Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Муртадликда ва уларга қарши курашда аёллар иштироки

0

Муҳожир ибн Абу Умайя қўшини (давоми)

Шундай қилиб, Киндада муртадликка барҳам берилди. Икрима ибн Абу Жаҳл асирлар ва ўлжаларни олиб, ортга қайтди. У Ашъас ибн Қайсни ҳам ўзи билан олиб келди. Ашъасни қавми ёмон кўриб қолган, айниқса, хотин-халажлар уни қарғаб, номини хиёнатчига чиқарган эди, чунки у мусулмонлар билан сулҳ тузишга борганида асосан ўз жонини қутқаришни ўйлаган эди. Ашъас Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига келгач, Абу Бакр унга: “Нима дейсан, шунча қилмишларинг учун сени нима қилай?” деди. У: “Менга марҳамат кўрсатасиз, кишанларимни ечасиз ва менга синглингизни берасиз. Чунки мен қайтиб, мусулмон бўлдим”, деди. Абу Бакр: “Майли, сен айтганча бўлсин”, деди ва синглиси Умму Фарва бинти Абу Қуҳофани унга хотинликка берди. Ашъас то Ироқ фатҳ этилгунча Мадинада яшаб қолди.

Бир ривоятда шундай дейилади: Абу Бакрнинг жазолашидан қўрқиб, Ашъас унга: “Умид қиламанки, менга яхши муомала қиласиз, кишанларимни ечасиз, хатоларимни кечирасиз, исломимни қабул қиласиз, менга ҳам мен кабиларга қилган муомалани қиласиз, хотинимни қайтариб берасиз, натижада, мени қавмим ичидан Аллоҳнинг динига энг яхши амал қилувчи одам эканимни кўрасиз”, деди. “Хотинимни қайтариб берасиз”, дегани сабаби, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида ҳузурларига биринчи бор келганида Умму Фарва бинти Абу Қуҳофага совчи қўйиб уйланган ва кейин уни Мадинада қолдириб кетган эди. Абу Бакр унинг қонидан кечди, исломини қабул қилди ва аҳли оиласини унга қайтариб берди. Сўнг унга: “Кетавер, аммо менга сен ҳақингда фақат яхши гап келсин”, деди. Унинг қавмини ҳам қўйиб юборди. Улар ҳам кетдилар.

Аёл: вайронгарчилик ва бунёдкорлик ўртасида

Ямандаги муртадликка қарши урушлар мобайнида аёл кишининг икки хил кўриниши ўртага чиқди. Бири мусулмонлар билан бирга муртад ва разилларга қарши курашган, инсу жин шайтонларига қарши жасорат билан турган аёл сурати – Шаҳр ибн Бозоннинг хотини ва Феруз Форсийнинг амакиваччаси Озод Форсия бўлиб, у чин муслима сифатида мусулмонлар томонида турди, Яман каззоби Асвад Ансийга суиқасдни амалга оширишда мусулмонлар қаторида фаол иштирок этди. Мусулмон киши ҳар бир асрда муслима Озод шахсида динига ғайратли ва жасоратли аёл тимсолини кўради, Муҳаммад Ҳусан Ҳайкал каби ёзувчиларнинг Озод Форсиянинг Асвад Ансийга қарши бу ҳаракатига миллатчилик тўнини кийдиришга бўлган уринишларини ёқламайди. Мазкур ёзувчи Ансий ҳақида сўз юритаркан, шундай деб ёзади: “Унинг иши олдинга босиб, ҳокимияти кучайгач, Қайс ва Ферузга нисбатан муомаласи ёмон томонга ўзгарди, бу иккиси ва бошқа форслар унга қарши чиқишларидан чўчий бошлади. Унинг форс хотини буни билгач, томирларида оқиб ётган форс қони ғалаён қилди, севикли эри бўлмиш форс йигитини ўлдирган бу жирканч коҳинга нисбатан кўнглидаги нафрати кучайди, шу кунгача у аёллик қобилияти ила буни Ансийдан махфий тутиб келарди, унинг ишончини қозониш учун ўзини унга вафодор қилиб кўрсатишга уринарди ва шу билан унинг ишончига киришга муваффақ бўлган эди”[1].

Бундай ёзиш услубида форс миллатига мансуб муслима Озоднинг шаънини камситиш ва унинг ишини фақат миллатчилик ҳаракати деб баҳолаш бор. Ёзувчи уни форслиги учунгина араб бўлган Асвадга хиёнат қилишда айбламоқда, бу эса мавзуга умуман алоқасиз нарсадир. Аслида, Асвад Ансий бу солиҳа аёлнинг мусулмон эрини ўлдирган ва унга зўрлик билан уйланган эди. Озод Асвадни шундай деб тасвирлайди: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мен учун ундан кўра ёқимсизроқ инсонни яратмаган. У Аллоҳ учун ҳақда турмайди ва ҳаромдан тийилмайди”[2]. Аллоҳ таоло бу аёлни туғёнкор Асвад Ансийнинг ҳалокатига сабабчилардан қилди. Аввало Аллоҳ, қолаверса, шу аёлнинг мақтовли саъй-ҳаракатлари бўлмаганида, Феруз ва унинг одамлари Ансийни ўлдиришнинг уддасидан чиқолмас эдилар. Уни бу ишга ундаган асосий сабаб динига, ақидасига, динига муҳаббати, Яманда исломнинг илдизига болта уришга чоғланган жирканч каззоб Асвад Ансийга бўлган нафрати эди.

