Али розияллоҳу анҳу бир гуруҳ инсонларни ёқиб юборгани тўғрими?

0

Савол:

Али розияллоҳу анҳу бир гуруҳ инсонларни ёқиб юборгани тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Али розияллоҳу анҳунинг даврида Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли яҳудий бошчилигидаги бир гуруҳ чиқиб, Али розияллоҳу анҳуни худо деб даъво қилган. Али розияллоҳу анҳу уларга бу гаплари нотўғри эканини тушунтирган. Улар ўз фикридан қайтишмагач уларни тириклайин ёқиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу воқеани эшитганида шундай деган: “Мен уларни ёқиб юбормаган бўлардим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олов билан фақат оловни яратган зот азоблайди” – деганлар. Мен уларни ўлдирган бўлардим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким динини ўзгартирса уни ўлдиринглар” – деганлар” (Бухорий (2854) ривоят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг гапларидан шу тушуниладики, Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишдан қайтарганларини билмаган. Агар билганида уларни тириклай ёқиш ўрнига қатл қилган бўларди.

Танбеҳ: баъзи ривоятларда Али розияллоҳу анҳу  уларни олов ёнига қўйиб, тутун билан буғиб ўлдиргани, бошқа ривоятларда эса аввал қатл қилиб, сўнг ёқиб юборгани айтилган. Лекин бу ривоятлар заиф, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг