Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (6)

0

11) Ўзларидан бошқаларни кофир деб биладилар ва уларга қарши уруш очадилар

Тарихдан:

Зайд ибн Ҳисн Тоий хаворижларга шундай деган: “Мен бизнинг йўлимиздаги аҳли қиблага гувоҳлик бераманки, улар (яъни ўзларидан бошқалар) ҳавои нафсларига эргашдилар, Қуръоннинг ҳукмини ташлаб, гапда ҳам, ишда ҳам зулмга ўтдилар. Мен гувоҳлик бераманки, уларга қарши жиҳод қилиш мўминларнинг бурчидир”[1].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Мусулмон диёрларидаги тоғут бошлиқларнинг барча аскарлари муртад ва кофир аскарлардир. Бугунги кунда бу аскарларни, хусусан, Миср армиясини кофир ва диндан чиққан, ҳатто уларга қарши жанг қилиш вожиб деб айтмаслик ислом динида дуруст эмас”[2].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўзларидан бошқа барча мусулмонларни кофир ва уларга қарши жанг қилиш мусулмонларнинг бурчи деб эълон қилишган. Бугунги кундаги ИШИД ҳам барча мусулмон аскарларни кофир, уларга қарши жанг қилиш фарз, бу борада исломнинг ҳукми худди шундай, деб эълон қилишди.

12) Асоссиз кофирга чиқариб, бунинг учун тавба қилишларини талаб қилишади

Тарихдан:

Хаворижлар Али розияллоҳу анҳуга шундай деган: “Сен Аллоҳ учун эмас, ўзинг учун ғазаб қилдинг. Агар кофир бўлганингни тан олиб, бу ишингга тавба қилсанг ўйлаб кўрамиз. Акс ҳолда, сен билан жанг қиламиз”[3].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Эй мужоҳид аскарлари деб танилганлар, Сурия қўзғолончилари ҳаракати ва уларни шунга ундаган, ёрдам берган ва улар билан бирга жанг қилганлар. Эй мужоҳидларга қарши жанг қилганлар, тавба қилинглар, сизларга омонлик берамиз. Акс ҳолда, билиб қўйинглар, бизнинг Ироқда ҳам, Шомда ҳам аскарларимиз бор. Улар бамисоли оч шерлардир, шароблари қон, улфатлари бурдаланган мурдалардир”[4].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар Али розияллоҳу анҳу ва у киши билан бирга бўлганларни бир ҳакамнинг ҳукмига рози бўлгани учун кофир санашган ва ундан тавба қилишини талаб қилишган. Акс ҳолда, уларга қарши уруш қилишларини билдиришган. Бугунги ИШИД ҳам гумонга асосланиб, мужоҳидларга қарши жанг қилишди. Улардан тавба қилишларини талаб қилишди. Акс ҳолда, уларга қарши уруш қилишларини билдиришди.

13) Уларга қарши урушганларни, гарчи ўзларини ҳимоя қилиш учун урушган бўлсалар ҳам, кофир деб билишади

Тарихдан:

Шабиб ибн Язид Қабиса ибн Волиқ розияллоҳу анҳуни қатл қилганида шундай деган: “Эй мусулмонлар, Қабиса ибн Волиқ Тағлибийни қатл қилдинглар. Аллоҳ таоло: “Уларга биз ўз оятларимизни билдирган кимсанинг воқеасини айтиб беринг. У бизнинг оятларимиздан четлашди (амал қилмади). Шунда шайтон унинг ортидан эргашди ва у йўлдан озганлардан бўлди” – деган (Аъроф: 175). Сизларнинг қабиладошингиз Қабиса ибн Волиқ худди шу оятдаги инсонга ўхшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида у исломни қабул қилди. Сўнг эса кофирлар билан бирга сизларга қарши урушди” – деган. Сўнг унинг жасадига қараб: “Қуриб кеткур, олдинги динингда собит турганингда бу кўйга тушмасдинг” – деган[5].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Биз Шом ва Ливиядаги гуруҳларнинг аскарларини яна бир бор (бизга қўшилишга) чақириш билан бирга уларни Исломий Давлатга қарши жанг қилишдан олдин шошмасдан ўйлаб кўришга чақирамиз… Зеро, сен Исломий Давлатга қарши жанг қилиш билан ўзинг билиб ёки билмай кофир бўласан”[6].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар жонини, молини, обрўсини ҳимоя қилиш учун бўлса-да, уларга қарши жанг қилган ҳар қандай инсонни кофир деб билишган. Бугунги ИШИД ҳам уларга қарши жанг қилаётган барчани кофир деб билади. Унинг нима сабабдан жанг қилаётганининг аҳамияти йўқ.

Давоми бор

[1] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (7\286).
[2] “Ас-силмийяту дийну ман?” номли овозли баёнотидан.
[3] “Тарихи Ибн Халдун” (2\179).
[4] “Ар-роиду лаа якзибу аҳлаҳу” номли овозли баёнотидан.
[5] “Тарихул умам” (3\582).
[6] “Я қовманаа ажийбуу дааъияллоҳ” номли овозли баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг