турлича бўлиши мумкин. Бу билан ҳамиҳатликка путур етмайди ва мусулмонлар сафида бўлиниш пайдо бўлмайди.

Бу муҳим асос ва рукнлардан айримлари қуйидагилардир:

Бандаларни бандаларга ибодат қилишдан уларнинг Раббисига ибодат қилиш сари чиқариш “авлавийят”и:

Аллоҳ буюрган ишларнинг энг биринчиси ва даъват қилишга энг ҳақлироғи бу Аллоҳнинг тавҳиди, шунингдек, Аллоҳ дастлаб қайтарган ва инкор қилишга энг лойиқ иш бу Аллоҳга ширк келтиришдир. Жамиятни ислоҳ қилиш ва унга таъсир ўтказиш борасидаги эътиқодий курашга кириш уруш ва жамиятни куч ишлатиш йўли билан ўзгартириш йўлидаги ҳарбий жангга киришдан олдинда туради.

Ширк ва туғён аҳлига қарши аввало даъват, далил ва ҳужжат билан жиҳод қилингандан кейингина қўл ва қилич билан жиҳод қилинади.

Катта масалалар, хоҳ буюрилган, хоҳ қайтарилган ишлар жумласидан бўлсин, биринчи галда бажариладиган вазифалар ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг” [Муҳаммад: 19]. “Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас” [Моида: 72].

Барқарорлик ва ихтиёрий ҳолатларда тарбиявий жиҳод “авлавийят”и ҳарбий жиҳоддан олдинда туради.

Кимда ким “намозга келинглар” чақириғига вафо қилмас экан, унинг “жиҳодга отланинглар” чақириғига ҳам вафо қилмаслик эҳтимоли катта. Каттаю кичик гуноҳлар олдида ўзини тута олмай йиқилган кимса, душман билан тўқнаш келган чоғда йиқилишга янада ҳақлироқдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар) У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида кадамларингизни собит-барқарор қилур” [Муҳаммад: 7].

Бу динни ҳукмрон бўлишига имкон яратиш, куррайи заминда ислом давлатини барпо этиш, албатта, аввало бундай давлатни фарз ибодатлардан кейин нафл ибодатларни ҳам адо этиш орқали барпо этиш босқичидан ўтиши лозим. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” [Ҳаж: 41].

Олдинги ҳолатга қайтариш “авлавийят”и:

Негаки, ислом умматининг охирини фақат аввалини ислоҳ қилган, ўнглаган нарсагина ислоҳ қилиши, ўнглаши мумкин. Ўша даврда диндан ҳисобланмаган нарса бугунги кунда ҳам асло диндан ҳисобланиши мумкин эмас!

Олдинги ҳолат деганда, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бугунги кундаги мен ва менинг асҳобларим тутган йўл”, деган сўзларидаги ҳолатни кўзда тутамиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, саҳобалар, тобеинлар ва чинакам уларга эргашган кишиларнинг йўлидан бориш – нажот дастури, муваффақият йўли ва зафар гаровидир.

Ҳар қандай даъват тоифаларига мансуб бўлишдан олдин, аввало аҳли суннатга мансуб бўлиш “авлавият”и:

Даставвал ва барча нарсадан олдин исломга мансуб бўлиш зарур. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Токи (қиёмат кунида) пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги мукаддас китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади” [Ҳаж: 78]. Ундан кейин суннатга мансуб бўлиш ҳар қандай мансублик ва байроқлардан устун туриши лозим.

Аҳли суннат – уларнинг омма мусулмонлардан ажраб турадиган бирон лақаби бўлмаган: жаҳмий ҳам, қадарий ҳам, рофизий ҳам бўлмаган кишилардир”. Демак, дўстлик ва садоқат риштаси даъват тоифаларига мансублик асосида эмас, балки ислом ва суннат асосида ўрнатилиши лозим. Чунки, ислом ва суннатга мансублик ғоя бўлса, даъват тоифаларига мансуб бўлиш воситадир. Мақсад ва ғоя воситадан олдин туради.

Янгилаш ва замон билан ҳамнафаслик билан бир қаторда оригиналлик ва диннинг аслига қайтиш “авлавийят”и:

Хатодан холи бўлган икки асл манба – Қуръон ва суннатга қайтиш ҳар қандай соғлом даъватнинг бошланиш нуқтаси, аҳли суннатнинг ақидасидан келиб чиқиб иш тутиш ҳар қандай тўғри дастурнинг асосидир. Шунингдек, ҳукмлар манбаси ва чашмасини илоҳий ваҳийдан машъум ҳавога кўчириш Аллоҳни ёлғиз маъбуд деб билган ақида илдизига болта уриш ва жоҳилиятга қайтиш демакдир.

Ҳозирги замондаги бузуқ ва салбий ҳолатларга мана шундай ўзгармас қоидалар билан қарши курашиш даъватдаги энг муҳим ва долзарб вазифадир. Бу ўринда ибтидоий бузуқлик билан тараққий этган бузуқлик ўртасида фарқ йўқ. Қабрлар атрофида юз бераётган ножўя ва ношаръий ишлар инкор қилинганидек, ҳокимларнинг қасрларида рўй бераётган ножўя ва ношаръий ишлар ҳам инкор қилинади. Айни пайтда, худосизлик, ғарбпарастлик ва алмонийлик – динни давлатдан ажратишга чақирувчи оқимларга ҳам қарши курашилади.

