Аббосийлар давлати: Мўътасим ибн Ҳорун Рашид

0

Саккизинчи халифа Муҳаммад Мўътасим ибн Ҳорун Рашид

(Халифалик даври ҳижрий 218-227 йиллар)

Муҳаммад Мўътасим ҳижрий 179 йили шаъбон ойининг ўнинчи куни Бағдодда дунёга келди. У Ҳорун Рашиднинг Муҳаммад исмли олти ўғлидан бири бўлиб, куняси Абу Исҳоқ эди. Ўрта бўйли, оқ-сариқдан келган, юз-кўзи чиройли эди. Саводи ҳаминқадар бўлиб, ўқимишли деб бўлмасди. Довюрак ва кучли, ҳарб майдонларида олийҳиммат эди. Қалбларда маҳобати бор эди. Онасининг исми Морида бўлиб, кўфалик жориялардан эди.

Халифалик тахтига ҳижрий 218 йил ражаб ойининг ўн иккинчи кунида, оғаси Маъмуннинг вафотидан сўнг ўтирди. Маъмун ўғли Аббос ҳозирлигида тахтни Мўътасимга васият қилганди. Баъзи амирлар Маъмун вафотидан сўнг ўғли Аббосни тахтга чиқаришга ҳаракат қилиб кўришди, бироқ Аббос таклифни рад этди ва: “Мен амаким Мўътасимга байъат бердим” деб эълон қилди. Мўътасим Тарсусдан Бағдодга акаси дафн этилганидан сўнг етиб келди.

Мўътасим олдида бир қанча оғир вазифалар турар, жумладан, Бобак қўзғолонини бартараф этиш ва ислом давлати душманларига ва хусусан Бобакка ёрдам бериб келаётган Румга қарши урушиб, унинг таъзирини бериб қўйиши керак эди. У ҳар икки вазифанинг уддасидан чиқди.

Мўътасимнинг қўшини сафларида жуда кўп турк аскарлари бор эди. Бағдодда уларнинг озори кучайиб, одамлар билан улар ўртасида жиддий келишмовчиликлар чиқди. Шундан сўнг Мўътасим кўпинча Ҳорун Рашид ёз фаслини у ерда ўтказадиган Қотул ўрнида Сомарро шаҳрини бунёд қилди ва ҳижрий 220 йили у ерга кўчиб ўтди. У Бағдоддан юз километр шимол томонда эди.

Мўътасимни кўп сонли турк аскарларини қўшинига олишга мажбур этган сабаб жияни Аббос ибн Маъмун масаласи бўлса ажабмас. Чунки Аббос баъзи амирлар ва қўмондонларнинг маломатидан сўнг ўзининг Мўътасимга байъат берганига пушаймон бўлган эди. Айримлар уни амакисига бўйсунмасликка ва хусусан Амурияга кетаётган чоғларида йўлда амакисига суиқасд уюштиришга ундадилар. Лекин Аббос бу нарса мусулмонларни ғазотдан тўсилишларига сабаб бўлади деган фикрда буни рад этди. Ортга қайтишларида баъзи амирлар яна уни амакисига суиқасд уюштиришга чорладилар. Мўътасим бундан хабар топди ва Аббосни қўлга олиб, зиндонга ташлади. Яхшилаб текшириб, мавзуни чуқур ўрганиб чиққанидан сўнг уни ва у билан бу фитнага бош қўшганларни қатл қилдирди. Афтидан, Мўътасим шу воқеадан кейин қўшин сафига туркларни кўпроқ жалб қилган, чунки кўп амирларидан хавфсирайдиган бўлиб қолган, уларга ишонмай қўйган эди.

Мўътасим яқин қўмондонларидан бўлган Афшиндан ғазабланди ва унга нисбатан ўзгариб қолди. Сабаби, унга Афшин Табаристонда халифага итоатсизлик кўрсатган Мозиёрни қўллаб-қувватлагани хабари келганди. Шунингдек, унга Мангжурнинг ортида турганлик айби ҳам қўйилди. Афшин ўзига нисбатан бу ўзгаришни кўргач, Мўътасимни ва унинг амирларини заҳарлаб ўлдиришга уринди. Сўнг Арменияга ва ундан Хазар диёрига қочиб кетишни режалаштирди. Бироқ Мўътасим уни қўлга олиб, зиндонга ташлади. Бу воқеа 225 йилда юз берди. Афшин 226 йили зиндонда вафот этди. Унинг Ҳасан ибн Афшин исмли ўғли бор эди. Мўътасим Абдуллоҳ ибн Тоҳирга мактуб йўллаб, Ҳасанни ҳийла билан қўлга олишни буюрди. Абдулоҳ ибн Тоҳир Ҳасанни Нуҳ ибн Асад ўрнига Машриққа волий этиб тайинланганлиги ҳақида унга мактуб юборди. Нуҳга эса Ҳасан ундан мансабни қабул қилиб олиш учун келганида уни ушлаб ҳибс қилишни буюриб хат юборди. Нуҳ билан Ҳасан ўртасида адоват бор эди. Ҳасан ибн Афшин келгач, Нуҳ уни қўлга олиб, Абдуллоҳ ибн Тоҳирга юборди, у эса уни Мўътасимга юборди.

Мўътасим қон олдириши оқибатида касалликка йўлиқиб, шу сабабли вафот этди. Унинг вафоти ҳижрий 227 йили рабеул аввал ойининг еттинчи куни содир бўлди. Ўшанда у қирқ саккиз ёшда эди.

Мўътасим Қуръонни махлуқ дейиш борасида Маъмунга эргашган эди. Ушбу фитнада Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ оғир синовга учради ва азоб-уқубатларга дучор бўлди.

 

Изоҳ қолдиринг