Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД (2): хаворижларнинг турлари

0

Хаворижларнинг турлари

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хаворижлар дўзах итларидир: улар тўғрисидаги ҳадис ўнта йўналишдан ривоят қилинган” (Халлолнинг “Суннат” китоби, (1\145)). Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хаворижлар тўғрисидаги ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан йигирма бешта саҳоба ривоят қилган” (“Фатҳул Борий” (12\302)).

Хаворижлар тўғрисида келган ҳадислар кўп бўлишига қарамай уларнинг қачон чиқишларини тушуниш баъзи уламоларга нисбатан мушкул бўлган. Шунинг учун Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ хаворижлар ҳақидаги “Охирзамонда ёши кичкина, ақли калта одамлар чиқади. Улар энг яхши инсоннинг (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) номидан гапиришади. Бироқ иймонлари оғизларидан нарига ўтмайди” ҳадиси ортидан шундай дейди: “Бу ҳадис келгуси бобдаги Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳадисига тескари. Чунки у хаворижлар Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида чиқишларини тақозо қилади. Улар тўғрисидаги аксар ҳадисларнинг мазмуни ҳам шундай. Ибн Тин: “Мазкур ҳадисда саҳобалар замонасининг охири назарда тутилган” – деган, лекин бу нотўғри. Чунки саҳобалар замонининг охири ҳижрий иккинчи асрнинг бошларига тўғри келади. Улар бундан тақрибан олтмиш йил олдин чиқишган. Охирзамон деганда пайғамбаримиз йўлидаги халифаликнинг охири назарда тутилган, деб ривоятларни бирлаштириш мумкин. Хаворижларни Наҳравонда қатл қилиниши Али розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги даврларида бўлган” (“Фатҳул Борий” (12\287)).

Айний роҳимаҳуллоҳ Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг сўзларига қуйидагича раддия берган: “Агар хаворижлар бир неча маротаба чиқади десак, бу муаммога асло ўрин қолмайди. Ҳақиқатдан ҳам, хаворижлар бир неча маротаба пайдо бўлишган” (“Умдатул қорий” (24\86)).

Хаворижлар ҳақида келган ҳадисларни ўқиб-ўрганиб шуни хулоса қилиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сифатлар бир-биридан узоқ вақтда чиқадиган икки турли хаворижларга тегишли. Уларни кўрган ҳар бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сифатларни кўради. Улар кўп инсонларнинг фитнасига сабаб бўлишади. Айнан мана шу икки гуруҳдаги хаворижлар гоҳ-гоҳида пайдо бўлиб турадиганларидан анча хатарлидир. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда ҳар иккала гуруҳга бирма-бир тўхталиб ўтамиз.

Изоҳ қолдиринг