Даъват услуб ва воситаларида янгилаш ва замонавийликка эътибор қаратиш лозим. Шу билан бирга бу услуб ва воситаларнинг жоиз бўлиши учун шариат белгилаган қонун-қоидалар доирасидан чиқмаслик ҳамда бундай услуб ва воситаларни танлаш ижтиҳодий масала эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Даъват воситаларини янгилаш деганда аслдан буткул узилиш, шариатда белгиланган ўзгармас қонун-қоидалар, мақсад ва ғояларга риоя қилмаслик, динимиздаги асослар, тамойиллар ва мезонларга беписанд қараш тушунилмаслиги керак. Аксинча, янгилашдан мақсад, агар фойдали бўлса ҳар қандай янгиликни қабул қилиш, яроқли бўлса ҳар қандай бегона услуб ва воситаларни қўллашдан тортинмасликдир.

Интизомли озчилик тарқоқ кўпчиликдан афзаллиги:

Ҳеч қачон кўпчилик фақат кўплиги сабаб мақталмаган. Аксинча, кўпчиликни ташкил қилган одамлар нажот топмайдиган бўлсалар қораланган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Гарчи сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар” [Юсуф: 103]. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Йўқ, уларнинг кўплари ақл юргизмайдилар” [Анкабут:63].

Дарҳақиқат, шукр қилгувчи бўлган чоғларида озчилик мўминлар мақталдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир” [Сабаъ: 13]. Шунингдек, заиф бўлган пайтда ҳам Аллоҳ озчилик мўминларга қудрат, имконият ва ҳукмронлик ато этди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва сизлар ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!” [Анфол: 26]. Озчилик мўминлар Парвардигорларининг изни ила душманлари устидан ғолиб бўлдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир” [Бақара: 249].

Ишини пухта ва интизомли ташкил қилган озчилик тарқоқ ва пала-партиш иш юритган кўпчилик устидан ғалаба қозонади. Бинонинг пойдеворига урғу бериш билан даъват қилиш “авлавийят”и унинг осмонга бўй чўзиши ва кенгайишига эътибор қаратишдан олдин туради. “Ўн икки минг (мусулмон қўшин) озчилик сабабидан асло енгилмайди”.

Поғонама-поғоналик ва босқичма-босқичлик авлавийяти:

Поғонама-поғоналик ва босқичма-босқичлик яратиш, буюриш ва ўзгартириш: буларнинг барчасига тегишли коинотдаги ижтимоий қонун-қоидадир. Шак-шубҳа йўқки, даъват соҳасида босқичма-босқич иш олиб боришга мажбур қиладиган заруратлар бор. Шариат аҳкомларини жорий қилиш жараёнида поғонама-поғоналик тушунчасини таъкидлайдиган ҳолат ва мисолларни учратиш мумкин. Жамиятларда мустаҳкам ўрнашган шариатга хилоф ишлар ва одамлар қалбига сингиб кетган ботил хоҳиш-истаклар борки, уларни ўзгартириш учун қайси ишни кечиктирмай қилиш кераклигини, қай бирини эса маълум вақт ортга суриш лозимлигини ўргатадиган фиқҳ – чуқур илм талаб қилинади. Дарҳақиқат, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида сўз ва хатти-ҳаракатлари билан фарз нафлдан, ақида бошқа илмлардан олдин туриши, шариатга хилоф бўлган катта ишлар, манфур бидъатлар биринчи навбатда инкор қилиниши, раббоний тарбия бир неча босқичлардан ўтиши, ҳар бир босқичнинг ўзига хос мақсад ва ғоялари, фаоллашадиган даври бор экани, ҳар бир босқич шошма-шошарлик ёки зўрма-зўракиликка йўл қўймасдан ёхуд аксинча, сусткашлик ва пайсалга солмай ўз вақтида босиб ўтилиши лозимлиги таълим бердилар.

Ижро ва меҳнатдаги поғонама-поғоналик даъват қўлга киритган ютуқларни сақлаб қолиши ва унинг келажакдаги самараларини кўпайтириши лозим.

Бу “авлавийят”га эътиборсизлик туфайли даъват талай амалий буҳронларга дуч келди. Қарабсизки, йиллар ўтсада ҳеч бир мақсад рўёбга чиқмади, бирон бир воқелик ўзгармади. Аксинча, аксар ҳолларда, даъватчиларда бўшашиш ҳолати кузатилиб, умидсизлик ва зерикиш пайдо бўлди.

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ айтган сўз нақадар ажойиб: “Эй ўғлим, шошилма! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда ароқни икки бор қоралаб, кейин учинчисида ҳаром қилди. Мен одамларни бирданига ҳақнинг ҳаммасига ундашдан, оқибат, улар ҳам бирданига ҳақнинг ҳаммасидан воз кечишларидан ва бу ишим ортидан фитна юзага келишидан қўрқаман”.