Аббосийлар давлатининг барпо қилиниши

0

Аббосийлар давлатининг барпо қилиниши

Мусулмонларнинг аҳли байтга (Пайғамбар хонадони аҳлига) бўлган муҳаббати ва уларга нисбатан хусусан Карбало фожеасидан кейин кучайган ачиниш ҳисси ҳукмронлик тамасидаги ҳар қандай кимсалар учун қулай фурсатга айланди ва ундайлар ўз фаолиятларини аҳли байтга хизмат ва улар фойдасига даъват ниқоби остида олиб боришга ўтдилар. Мухтор ибн Убайд Сақафий ҳам ана шундай кимсалардан бири эди. У Ироқда амирулмўъминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу  билан бирга бўлган, унинг вафотидан сўнг Басрада яшаган, Карбало воқеасидан кейин Убайдуллоҳ ибн Зиёд уни Тоифга сургун қилган эди. Шундан сўнг у Абдуллоҳ ибн Зубайрга тарафдорлик қилди ва ўзини унга даъват қилувчилардан деб эълон қилди. Ундан ўзини Ироққа вакил қилиб юборишини сўради ва Ибн Зубайрнинг розилиги билан Ироққа кўчиб ўтди. Ироқда у Муҳаммад (ибн Ҳанафия[1]) ибн Али ибн Абу Толибнинг халифа қилиниши учун даъват бошлади. Бироқ Муҳаммад ибн Ҳанафия унинг даъватини қабул қилмади, даъвосини инкор қилиб, уни ёлғончига чиқарди.

Бани Умайя ҳукмдорлари умуман олганда, Бани Ҳошимга яхши муносабатда бўлиб, уларга етарли даражада моддий ёрдам кўрсатишар, каттагина ҳадялар бериб туришар эди. Бироқ давлатга қарши чиқишга ва  жорий халифага исён кўтариб, бошқа бировга байъат беришга чақирган кишиларни аяб ҳам ўтирмас эдилар. Шу боис Бани Умайя гарчи Бани Ҳошимга нисбатан ёмон муносабатда бўлмаса-да, барибир уларда ҳошимийлардан хавфсираш ҳисси сақланиб турар ва уларни имкон қадар масофада тутиб туришар эди. Буни бошқалар ҳам сезмай қолмаган эди, албатта.

Бани Умайя душманлари эса ҳар қачон аҳли байтдан бирон киши касаллик ё бирон сабаб билан ўлса, уни Бани Умайя заҳарлаганини ёки бошқа бирон йўл билан ўлимига сабаб бўлганини даъво қилиб чиқарди.

Ҳошимийлардан бўлган Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад  Дамашққа умавий халифа Сулаймон ибн Абдулмалик зиёратига боради. Сулаймон унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, совға-саломлар билан кузатиб қўяди.

Сўнг Абу Ҳошим Мадинага қайтиб келар экан, йўлда касалга чалиниб ётиб қолади. Ажали яқинлашиб қолгани маълум бўлгач, ҳамроҳлари унга: “Сулаймон сизни заҳарлаган бўлса керак”, дейишади. Касаллик ва иситма ичида унинг ўзи ҳам шундай бўлган деган гумонга бориб қолади. Бу воқеа ҳам Бани Ҳошимнинг Бани Умайяга қарши адовати кучайишига яна бир сабаб бўлди. Шу воқеадан кейин унинг амакиваччаси Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос Бани Умайяга қарши ҳаракатлар ташкил қилишга киришиб кетди.

Муҳаммад ибн Али ўз даъватига марказ қилиб, кўздан четроқда бўлган Кўфа шаҳрини танлади ва ҳаракатни ўша ердан туриб яширин ҳолда бошқаришга киришди. Бани Умайя ичидаги қарама-қарши фикрдаги кишиларнинг барини ўз тарафларига оғдириш учун халифаликка даъвогарнинг шахси яширин қолиши мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки агар номи ошкор бўлса, фақат унинг тарафдорлари бўлган гуруҳларгина ҳаракатга қўшилар, бошқаларни ҳаракат сафларига тортиш мушкул бўларди. Шунинг учун у ўз даъватини ҳошимийлик даъвати атаб, аҳли байтдан бўлган Имом Ризо шахсига даъват қила бошлади. Бу билан у Алининг авлодларини, шунингдек, Аббос, Жаъфар ва Ақилнинг авлодларини ҳам ўз даъватига торта оларди. Кўфани марказ қилиб танлашига сабаб, Бани Умайяга қарши фикрдагилар асосан ўша ерда жойлашган, Али авлодларига ёрдам кўрсатувчилар кўплаб топиларди.

