Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Ички ишларни идора қилиши

0

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давлат бошқаруви учун ўзига белгилаб олган сиёсатини амалга оширишга киришди ва бу ишда саҳобайи киромларнинг ёрдамига таянди. Бу умматнинг амини (энг омонатли кишиси) деб аталган Абу Убайда ибн Жарроҳни ҳозирги замон таъбири билан айтганда, молия вазири қилди ва унга байтулмолнинг ишларини топширди. Умар ибн Хаттобни қозилик ишига – адлия вазирлигига тайинлади, кези келганда Сиддиқнинг ўзи ҳам бевосита қозилик ишларини адо қиларди. Зайд ибн Собитга котибликни – алоқа вазирлигини топширди[1]. Баъзан ҳузурида бўлган Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон каби бошқа саҳобалар ҳам унга котиблик вазифасини бажараверар эди. Мусулмонлар Абу Бакр Сиддиқни “Расулуллоҳнинг халифаси” деб номладилар ва унга шундай деб мурожаат қилар эдилар.

Саҳобалар Сиддиқни тирикчилик ташвишлари ва бошқа ишларидан фақат халифалик ва давлат бошқаруви ишига фориғ қилишни истадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу савдогар киши бўлиб, ҳар куни эрталаб бозорга чиқиб кетар ва олди-сотди ишлари билан шуғулланар эди. Халифаликка сайланганидан кейин ҳам бир куни эрталаб тижорат молларини елкасига ортиб, бозорга йўл олди. Йўлда кетаркан, Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайдага дуч келди. Улар ундан: “Йўл бўлсин, эй Расулуллоҳнинг халифаси?”, деб сўрадилар. “Бозорга”, деди. “Бозорда нима қиласиз, сиз энди мусулмонлар ишига бошлиқ бўлдингиз”, дедилар. “Бола-чақамни нима билан боқаман?”, деди. Улар: “Юринг биз билан, сизга маош тайин қиламиз”, дедилар. Шундан сўнг у улар билан кетди. Улар унга кунлик яримта қўйни маош сифатида белгиладилар[2]. “Ар-риёзун назира”да ёзилишича, унга йиллик 250 динор ва кунлик баъзи аъзолари кесиб олинган бир қўй гўштини маош сифатида белгиладилар. Бу унинг оиласига етарли бўлмади. У ўзида бор бўлган барча динору дирҳамларни мусулмонларнинг байтулмолига ташлаб, яна ўзи бозорга чиқиб, тижорат қила бошлади. Умар розияллоҳу анҳу Сиддиқ хонадонига келса, унинг эшиги олдида бир қанча хотинлар ўтиришган экан. “Нима ишинглар бор?”, деб сўраган эди, улар: “Расулуллоҳнинг халифасини кутиб ўтирибмиз, ўртамизда келишмовчиликлар бор, шуни ажрим қилиб берсин”, дедилар. Умар бориб, Абу Бакрни бозордан топди ва қўлидан ушлаб: “Буёққа юринг”, деди. У: “Менга сизларнинг амирлигингиз керак эмас, берган маошларинг бола-чақамга етмас экан”, деди. “Унда маошингизни кўпайтирамиз”, деди Умар. Абу Бакр: “300 динор ва бир бутун қўй”, деди. Умар: “Йўқ, бунча беролмаймиз”, деди. Икковлари устига Али розияллоҳу анҳу келиб қолди. У: “Менимча, Абу Бакрга у сўраган маошни тўла бериш лозим”, деди. Умар: “Сиз шундай деб ўйлайсизми?”, деган эди, у: “Ҳа”, деди. “Майли, унда шундай қиламиз”, деди Умар. Шундан сўнг Абу Бакр масжидга келиб, одамлар йиғилган пайтда минбарга кўтарилди ва: “Эй одамлар! Менга ажратилган нафақа 250 динор ва баъзи аъзолари олинган қўй эди. Энди Умар ва Али менинг маошимни йиллик 300 динор ва кунлик бир бутун қўй қилиб белгиладилар. Сизлар шунга розимисизлар?”, деди. Мусулмонлар: “Ҳа, Худо ҳаққи, розимиз”, дедилар[3].

