Абосийлар давлати: Мутаваккил даврида амирликлар

0

Ибозийлар ва суфрийлар амирликлари

Икки хавориж давлати – Мағрибдаги ибозийлар ва суфрийлар давлатида аҳвол Мутаваккил халифалиги даврида ҳам деярли ўзгаришсиз қолди.

Андалус

Андалусга келсак, унинг амири Абдураҳмон Авсат ҳижрий 238 (мелодий 852) йили вафот этди ва ўғли Муҳаммад Биринчи унинг ўрнига тахтга ўтирди. Унинг даврида Андалус шимолида – Барселона, Толедо ва бошқа ўлкаларда қўзғолонлар бўлиб ўтди. У қўшинлар юбориб, қўзғолонларни бостирди ва мазкур ўлкаларда тинчлик ўрнатди. У ҳижрий 273 йили вафот этгунига қадар  тахтда қолди.

Идрисийлар

Идрисийлар давлати ҳақида сўзлайдиган бўлсак, унда Али ибн Муҳаммад то ҳижрий 238 йили вафот этгунича подшоҳ бўлиб турди. Ундан сўнг укаси Яҳё Биринчи тахтга чиқди. Унинг даврида давлат кенгайди, вазият осойишта бўлди. У вафот этгач, ўрнига жияни Яҳё ибн Али ибн Муҳаммад (Яҳё Иккинчи) тахтга чиқди. У ёвуз одам эди. Одамлар унга қарши бош кўтардилар, Абдураҳмон ибн Абу Саҳл Фас шаҳрини истило этди. Шундан сўнг Яҳёнинг хотини отасига – Риф минтақаси ҳокими Али ибн Умар ибн Идрисга мадад сўраб, чопар юборди. У келиб, Абдураҳмон ибн Абу Саҳл исёнини бостирди.

Ағлабийлар

Тунис шаҳрида Амр ибн Салим деган шахс Муҳаммад ибн Ағлабга қарши исён бошлади ва унинг қўшини устидан ғалаба қозонди. Бироқ кейинги жанглардан бирида мағлуб бўлиб, ўлдирилди.

Мусулмонлар Сицилия оролида Қасриёна (ҳозирда Энна) шаҳрини фатҳ қилдилар, пойтахт Сарагоса мусулмонлар қўлига ўтиб кетгач, ушбу шаҳар Сицилиянинг янги пойтахтига айланган эди. Қасриёна фатҳи ҳижрий 237 йили бўлди.

Ағлабийлар амири Абул Аббос Муҳаммад Биринчи ҳижрий 242 йили вафот этди ва ўрнига Абу Иброҳим Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ағлаб тахтга ўтирди. Унинг даврида  барбарлар Тираблус (Триполи) минтақасида исён кўтардилар ва 245 йили унинг ҳокимини мағлуб этдилар. Аҳмад улар устига иниси Зиёдатуллоҳни юборди. У исённи  бостириб, ҳукмронликни қўлга олди.

Аббосийлар даврининг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқичи бошланиши

Мутаваккилнинг халифалик даври ниҳоясига етиши билан аббосийлар халифалигининг куч-қудратга тўлган даври бўлмиш биринчи босқичи ниҳоясига етди ва заифлашишга қараб кетган кейинги босқичи бошланди. Бу босқичда аста-секин ҳарбийлар бутун ҳукмронликни қўлга олдилар ва кўпинча қўғирчоққа айлантирилган халифалар ортида  туриб, давлатни бошқардилар. Улар халқларга кўп зулм ўтказдилар ва бунинг ортидан давлат аста-аста заифлашишга, устунлари бир-бир емирилиб, қулашга қараб йўл олди ва охири мўғул-татарлар истилоси остига тушди.

Кейинги мақолаларимизда шу ҳақда сўз боради.

 

 

Изоҳ қолдиринг