Аббосийлар давлати: Маъмун давридаги амирликлар

0

Исломий давлат Мағрибидаги амирликлар вазияти Маъмун халифалиги даврида деярли ўзгаришсиз қолди, фақат аввалдан бўлиб келаётган воқеа-ҳодисалар давом этди.

Рустамийлар давлати

Тоҳартдаги ибозий хаворижлар давлати Абдулваҳҳоб ибн Абдураҳмон ибн Рустам ҳукми остида эди. Абдулваҳҳоб ҳижрий 208 йили вафот этди. Ўрнига ўғли Афлаҳ ибн Абдулваҳҳоб тахтга чиқди ва ушбу давлатнинг сўнгги кунларига қадар, 258 йилгача унга ҳукмронлик қилди.

Бани Мидрор давлати

Сижилмосадаги суфрий хаворижлар давлати бўлмиш Бани Мидрор давлати Абулмансур Алясаъ ибн Абулқосим ҳукми остида эди. У ҳижрий 208 йилда вафот этди ва ўрнига ўғли Мидрор ибн Абулмансур тахтга чиқди. Мидрор ибозий рустамийлар давлати асосчиси Абдураҳмон ибн Рустамнинг қизига уйланди ва ундан Маймун исмли ўғил кўрди. У Маймун ибн Рустамия деб танилди. Чунки Мидрорнинг Маймун исмли яна бир ўғли ҳам бўлиб, унинг онасининг исми Бақия эди. Шунинг учун уни Маймун ибн Бақия деб аталганди. Кейинчалик бу икки ака-ука ўртасида келишмовчиликлар юз берди.

Андалусдаги умавийлар давлати

Маъмун даврида Андалус ҳокими Ҳакам ибн Ҳишом ибн Абдураҳмон Дохил бўлиб, Рабзий номи билан машҳур эди. У ҳижрий 180 йилдан 206 йилгача (милодий 796-822 йиллар) тахтда қолди. Икки амакиси унга қарши бош кўтариб, Тулайтила (Толедо) ва Балансия (Валенсия)ни қўлга киритдилар. Шимолдаги насронийлар бу келишмовчиликдан фойдаланиб Арағуна (Арагона)га ҳужум қилдилар. Аммо Ҳакам ибн Ҳишом уларни ортга чекинтиришга муваффақ бўлди.

Барселона ҳокими Ҳакамга қарши бош кўтарди ва Франклар қироли Буюк Карлдан мадад сўради. Бироқ унинг қўзғолони муваффақиятсизликка учради.

Ҳакам 206 йили вафот этгач, ўрнига ўғли Абдураҳмон Авсат (ўртанча) тахтга чиқди. Унинг даврида тинчлик-омонлик ва тартиб-интизом ҳукм сурди. У илм-фан, бунёдкорлик ва давлатни мустаҳкамлаш ишларига аҳамиятни кучайтирди. Унинг ҳукмронлиги даврида жуда кўп испан насронийлари исломни қабул қилдилар. Насронийлар хавфсиз ва эркин яшашларига қарамай, айрим руҳонийларининг гиж-гижлаши билан улар тарафидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаш, Қуръон ҳақида ёмон гаплар айтиш каби ҳурматсизлик ҳолатлари содир бўлди.

Абдураҳмон Авсат даврида Леон амири ва бошқа баъзи насроний амирлар исломий ўлка шимолига ҳужумлар уюштирдилар, бироқ муваффақиятга эришмадилар.

Идрисийлар давлати

Идрис иккинчининг мақсади суфрий хаворижларга қарши урушиш эди, лекин у ҳижрий 213 (милодий 828) йили ўттиз олти ёшида вафот этди. Ўрнига ўғли Муҳаммад ибн Идрис тахтга чиқди. Унинг даврида идрисийлар ичида келишмовчиликлар содир бўлди. Бир укаси Исо ибн Идрис Аземмур волийси эди. У Муҳаммад билан тахт талашди. Муҳаммад унга қарши Танжа волийси бўлган укаси Қосим ибн Идрисдан ёрдам сўради, аммо Қосим унинг сўровини рад этди. Шундан сўнг Муҳаммад ибн Идрис Микнос волийси бўлган укаси Умар ёрдамида Аземмур ва Танжадаги иниларини бостиришга муваффақ бўлди[1].

Ағлабийлар давлати

Ҳижрий 196 йили Қайравонда ағлабийлар тахтини Абдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Ағлаб қўлга киритди. У Абдуллоҳ биринчи номи билан танилди. Куняси Абул Аббос эди. Ўзи хулқи ёмон одам эди. У солиқларни ошириб юборди ва ҳамма, ҳатто ўз қариндошлари ҳам ундан бездилар. У 201 йили вафот этди. Ўрнига укаси Зиёдатуллоҳ ибн Иброҳим Абу Муҳаммад тахтга чиқди ва олти йил ҳукмронлик қилди. 207 йили Ибн Сақлабия номи билан танилган Зиёд ибн Саҳл унга қарши қўзғолон кўтарди ва Божа шаҳрини қамал қилди. Зиёдатуллоҳ унга қарши қўшин йўллаб, унинг исёнини бостирди.

