Али розияллоҳу анҳу: Абу Бакр Сиддиқ билан муносабатлари (2)

0

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалигига рози эди, қозилик ва бошқа ишларда унга ёрдамчи эди, унинг ҳадяларини қабул қиларди, шикоятларни унга етказарди, унинг орқасида намоз ўқирди, унга муҳаббатли эди, уни ёмон кўрадиганларни ёмон кўрарди. Хулафои рошидин, саҳобайи  киромлар ва уларнинг йўлида юрган зотларнинг энг катта душманлари бўлмиш шиа рофизаларнинг ўзлари ҳам бунга гувоҳлик беришган. Шиаликда ўта ғулув кетган Яъқубий ўзининг “Тарих”ида Сиддиқ хилофати даври ҳақида сўз юритар экан, шундай ёзади: Абу Бакр Румга қарши уруш қилмоқчи бўлиб, бу ҳақда бир гуруҳ саҳобалар билан маслаҳатлашди. Баъзилар унинг фикрини қўлладилар, баъзилар бошқача фикрларни ҳам айтдилар. Али ибн Абу Толибдан маслаҳат сўраган эди, у уруш қилишга маслаҳат берди. “Уруш қилсам, зафар бизга ёр бўлармикин?”, деган эди: “Ҳа, бу сизга мендан хушхабар бўлсин”, деди Али. Шундан сўнг Абу Бакр одамлар ичида хутба қилиб, уларни румликларга қарши урушга ҳозирлик кўришга буюрди. Бир ривоятда: Сиддиқ Алидан: “Қандай, қаердан сиз менга хушхабар бераяпсиз?”, деб сўради. Али: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай хушхабар берганларини эшитганман”, деди. Абу Бакр унга: “Эй Абул Ҳасан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган хушхабарингиз билан кўнглимни чоғ қилдингиз, Аллоҳ сизнинг кўнглингизни чоғ қилсин”, деди[1].

Яъқубий яна шундай ёзади: Абу Бакр даврида фиқҳий масалаларда фикрлари олинадиган кишилар Али ибн Абу Толиб, Умар ибн Хаттоб, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Масъуд эдилар[2].

Абу Бакр Сиддиқ Али розияллоҳу анҳуни бошқа барча саҳобалардан устун кўрарди. Улар ўртасида давомли илиқ муносабат бўлгани ва у Алини машварат ва қозилик ишларида муқаддам ўринга қўйгани бунга очиқ далилдир[3].

Холид ибн Валид Абу Бакр розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, арабларнинг бир ўлкасида ўзи эркак бўла туриб, эркак кишига хотин бўлган бир кимса борлиги ҳақида хабар берганида Сиддиқ саҳобаларни йиғиб, кенгашди. Али розияллоҳу анҳу шундай деди: “Бу шундай гуноҳки, уни илгари фақат бир халқ (Лут қавми) қилган. Аллоҳ уларни нима қилганини яхши биласизлар. Мен у кимсани ўтда куйдиришни маслаҳат бераман”. Бошқа саҳобалар ҳам унинг фикрини қўллаб-қувватладилар. Шундан сўнг Абу Бакр уни ўтда куйдиришга буюрди[4].

Али розияллоҳу анҳу Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг амру фармонларига амал қиларди. Бир гал Мадинага кофирлардан бир гуруҳ вакиллар (делегация) келди. Улар мусулмонларнинг кўпи жиҳод қилиш ва муртад ва боғийларнинг илдизини қуритиш учун бошқа ўлкаларга кетишгани боис Мадина аҳлининг ҳоли анча заиф ва сонлари анча камлигига гувоҳ бўлишди. Шундан сўнг Сиддиқ розияллоҳу анҳу ислом пойтахти ва мусулмонларга ташқи душманлар томонидан хавф-хатар келиб қолишидан хавфсираб, Мадинада қўриқчилик ташкил қилишни ва шаҳарнинг ҳар тарафига қўриқчилар қўйиб, тунлари қўриқлаб чиқишни буюрди. Али, Зубайр, Талҳа, Абдуллоҳ ибн Масъуд қўриқчиларга бош бўлдилар ва то хавф-хатар ортда қолгунича улар билан қолдилар[5].

Абу Бакр Сиддиқ билан ўрталарида илиқ муносабат, ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббат борлиги туфайли аҳли байтнинг саййиди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли набираларининг отаси бўлмиш Али розияллоҳу анҳу яқин дўст-биродарлар одатича, Сиддиқнинг ҳадя ва туҳфаларини қабул қиларди. Мисол учун, Сиддиқ розияллоҳу анҳу Айни Тамр жангида асир олинган Саҳбо исмли жорияни Али розияллоҳу анҳуга туҳфа қилганди ва Алининг Умар ва Руқайя исмли фарзандлари ўша жориядан дунёга келганди. Яна унга Ямома жангида олинган асирлар ичида келган Хавла бинти Жаъфар ибн Қайс исмли асирани ҳадя қилган, ундан Али розияллоҳу анҳунинг фарзандлари ичида Ҳасан ва Ҳусайндан кейинги ўринда турувчи ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафия туғилган. Бу аёл Бану Ҳанифа қабиласидан бўлиб, ўғли Муҳаммад онасига нисбатланиб Ибн Ҳанафия деб танилган[6].

