Аббосийлар давлати: Маъмун давридаги фатҳлар

0

Маъмун халифалиги давридаги фатҳлар сони у қадар кўп эмас. Умуман олганда, аббосийлар даврида фатҳлар камроқ ва торроқ доирада бўлди. Аслида умавийлар даврининг охирларига келиб, кенг миқёсдаги фатҳлар деярли тўхтаб қолганди.

Табаристон волийси ҳижрий 202 йили Дайлам ўлкасидаги Лоз ва Шийзар минтақаларини фатҳ қилди ва бу икки минтақа ўша кундан ислом давлати ҳудудига кирди.

Аҳмад ибн Абу Холид ҳижрий 207 (милодий 827) йили Мовароуннаҳр диёридаги Уструшана[1] ўлкасини фатҳ қилди.

Рум (Византия) эса ички муаммолар гирдобида қолганди. Ҳижрий 200 (милодий 820) йили румлик исёнкорлар ўз подшоҳлари Лев Армянинни ўлдирдилар ва Михаил II Византия тахтига чиқди. Лев олти йил, Михаил II эса тўққиз йил, то 209 йили вафот этгунига қадар ҳукмдорлик қилди. Ундан сўнг ўғли Феофил тахтга чиқди. Феофилнинг ҳукмдорлиги даври Румга яқин бўлган Озарбайжонда Бобак Хуррамийнинг исён кўтарган ва иши кучайган пайтларга тўғри келди. Бундан Маъмун жиддий хавотирга тушди ва исломнинг икки ашаддий душмани ўртасида ўзаро ҳамкорлик вужудга келишидан қўрқди. Қолаверса, Маъмун бу пайтда Хуросондан Бағдодга кўчиб ўтганди ва мамлакатдаги аҳволни яхшироқ ўрганганди. Шу боис у Румга қарши уруш очишга қарор қилди. Бу билан у румликлар назарида мусулмонларнинг ҳайбатини оширишни ва шу билан бирга уларни Бобак Хуррамийга ёрдам қўлини чўзишдан тўсишни мақсад қилди.

Ҳижрий 215 йили Маъмун шахсан ўзи Рум (Кичик Осиё)  юришига чиқди. Бағдоддан юриш бошлаб, Мосул, Манбиж, Добиқ, Антокия, Масиса ва Тарсусдан ўтиб, Рум диёрига кириб борди. Қора қалъасини куч билан қўлга киритди ва уни вайрон қилди. Сўнг Можида қалъасига кириб борди, унинг аҳолиси ихтиёрий равишда бўйсундилар. Сўнг Дамашққа йўл олди.

Маъмун 216 йили иккинчи бор Рум диёрига юриш қилди. Бу галги ғазот румликларнинг Тарсус ва Масиса аҳолисига тажовуз қилишлари сабабли юз берди. Сўнг Маъмун Рум диёридан Дамашқ ва Мисрга чиқди.

217 йили яна Рум диёрига ғазот уюштирди. Кейин ўғли Аббосни 218 йили Румга қарши урушга юборди. Кетидан ўзи ҳам қўшинга бош бўлиб урушга йўл олди ва Рум диёрида ажали етиб, вафот этди. Сўнг Тарсусга олиб келиниб, ўша ерда дафн этилди.

Афтидан, Маъмун арабларга келган фаровонлик ва енгил ҳаёт уларни нимага олиб келганини, улар маишатга берилиб, жиҳодни тарк этишганини, шу нарса улардаги жиҳод руҳини заифлаштирганини яхши англаб етганди.

Форсларнинг аҳволи ҳам арабларга яқин ҳолда эди, бунга қўшимча уларда онда-сонда бўлса-да, ҳали ҳануз мажусийлик фикрлари ҳам сақланиб қолганди. Шунингдек, қадимги форс давлатчилиги ва унинг шон-шавкатини қўмсаш ҳам уларни тарк этмаганди. Шунинг учун Маъмун укаси Мўътасимга аскарликка туркларни жалб қилишни топширди. Чунки турклар куч-қудратда юқори даражага эга бўлиб, табиатларини ҳам фаровонлик бузиб улгурмаганди. Қолаверса, шу пайтгача улар ўртасини ўзаро ихтилофлар ҳам парчаламаганди.

Маъмун даврида бўлган фатҳларга Нуба ва Бежа диёрларида бўлган фатҳларни киритиш мумкн. Нуба насронийлари исломий фатҳлар йўлига тўғаноқ бўлиб туришарди. Улар мусулмонлар билан сулҳ тузишган, лекин кўпга бормай бу сулҳни бузишганди. Шундан сўнг ҳижрий 31 йили ўша вақтдаги Миср ҳокими Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ улар устига юриш қилганди ва уларни янгидан сулҳга келишишга мажур қилганди. Сўнг улар 118 йили волий Убайдуллоҳ ибн Ҳабҳоб билан янгидан сулҳ тузишди. Лекин Нуба ва Бежа аҳли бу битимга тўла-тўкис риоя қилмадилар ва Маъмун халифалиги даврида Асвон минтақасида исён кўтардилар. Шундан сўнг Маъмун улар устига юриш қилди ва улар билан янги битимга келишди. Бу битимга кўра, уларнинг юртлари ислом давлати ҳудуди ичида саналарди. Бу шартларнинг энг муҳимлари:

1) Асвондан тортиб Даҳлак, Бозеъ оралиғида чўзилган Бежа минтақаси халифалик мулки саналади ва Каннун ибн Абдулазиз Бежа подшоҳи бўлиб қолади.

2) Бежа ҳукмдори ҳар йили ота-боболари тўлаб келган хирожни, яъни юзта туя ва уч юз динорни тўлайди.

3) Бежаликлар исломни ҳурмат қилишлари, уни ёмонлик билан тилга олмасликлари шарт, ислом аҳлига қарши бировга ёрдам бермасликлари лозим.

4) Улар бирон мусулмонни хоҳ қуруқлик, хоҳ сув йўли орқали ўз диёрларига киришдан ва уларда тижорат қилишдан ман қилмасликлари лозим.

5) Мусулмонлардан бирон кишини, тожир ё муқим ё йўловчи ё ҳажга бораётган одам бўлсин, йўлини тўсмасликлари лозим, у то уларнинг диёридан чиқиб кетгунига қадар омонликда бўлиши керак.

6) Бежаликлар йўл-йўлакай ё тожирлик билан Миср жанубига – Саид минтақасига тушсалар, ёнларида қуролни очиқ олиб юрмайдилар ва шаҳар-қишлоқларга кирмайдилар.

Шунингдек, Сицилия ороли ҳам Маъмун замонида ағлабийлар қўлида фатҳ қилинди, бу ҳақда алоҳида сўз юритилади, иншааллоҳ.

[1] Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайхун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир минтақа бўлиб, унинг ҳудуди ҳозирги Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ўрнига тўғри келади.

Изоҳ қолдиринг