Бу айтганларимиз ўз дини учун ғайрат кўрсатган яманлик мусулмон аёлнинг нурли кўринишига бир мисол эди.

Энди Ямандаги баъзи яҳудий хотинлар ва уларнинг ноғорасига ўйнаган хазрамавтлик араб аёлларнинг қилмишига келсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан қувониб, гўё қанот чиқариб учдилар, бузуқ ва фосиқ кимсалар билан байрам кечалари уюштириб, уларни қабоҳат ва разолатга ташвиқ этдилар, шайтонга қўшилиб, одамларни Исломдан қайтаришга ва мусулмонларга қарши урушишга чақириб юрдилар. Бу хотинлар жоҳилият даврида фоҳишалик билан танилган эдилар. Ислом келгач, уларни бу жирканч касбдан ман қилган ва улар ўзларини гўёки тор ҳибсхонага тушиб қолгандек ҳис қила бошлаган эдилар. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоти хабари келгач, улар қўлларига хиналар қўйиб, чилдирмалар чалиб, куй-қўшиқлар куйлаб, ўзларининг беҳад қувончларини изҳор қилишди. Улар орзу қилган кунлар етиб келган эди. Кўпчилиги ерли халқдан, баъзилари яҳудийлар эди. Бу ҳаракат тарихда “фоҳишалар ҳаракати”  деб ном олган. Улар Хазрамавт қишлоқларида тарқалган йигирмадан зиёд фоҳишалар бўлиб, ичларида энг машҳури яҳудий Ҳир бинти Ёмин эди.  Унинг фоҳишалиги зарбулмасал эди, зинога муккасидан кетганлар ҳақида “Ҳирдан ҳам зинокорроқ” деб гапириларди. Ушбу фоҳиша аёлларниннг қилиб юрган ишлари хабари Абу Бакрга етиб боргач, у Ямандаги вакили Муҳожир ибн Абу Умайяга ўта ғазабнок бир мактуб юборди. Мактубда шундай дейилган эди: “Ушбу хатим етиб борган заҳоти улар устига отлиғу пиёдаларинг билан юриш қил. Уларни тутиб, қўлларини кес! Бирон киши уларни ҳимоя қилса, ҳужжат билан узрини соқит қил ва унинг бу иши нақадар оғир гуноҳ эканини тушунтир. Бу ишидан қайтса, ундан қабул қил, агар бош тортса, уларга қарши уруш оч. Муҳаққақки, Аллоҳ хоинларнинг ишига ривож бермайди”.

Муҳожир мактубни ўқигач, қўшин ҳозирлаб, зудлик билан улар устига юриш бошлади. Кинда ва Хазрамавт аҳлидан айримлар у аёллар ҳимоясига отланган эди, уларга ишнинг ҳақиқатини тушунтирмоқчи бўлди. Бироқ улар эшитишни истамадилар ва урушишга қасд қилдилар. Муҳожир уларни урушда мағлубиятга учратди ва хотинларни тутиб, қўлларини кесди. Уларнинг баъзилари ўлди, баъзилари Кўфага кўчиб кетди. Аёлларнинг барчаси Исломнинг адолатли маҳкамасида ўзларга лойиқ жазони олдилар. Абу Бакрнинг вакили уларга Исломга қарши чиққанларга бериладилган жазони берди.

Халифага бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳажв қилиб қўшиқ куйлаган, бошқаси мусулмонларни масхаралаган хазрамавтлик икки аёл ҳақида хабар келди. Ўша ўлка волийси Муҳожир ибн Абу Умайя у аёлларга қўлларини кесиш ва олд тишларини суғуриш билан жазо берган эди. Абу Бакр биринчи аёлга берилган жазони оз санади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳажв қилган бу жиноятчи хусусида унга ёзиб юборган мактубида шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб, қўшиқ куйлаган хотинга берган жазойинг ҳақида менга хабар етиб келди. Агар жазо бериб бўлмаганингда эди, мен уни ўлдиришга буюрган бўлардим. Чунки пайғамбарлар шаъни учун бериладиган жазо бошқа одамлар шаъни учун бериладиган жазодан фарқлидир. Бу ишни мусулмон қилган бўлса, у муртад бўлади. Зиммий қилган бўлса, у аҳдни бузган хиёнатчи душман бўлади”.

Мусулмонларни ҳажв қилган хотин ҳақида ёзган мактубида эса шундай деган эди: “Мусулмонларни ҳажв қилган аёлнинг қўлини кесиб, тишини суғуриб жазолаганинг хабари менга етди. Агар у аёл мусулмонлардан бўлса, унга адаб бериш ва мусла қилмасдан таъзирини бериш кифоя эди. Агар зиммийлардан бўлса, зиммийнинг ундан кўра каттароқ гуноҳ бўлган ширкидан ҳам кўз юмасан-ку! Агар шу каби ишларинг устига бориб қолсам, мендан яхшилик кўрмаган бўлардинг. Юмшоқроқ бўл, қасосдан бошқа ўринда одамларни мусла қилишдан сақлан! Чунки бу нарса гуноҳ ва нафратга сабаб бўлади”[3].

[1] «Сиддиқ Абу Бакр” (79-бет).
[2] «Ал-комил фит-тарих” (2/310).
[3] “Тарихи Табарий, 4/157.

Изоҳ қолдиринг