Имом Жувайний саҳобаларнинг Абу Бакрга байъат беришлари воқеаси ҳақида шундай ёзади: “Ҳаммалари бола-чақаларидан тортиб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг итоатига кирдилар. Али розияллоҳу анҳу ҳам унинг амрларига қулоқ солиб, итоат қиларди. У кўпчилик гувоҳлар кўзида Абу Бакрга байъат берди, Бану Ҳанифа ғазотида ҳам иштирок этди”[7].

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва унинг авлоди моддий ҳадяларни, хумус[8] ва ғаниматлардан тегишли насибаларини Сиддиқ розияллоҳу анҳудан қабул қилганлари ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Абу Бакр халифалиги даврида Али розияллоҳу анҳу хумус ва файларни[9] тақсим қилувчи эди. Бу моллар Алининг қўлида турарди. Ундан сўнг Ҳасаннинг қўлида, ундан сўнг Ҳусайннинг қўлида, ундан сўнг Ҳасан ибн Ҳасаннинг, ундан сўнг Зайд ибн Ҳасаннинг қўлида бўлди[10].

Али розияллоҳу анҳу беш вақт намозни масжидда, Сиддиқнинг имомлигига рози бўлиб ва одамларга у билан иттифоқликларини ва ўртада ҳеч қандай ғиллу ғашлик йўқлигини кўрсатиб, унга иқтидо қилиб ўқирди.

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи ҳадисларини ривоят қилган. Асмо бинти Ҳакам Фазорий айтади: Мен Али розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини эшитганман: “Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис эшитсам, у билан Аллоҳ мени Ўзи истаганича фойдалантирарди. Қачон бошқа биров менга У зотнинг ҳадисларини ривоят қилса, мен унга қасам ичтирардим, қасам ичсагина унга ишонардим. Абу Бакр – у рост сўзлайди – менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қай бир мусулмон банда бир гуноҳ қилса, кейин таҳорат қилиб, таҳоратини чиройли қилса, сўнг икки ракаат намоз ўқиса, сўнг Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳ албатта унинг гуноҳини кечиради”, деб айтганларини эшитганини айтиб берди”[11].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида саҳобалари у зотни қаерга дафн қилиш масаласида тортишиб қолдилар. Баъзилар Бақеъ қабристонига, баъзилар масжидга дафн қилишни таклиф қилдилар, баъзилар асҳобларининг ёнига дафн қиламиз, дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга танбеҳ бериб: “Чиқинглар бу ердан, зеро Пайғамбар ҳузурида тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам овозни кўтариш лойиқ эмас”, деди. Али розияллоҳу анҳу: “Абу Бакр тўғрисўз ва омонатли инсон”, деди. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир пайғамбар қаерда жон таслим қилган бўлса, ўша ерга дафн қилинган”, деганларини эшитганман”, деди[12].

Али розияллоҳу анҳу  Абу Бакр Сиддиқнинг Қуръони Каримга хизмат борасида улкан ажру савобларга эга бўлганига гувоҳлик бериб, шундай деган эди: “Мусҳаф борасида энг катта ажр эгаси Абу Бакр Сиддиқдир, у биринчи бўлиб Қуръонни китоб ҳолига келтирди”[13].

[1] “Тарихи яъқубий” (2/132)
[2] Аввалги манба (2/138).
[3] “Аш-шиа ва аҳлул байт” (70-бет).
[4] “Ал-муғний ваш-шарҳул кабир” (12/220).
[5] “Тарихи Табарий” (4/64).
[6] “Табақот” (3/20). “Бидоя ва ниҳоя” (7/331).
[7] Жувайний, “Ал-иршод” (428-бет).
[8] Хумус – ўлжаларнинг байтулмолга тегишли бешдан бир бўлаги
[9] Ғанимат – душманлардан уруш ва жангу жадаллар воситасида қўлга киритилган ўлжалар. Фай – кофир ва мушрикларнинг молларидан уруш ва жангсиз мусулмонлар қўлига тушган ўлжалар.
[10] “Аш-шиа ва аҳлул-байт” (72-бет).
[11] “Муснади Аҳмад” (47).
[12] “Муснади Аҳмад” (1/8).
[13] “Мухтасар мин китобил мувофақа” (44-бет).

Изоҳ қолдиринг