Аббосийлар давлати: Восиқ ибн Муҳаммад

0

Тўққизинчи халифа Ҳорун Восиқ ибн Муҳаммад Мўътасим

(Халифалик даври ҳижрий 227-232 йиллар)

Ҳорун Восиқ ҳижрий 196 йили шаъбон ойининг йигирмасида Маккаи мукаррама йўлида дунёга келди.

Оқ юзли, ўрта бўйли, кўркам, қадди-қомати келишган эди, чап кўзида оқ нуқтаси бор эди. Шеър ўқишни севарди, ўзи ҳам шеърлар битарди. Ҳалим ва сабрли инсон эди. Амакиси Маъмун уни баъзи фарзандларидан ҳам афзал кўрарди. Онаси умму валад (асли чўри) бўлиб, исми Қаротис эди.

Халифалик тахтига ҳижрий 227 йил рабеул аввал ойининг ўн тўққизинчи кунида, отаси Мўътасимнинг вафотидан сўнг ўтирди. У ҳам дастлабки пайтларида отаси ва амакиси каби Қуръонни махлуқ (яратилган) деб айтарди, Басра амирига одам юбориб, имомларни ва аҳли илмларни шу эътиқод борасида синовларга дучор эттирган эди. У Аҳмад ибн Наср ибн Молик ибн Ҳайсам Хузоийни қатл эттирди. Аҳмад обрў-эътиборли шахслардан бўлиб, бобоси Молик ибн Ҳайсам аббосийларнинг дастлабки ва пешқадам даъватчиларидан эди. Аҳмаднинг ўзи муҳаддис ва катта олим эди. У Қуръонни махлуқ деб айтишдан бош тортди, шундай деб айтадиганларни қоралаб, уларга қаттиқ ҳужумлар қилди, тинимсиз одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан огоҳ этди. Шундан сўнг Восиқ уни Бағдоддан Сомаррога келтириб, қатл эттирди. Аммо Восиқнинг ўзи ҳам умрининг охирларига келиб бу эътиқоддан воз кечди.

Восиқ ҳижрий 232 йили зулҳижжанинг йигирма тўртинчи куни вафот этди ва ўрнига укаси Мутаваккил ибн Мўътасимга байъат берилди. Восиқнинг халифалиги беш йилу тўққиз ой давом этди.

Исёнлар

Мўътасим вафот этгач, Дамашқда қайсийлар қўзғолон кўтариб, амирларини қамалга олдилар. Восиқ уларга Ражо ибн Айюб Ҳазорий бошчилигида қўшин юборди. Қўшин Роҳит яйловида лашкаргоҳ қурди ва қайсийлар билан Думада тўқнашиб, улар устидан ғалаба қозонди. Дамашқни тартибга келтиргач, қўшин Абу Ҳарб Мубарқаъга қарши уруш олиб бориш учун Фаластинга йўл олди.

Ҳижрий 229 йили Восиқ девонлардаги котибларни ҳибсга олди, баъзиларига дарра урдирди, баъзиларига жуда катта миқдорда молиявий жазо юклади, халифа уларни хиёнат қилишда ва вазифаларини сидқидилдан бажармасликда айблаган эди.

Ҳижрий 230 йили Мадина атрофидаги аъробийлар итоатдан бош тортиб, бузғунчилик қила бошлади. Восиқ улар устига Катта Буғо бошчилигида аскар юборди. У исёнкор қабилаларни мағлуб этиб, таъзирини берди. Улар Макка ва Мадина оралиғидаги Бани Сулайм, Мадина шарқидаги Ғатафон, Тамимдаги Бани Намир қабилалари эди.

Ҳижрий 230 йили Хуросон волийси Абдуллоҳ ибн Тоҳир вафот этди, Восиқ унинг ўрнига ўғли Тоҳирни волий қилди. Шундай қилиб, Хуросон волийлиги виросийга (отадан ўғилга ўтадиган меросга) айланди.

Рабиа диёрида Муҳаммад ибн Амр Хорижий исён кўтарди. У асир олиниб, Сомаррога юборилди ва у ерда қатл этилди.

Рум ўлкаларига келсак, ҳижрий 227 йили Теофил Михаил вафот этди. Ўғли Михаил ҳали ёш бола бўлгани учун румликлар Михаилнинг онаси Теодорани тахтга кўтардилар. 231 йили мусулмонлар ва румликлар ўртасида асирлар алмашуви бўлиб ўтди, мусулмон асирлар сони 4362 нафар, румлик асирлар сони эса бундан анча кўп эди. Шу воқеадан кейин қишга бориб, Аҳмад ибн Саид Рум диёрига ғазот қилди.

Амирликлар

Ярим мустақил амирликлардаги аҳволга келсак, икки хаворижлар давлати – Тоҳартдаги ибозийлар ва Сижилмосадаги суфрийлар давлати фаолияти давом этарди. Ибозийлар давлатида Афлаҳ ибн Абдулваҳҳоб, суфрийлар давлатида эса Маймун ибн Бақийя ҳукмдорлик қиларди.

Идрисийлар давлатини эса ҳали Восиқ халифа бўлмасидан аввал Муҳаммад ибн Идрис бошқариб келарди.

Андалус ҳокими Абдураҳмон Авсат (иккинчи) эди. У билан Тутила (Тудела) волийси Мусо ибн Мусо ўртасида 228 йили уруш бўлиб ўтди.

Фаранглар мусулмон диёрларига денгиз орқали ҳужумлар уюштирдилар, аввал Шизунага (Сидонияга), ундан Ишбилияга (Севилияга) ўтдилар ва бир неча бор мусулмонларни мағлуб этдилар. Абдураҳмонга бунинг хабари етгач, у ишбилияликларга мадад кучлари юборди, шундан сўнг фаранглар мағлуб бўлиб, ортга қайтиб кетдилар.

Ағлабийлар давлатига келсак, Қайравон ҳокими Абул Аббос Муҳаммад ибн Ағлаб 228 йили Фазл ибн Жаъфар Ҳамадоний бошчилигида денгиз кучларини сафарбар этди ва бу қўшин Мосина (Массена) портига келиб тушди. У ерда Фазл икки йил уруш олиб борди ва мусулмонлар 232 йили Мосина (ҳозирда Италияга қарашли Массена) шаҳрига киришга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, 229 йили у ердаги мусулмон қўшинига мадад учун Абул Ағлаб Аббос ибн Фазл Фазорий бошчилигида қўшин ҳам етиб келди ва  Сиқилия (Сицилия) фатҳига бошчилик қилди.

Муҳаммад ибн Ағлаб билан укаси Аҳмад ўртасида уруш чиқди ва бу урушда Муҳаммад ғолиб келиб, укаси Аҳмадни Машриққа сургун қилди, у ўша ерда, Ироқда вафот этди. Муҳаммад укасидан хотиржам бўлганидан сўнг кўп ўтмай унга қарши Зоб амири Солим ибн Ғалбун исён кўтарди, сабаби Муҳаммад уни амирликдан бўшатган эди. Икки ўртада уруш бўлиб, бу Солимнинг ўлдирилиши ва исёни бостирилиши билан ниҳояланди.

 

Изоҳ қолдиринг