Шундай қилиб, саҳобалар дин ва дунё ишлари бошқарувига масъулият билан ёндашиб, ўз имомларига маош тайин қилдилар ва уни тирикчилик ишларидан фориғ бўлиб, фақат давлат иши билан машғул бўлишига имкон яратиб бердилар. Чунки у энди бутун мусулмон умматининг раҳбари эди ва бу лавозим ундан кўп вақт, куч-ҳаракат ва ақлий меҳнат талаб қиларди.

Ҳозирги кунда башарият ўша саҳобалар ризвонуллоҳи алайҳим давридаги ҳолатдан нақадар узоқлашган! Улардан кейинги даврлардан бошлаб давлат хазинаси айрим шахслар қўлида қолди. Ўшалар уни ўзлари истагандек сарфлашади, истагандек тасарруф қилишади. Уларнинг маошлари миқдори ҳам махфий, бировга ҳисоб бериб ўтиришмайди. Барча бойликлар уларнинг қўлларида йиғилиб қолган. Улар ким десангиз, мутлақ аксарияти заиф-бечора халқларнинг амир ва ҳокимлари бўлиб чиқади. Бироқ, бойлик ҳар қанча кўп бўлмасин, ўрни келганда бу нарса ўз эгасига асқотмайди. Мана, оддий мисол, Эрон шоҳи беҳисоб бойликлар эгаси бўлишига қарамай, дўппи тор келган пайтда уни қабул қиладиган ва паноҳига оладиган ер топилмади. Бу шу дунёдагиси, энди охиратдаги аҳвол ўта оғир, ҳисоб жуда қаттиқ бўлади.

Абу Бакр Сиддиқ ана шундай, ҳамма учун очиқ, ўрнак бўлишга арзигули раҳбар эди. Мусулмон ҳокимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ислом давлатини идора қилган бу улуғ саҳобадан ўрнак олишлари ва умматни бошқаришда унга эргашишлари лозим. Унинг қуйидаги сўзлари нақадар гўзал: “Қавмим яхши биладики, менинг касбим бола-чақамни боқишга кифоя қиларди, мен мусулмонлар ишлари билан машғул бўлиб қолдим, шу боис Абу Бакрнинг оиласи бу молдан ейди ва у бунинг эвазига мусулмонларнинг хизматини қилади”.

Сиддиқ бу сўзлари билан гўзал бир маънони таъкидламоқда. У ҳам бўлса, динда волийлик (мансабдорлик) фойда топиш ва бойлик орттириш воситаси эмас. Волий учун маош унинг уммат ишлари билан машғул бўлиб, ўз тирикчилигига орта олмагани учунгина тайин қилинади.

Сиддиқ ва саҳобайи киромлар ўз амаллари билан тарих лавҳига ана шундай зарҳал битиклар битиб кетдилар. Башарият ҳар қанча уринмасин, уларнинг мақомларига етиш эришиб бўлмас орзу бўлиб қолаверади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ислом давлатини бино қилиш йўлида улкан ишларни амалга оширди. Давлат биносининг ички қурилмасига жиддий аҳамият қаратди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қолдириб кетган бу бинога таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай тешик-тирқишларни қолдирмай тузатди. Раиятга қаттиқ эътиборли бўлди, унинг бу борада олиб борган ишлари ҳам ўзига хосдир. Қозилик ишларига алоҳида аҳамият қаратди, волийларнинг ишларини давомий назорат қилиб борди. Ҳар бир одимида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида юрди.

Келгуси мақоламизда унинг ўзига хос сиёсати ҳақида батафсил сўз юритилади.

[1] Шавқий Абу Халил, “Фит-тарихил исломий” (218-бет).
[2] “Ар-риёзун назира  фий маноқибил ашара” (291-бет).
[3] Аввалги манба (291-бет).

Изоҳ қолдиринг