У яна кўрдики, Хуросон ўлкаси халифалик давлатининг шарқ томонида жойлашган, шароит тақозо қилса у ердан қўшни турк ерларига қочиб ўтиш осон. Хуросонда араблар ўртасида – қайсийлар билан ямонийлар орасида кескин кураш борарди. Шу зиддиятлардан фойдаланиб қолиш мумкин эди. Бундай курашлардан тўйган кишиларни ўз тарафларига оғдириш осон кечарди.

Хуросон аҳли асосан деҳқончилик билан шуғулланар, унда кўплаб мавлолар (озод қилинган собиқ қуллар) истиқомат қиларди. Катта шаҳарларга қараганда тирикчиликлари оғир эди. Муҳаммад ибн Али асосан ўшаларни ўз қўшини сафига тортишга ҳаракат қилди. У Кўфани даъват маркази бўлиб қолишини ва даъватчиларнинг бошлиқлари ўша ерда туришини, Хуросон эса даъват тарқалишининнг асосий ўрнига айланишини истади. Бу эса унинг ва даъватчиларининг шахси махфий қолишини кафолатларди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлики, Хуросон баъзи тарихчилар ёзганидек фақат форслар диёри бўлмасдан, балки у ерда турклар, форслар, араблар истиқомат қиларди. У аслида турк диёри саналади. Исломдан илгари унда форслар ҳукмронлик қилгани боис форс миллати ҳам кўп тарқалганди.

Аббосийлар даъвати Хуросонда анча кенг тарқалди ва секин-аста ишни махфийликдан ошкораликка олиб чиқишди. Шундан сўнг Хуросон ҳокими Асад ибн Абдуллоҳ Қасрий аббосийлик даъвати бошлиқларидан Абу Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад ибн Ханис ва бошқа бир неча кишиларни қўлга тушириб қатл қилди, Аммор Ибодий каби бошқа баъзилар эса қочиб қутулишга муваффақ бўлдилар. Бу воқеа ҳижрий 107-йилда бўлди.

Шу орада Хуросонда ямонийлар ва бошқалар ўртасидаги ички курашлар кескинлашиб, жангу жадалга айланиб кетди ва Хуросон бир неча йил уруш ичида қолди.

Шундан сўнг аббосийликка даъват қилувчилар даъват ишини яна махфий ҳолатга кўчиришга қарор қилдилар. Аввал танилмаган янги бошлиқлар тайин қилинди. “Хаддош” деб танилган Аммор ибн Язидни Хуросонга даъватчилар бошлиғи сифатида юбордилар. У одамларни аббосий Муҳаммад ибн Алига байъат қилишга чақира бошлади ва кўплаб тарафдорлар йиғишга муваффақ бўлди. У ўз тобеларини хуррамийлик ва зиндиқлик ақидасига чорлади, ўзига эргашганлардан шаръий мажбуриятларни бекор қилди, хотинларини бир-бирига ҳалол қилди ва бу ишларининг барини Муҳаммад ибн Алининг буйруғи деб, унинг номидан ёлғон даъво қилди. Шундан сўнг давлат уни ушлаб, қўлини ва тилини кесди, сўнг уни осиб ўлдирди. Бу воқеа ҳижрий 118 йилда юз берди.

(Давоми бор)

[1] Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳодан туғилган Ҳасан ва Ҳусайндан, шунингдек бошқа ўғилларидан ажралиб туриш учун онаси Хавла бинти Жаъфар Ҳанафияга нисбатан Ибн Ҳанафия деб танилган.

Изоҳ қолдиринг