Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик

3

Қадимги хаворижлар билан бугунги ИШИД ўртасидаги боғлиқлик

Бугунги кундаги эътиқодда адашган ҳар қандай оқимга қараманг, унинг ўтмишда бир илдизи бор эканига, у ўз фикрини ўша илдизидан олишига ва ўша асосда юришига гувоҳ бўласиз. Кейин тобора кенгайиб бораркан, ҳар бир оқим ўзи учун бир йўлни пайдо қилиб, ўша йўл атрофида жипслашади. Бинобарин, ҳар қандай фикрни, хусусан, эътиқодга оид масалалардаги фикрларни ўрганишда уни тарихдаги илдизига боғлай олиш жуда ҳам муҳим масала саналади.

Азиз ўқувчи, қуйида ўтмишдаги хаворижларнинг бир неча сифатларини ўқисангиз, ИШИД гуруҳи янги пайдо бўлган гуруҳ эмас, балки унинг илдизи ислом тарихининг аввалги асрларига бориб тақалишига, ўз фикрларини бир неча асрлар муқаддам пайдо бўлган ўша илдизидан олаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. ИШИД Аллоҳнинг нусратидан ва мусулмонларнинг ғалабасидан умидини узган кишиларни лол қолдирадиган ниқоблар ортига беркинишга ҳар қанча уринмасин, Аллоҳ таоло уларнинг асл башарасини барчага намоён қилиб қўяди.

Хаворижлар тарихини ўрганар эканмиз, шунга гувоҳ бўламизки, уларнинг илдизи Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ривожлана бошлаган. Баъзи “ақлли”лар ўзларича баъзи ишларни ножўя санаб, уни фақат қилич билан тузатиш мумкин, деган хулосага келишган. Шайтон васвасаси сабабли улар ўзларини Аллоҳ йўлида ҳақни етказадиган ва бу борада ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмайдиган зотлар деб ўйлаб, манманлик шаробига маст бўлишди. Бу сархушликлари мусулмонларнинг амири, халифаси, ўша вақтда ер юзидаги энг яхши инсонни қатл қилиш билан якунланди. Бу воқеани ёритишга тарихшуносларнинг сиёҳлари етмайди, балки қалбидан чиққан қон қаламларидан кўз ёш бўлиб оқади. Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиуун!

Усмон розияллоҳу анҳунинг қатлидан сўнг эндигина пайдо бўлган бу оқим ўзига бир раҳнамо танлаши, у раҳнамо оқимнинг асосларини тузиб, шубҳаларини янада мустаҳкамлаши керак эди. Шундан сўнг оқимнинг асосий ва хатарли фикрлари ривожлана бошлади. Оқимнинг бугунги кундаги издошлари ҳанузгача ўз фикрларини ўша даврдаги пешволаридан олишади. Ҳатто баъзи фикрлари сўзма-сўз бир хил экани бунинг яна бир исботидир.

Қуйида тарихдан хаворижларнинг баъзи сифатларини келтириб, ортидан ИШИДнинг худди шу фикрларини келтириб ўтаман. Адноний: “Ким инсоф қилмоқчи бўлса, биз ҳақимизда гапирганида Аллоҳдан қўрқсин ва бизга ўзимизнинг баёнотларимиз, нашрларимиз ҳамда нутқларимизга ёки бизнинг йўлимиз хато эканини исботлайдиган шаръий далилларга асосан ҳукм қилсин” – деганидек,   мен келтирган далиллар ИШИД пешволарининг расмий баёнотларидан бўлади, иншааллоҳ. Токи ИШИДга эргашганларнинг узри қолмасин.

1) Уларнинг орасида уламолар бўлмайди

Тарихдан:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хаворижларнинг ҳузурига келиб, улар билан баҳслашганида: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳожир ва ансор саҳобалари ҳузуридан келдим… Қуръон уларга нозил бўлган эди. Шундай экан, Қуръоннинг тафсирини сизлардан кўра улар яхши билишади. Сизларнинг ичингизда эса биронта саҳоба йўқ” – деган.

Бугунги кундан:

ИШИДга бир назар солинг, уларнинг ичида биронта олим ёхуд фатвоси дуруст саналадиган, сўзи эътиборга олинадиган бирон кимса борми?! Бугунги кунимизда уламолар ИШИД ичида уламо у ёқда турсин, ҳатто талабалар ҳам йўқ ва у жаҳолат устига барпо этилган оқим эканига иттифоқ қилишган.

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар орасида биронта саҳоба бўлмаган. Саҳобалар эса ўша замоннинг олимлари бўлишган. Худди шундай, бугунги ИШИДнинг ичида мустаҳкам илми билан танилган ёхуд таниқли бирон бир олим йўқ.

Давоми бор

 

Discussion3 комментария

  1. Асаламу алейкум рохматуллохи ва барокату Азиз бродар мен ИШИД нима деганини билмайман аммо имени кизиктирган нарса нимага сурия халки кирилиб кетябти бизди кузимиз факат хато килган мусулмонларди куради лекин Америка Россия ва бошка кофирларнинг зулми кузимизга куринмайди нима шу гапти айтмаймиз эй мусулмонлар качонгача жим утирасищлар китобимиз ёкилмокта мусулмонлар улдирилмокта ота онамиздан улуг буган пайгамбаримиз хакида ямон гаплар айтилинса у зотнинг киёфасини бузиб маскара килишса Яна нимани кутамиз уйгониш вакти кемадими

  2. Assalamu alaykum wa rahmatullahi wa barakatuh
    Men Abdulhakim Usmanov bolaman
    Menga bu maqola juda yoqdi
    Davomi qachon chiqadi?
    Keyin shuni ingliz tiliga tarjima qilib internetda tarqatsam maylimi

    • IxlosOrg

      Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
      Ҳурматли Абдулҳаким, аввало саҳифамизга бўган эътиборингиз учун миннатдормиз.
      Мақоланинг давоми тез орада чиқади, иншааллоҳ.
      Мақаолани хоҳлаган тилга таржима қилишингиз мумкин. Муҳими таржима тўғри бўлса бўлгани.
      Аллоҳ таоло хизматларимизни холис ва икки дунёмиз учун манфаатли қилсин!

Изоҳ қолдиринг