Али розияллоҳу анҳу: Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка лойиқлиги

0

 

Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодига кўра, Абу Бакр, Умар ва Усмондан сўнг халифаликка энг лойиқ инсон Али розияллоҳу анҳу эди. Ҳар бир мусулмон киши рошид халифалик тартиби борасида худди шундай эътиқод қилиши лозим. Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка лойиқлигига кўплаб шаръий далиллар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

1) Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларга, уларни худди ўтмишда ўтган иймон-эътиқодли аждодларини қилганидек, мушрикларнинг ерларига ворис қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни – Исломни азиз ва ғолиб дин қилишни, уларнинг ҳолатларини қўрқувдан хотиржамликка ўзгартириб қўйишни ваъда қилди” (Нур сураси, 55). Бу оятнинг Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига далиллиги шу жиҳатданки, у Аллоҳ таоло ер юзида динини улар қўлида ғолиб қилган халифалардан бири бўлди;

2) Ирбоз ибн Сория ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид, маҳдий (сўзи ҳам, иши ҳам тўғри) халифалар суннатларини (йўлларини) маҳкам тутинглар ва уларга қозиқ тишларингиз билан ёпишинглар[1]. Бу ҳадиснинг Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақли эканига далил бўлиши шу жиҳатданки, у яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган, Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилган, намозни тўкис адо этган, закотни берган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларида юрган, ҳақни ва адолатни ўрнатган рошид ва маҳдий халифалардан бўлди;

3) Сафина ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Пайғамбарлик халифалиги ўттиз йилдир, сўнг Аллоҳ мулкни истаган кишисига беради[2]. Бу ҳадисда ҳам Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига ишора бор. Зеро, унинг халифалиги мазкур ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чегаралаб қўйган пайғамбарлик хилофати муддатининг охирги ўттизинчи йилларига тўғри келди, аҳли илмлар шунга ҳукм қилганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Сафинанинг хилофат ҳақидаги ҳадиси саҳиҳдир, халифалар хусусида мен шу фикрни қувватлайман”. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ айтади: “Отамга, баъзи одамлар уни халифа эмас, деб айтишади”, деган эдим, “Бўлмаган гап, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари унга: “Эй амирул мўъминин” деб мурожаат қилардилар. Биз уларни ёлғончига чиқарамизми?! У (мусулмонларга бош бўлиб) ҳаж қилди, (ўғрининг қўлини) кесди, (зинокорларни) тошбўрон қилди. Бу ишлар халифанинг вазифалари эди-ку!” деб жавоб бердилар”[3].

Ибн Таймия Сафина ҳадиси ҳақида шундай дейди: “У Ҳаммод ибн Салама, Абдулворис ибн Саид ва Аввом ибн Ҳавшаб Саид ибн Жаҳмондан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси (озод қилган қули) Сафинадан ривоят қилган машҳур ҳадисдир. Уни Абу Довуд ва бошқа “Сунан” соҳиблари ривоят қилганлар. Имом Аҳмад ва бошқалар тўрт рошид халифани эътироф этишда шу ҳадисга суянганлар. Аҳмад уни собит (саҳиҳ) санаган ва одамлар бўлиниб  кетгани сабабли Алининг халифалигини эътироф этишдан тўхталган кишиларга қарши бу ҳадисни далил қилган. Аҳмад: “Ким Алини тўртинчи халифа деб тан олмаса, у эшакдан ҳам гумроҳроқ”, деган ва ундай кимса билан никоҳланишдан қайтарган”[4].

“Таҳовия” шориҳи айтади: “Усмон розияллоҳу анҳудан сўнг Али розияллоҳу анҳуни халифа деб эътироф этамиз. Усмон қатл этилганидан сўнг одамлар Алига байъат беришгач, у итоат қилиниши вожиб бўлган ҳақ имомга айланди. У ўз замонасида нубувват халифаси эди. Бунга Сафинанинг қуйидаги ҳадиси далолат қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нубувват халифалиги ўттиз йилдир, сўнгра Аллоҳ мулкни истаган кишисига беради”, деганлар”[5].

 

 

[1] “Сунани Абу Довуд” (4/201), “Сунани Термизий” (5/44), ҳасан-саҳиҳ ҳадис.

[2] “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” (6657), Табароний, “Кабир” (6442). Албоний, “Ас-силсила ас-саҳиҳа” (1/742).

[3] Абдуллоҳ ибн Ҳанбал, “Ас-сунна”(235-бет).

[4] “Ақидату аҳлис-сунна вал-жамоа” (2/286).

[5] “Таҳовия шарҳи” (545-бет). “Силсила саҳиҳа” (1/742-749).

Изоҳ қолдиринг