Ҳижрий 208 йили Тунисда Зиёдатуллоҳга қарши Мансур ибн Нусайр исён кўтарди. У Муҳаммад ибн Ҳамза бошчилигида унга қарши қўшин юборди, бироқ қўшини енгилди. Сўнг Ағлаб ибн Абдуллоҳ ибн Ағлаб бошчилигида иккинчи бор қўшин юборди ва қўшинга агар мағлуб бўлсалар, барчаларини қатл этиш билан таҳдид қилди. Бироқ бу қўшин ҳам мағлуб бўлди ва аскарлар Аббосияга қайтиб келишдан қўрқиб исёнчи Мансурга қўшилиб кетдилар ва бир неча шаҳарларни истило қилдилар.

Мансур ибн Нусайр Қайравонга юриш қилди ва уни қамал қилди, кейин енгилиб ортига қайтди. Сўнг Мансур 209 йили иккинчи марта Қайравонни қамал қилди. Зиёдатуллоҳнинг қўли остида Қобис, Соҳил[2], Тароблус[3]дан бошқа ерлар қолмади. Мансур ўз номига пул зарб қилдирди. Мансурнинг қўзғолони фақат 211 йилга келиб барҳам топди, сабаби Мансур ўз лашкарбошиси Омир ибн Нофеъ билан келишолмай қолди ва Зиёдатуллоҳ бундан фойдаланиб қолди.

Зиёдатуллоҳ даврида Сицилия (Сиқилия) ороли фатҳ этилди.

Аввал мусулмонлар Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Муовия ибн Ҳадиж Миср ва Африка волийси бўлиб турганида Сицилия оролига ғазот қилгандилар, уруш Абдуллоҳ ибн Қайс Фазорий қўмондонлиги остида бўлганди.

Африка мусулмонлари ҳижрий 122 йили Сицилияга юриш қилдилар ва Ҳабиб ибн Абу Убайда ибн Уқба ибн Нофеъ оролнинг шарқий соҳилдаги Сарагоса (Сарақуса) шаҳрини истило қилди.

Ушбу оролга 130 йили Абдураҳмон ибн Ҳабиб ҳам ғазот қилганди, лекин мусулмонларнинг қадами бу ерга фақат ағлабийлар даврига келиб ўрнашди.

Ҳижрий 211 (милодий 826) йили Рум (Византия) императори Михаил иккинчи Сицилия оролига патриарх Қустантинни ҳокимликка тайин қилди. Бу Қустантин ҳарбий флотга румлик Фома исмли бир кишини бошлиқ қилди. Фома Африка соҳилларига бостириб келиб, талон-тарож қилди ва у ерда бир муддат қолди. Бу ҳамланинг хабари Рум императорига етиб келгач, Сицилиядаги ҳокими Қустантинга Фомани қўлга олишни буюриб, хат юборди. Бу ҳақда Фомага хабар етгач, у ўз қўли остидагиларни қўзғолон қилишга чақирди. Улар ғазаб билан Сицилияга йўл олдилар ва Сиракуза (Сирақуса)ни истило қилдилар. Қустантин улар устига юриш қилди, лекин енгилиб Сиракуза шимолидаги Катания (Қатония) шаҳрига чекинди. Аскарлар уни таъқиб қилиб, қўлга олдилар ва қатл этдилар. Сўнгра Фома оролнинг қироли деб эълон қилинди. Сўнг оролнинг Палермо (Баларм) шаҳри волийси исён кўтарди ва унинг бошчилигидаги қўшин юриш қилиб, Сиракузани истило қилди. У улардан қочиб, Африкага йўл олди ва Зиёдатуллоҳдан мадад сўраб элчи юборди.

Зиёдатуллоҳ Қайравон қозиси Асад ибн Фурот амирлигида катта қўшин йўллади ва мусулмонлар ғалаба қозондилар. Сўнгра Сицилия насронийларига Румдан мадад келди. Шу орада мусулмонларга вабо келди ва уларнинг амири Асад ибн Фурот вафот этди. Шу боис мусулмонлар орол ичкарисига кириб боришга қодир бўлмадилар.

Мусулмонлар ўзларига Муҳаммад ибн Убай Жаворийни волий қилдилар. Сўнг уларга Қайравондан мадад келди. Шунингдек, оролга Андалусдан кемалар етиб келди ва мусулмонлар ҳижрий 215 йили Валенсия (Баленса) шаҳрини қамал қилдилар. Андалусияликлар қайтиб кетганига қарамай 216 йили мусулмонлар Палермо (Баларм) шаҳрини фатҳ этиш уддасидан чиқдилар. Маъмун вафот этганида ҳам Сицилия оролидаги фатҳ ҳаракатлари давом этаётган эди.

[1] Аземмур, Танжа, Микнос – Марокаш (Мағриб)даги шаҳарлар номи.

[2] Қайравон, Божа, Аббосия, Қобис, Соҳил – ҳозирги Тунис таркибидаги шаҳарлар номи.

[3] Тароблус (Триполи) – Ҳозирда Ливия пойтахти.

Изоҳ қолдиринг