Али розияллоҳу анҳу: эҳтиёткорлиги

0

Али розияллоҳу анҳунинг эҳтиёткорлиги

Маккада мушриклар тарафидан мусулмонларга ўтказилаётган тазйиқлар кучайиб кетавергани сабабли баъзи мусулмонлар исломни қабул қилганини, ҳатто, ўзларига энг яқин кишилардан ҳам сир сақлашга мажбур бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни эҳтиёткорликка чақирар, дин ва даъват борасидаги ишларни жуда махфий равишда бажаришга буюрар эдилар. Али розияллоҳу анҳунинг эҳтиёткорлиги ҳақида сўз юритар эканмиз, Абу Зар розияллоҳу анҳунинг исломни қабул қилиш воқеасини ёдга олмай чорамиз йўқ. Бу воқеа қуйидагича бўлган:

Абу Зар розияллоҳу анҳу исломни қабул қилишидан олдин ҳам ширкка қарши ва муайян бир тарафга юзланмасдан намоз ўқир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада мушрикларни яккахудоликка чақира бошлаганларини эшитган Абу Зар розияллоҳу анҳу бу борада чуқурроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида укасини Маккага юборади. Укаси қайтиб келиб, унга шундай дейди: “Унинг (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) одамларни гўзал хулқларга чақираётгани ва шеърга ўхшамаган баъзи сўзларни айтаётганини кўрдим”. Абу Зар розияллоҳу анҳу укаси берган маълумотларга қониқмай, ўзи Маккага бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришга қарор қилади. Шунда укаси Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, у зотга эргашганларга ҳам қаттиқ қарши эканини айтиб, уни огоҳликка чақиради. Абу Зар розияллоҳу анҳу Маккага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратиш мақсадида кун ботгунича Каъбанинг олдида ўтиради. Укаси уни огоҳлантиргани сабабли мушриклардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўрамайди. Кеч кирганидан сўнг Али розияллоҳу анҳу унинг мусофир эканини кўриб, уйига таклиф қилади ва нима сабабдан келгани ҳақида сўрамайди. Абу Зар розияллоҳу анҳу эртаси куни ҳам “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратармиканман”, деган ниятда кечгача Каъбанинг олдида кутиб ўтиради. Кун ботгач, Али розияллоҳу анҳу уни яна уйига олиб келиб меҳмон қилади. Бу воқеа учинчи куни ҳам такрорланади. Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу ундан нима мақсадда Маккага келгани ҳақида сўрайди. Абу Зар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳунинг ишончли инсон эканига қалби таскин топгани боис унга мақсадини ошкор қилади. Абу Зар розияллоҳу анҳунинг яхши ниятда келганини эшитган Али розияллоҳу анҳу шундай дейди: “У зотнинг йўли ҳақ ва у Аллоҳнинг элчиси. Тонг отганидан сўнг ортимдан юр. Агар сен учун бирон хатарли нарсани сезсам, бир четга ўтиб, ҳожат ўтаётган одамдек тўхтаб тураман. Агар йўлимда давом этсам, ортимдан боравер”. Шу тариқа Али розияллоҳу анҳу Абу Зар розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб боради ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини эшитиб, исломни қабул қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қавмингга бориб, уларга бу дин ҳақида айтиб бер ва мендан хабар келгунига қадар кут” – дейдилар. Абу Зар розияллоҳу анҳу эса: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен мушриклар ўртасида иймонга келганимни баралла айтаман” – дейди ва Масжиди Ҳаромга келиб, бор овози билан: “Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” – деб қичқиради. Буни эшитган мушриклар ўринларидан сапчиб туриб, уни дўппослай бошлашади. Аббос розияллоҳу анҳу келиб, Абу Зарнинг Ғифор қабиласидан экани, агар унга бирон кор-ҳол юз берса, бу қабила Қурайшнинг Шомга қатнайдиган карвонларини ўтказмай қўйишларини айтиб, мушрикларни тўхтатиб қолди. Шу тариқа Абу Зар розияллоҳу анҳу мушриклардан қутилиб қолди.

Бу воқеадан олинадиган дарслар

1. Бирон бир маълумотни ўрганишда шошмаслик: Абу Зар розияллоҳу анҳу Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши курашаётганларини билгани учун Маккага келганида олдидан чиққан ҳар қандай одамдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида маълумот сўрамади. Чунки у шу тариқа йўл тутганида мушриклар уни қувиб солган, бинобарин, ўз мақсадига ета олмаган бўларди;

2. Бир инсонга бирон маълумотни айтишдан олдин унинг ким ва нима мақсадда бу маълумотни ўрганмоқчи эканини аниқлаш: Али розияллоҳу анҳу Абу Зар розияллоҳу анҳуни кўрган заҳоти унга: “Бизнинг ичимиздан пайғамбар чиққан. Биз унга иймон келтирдик. Мушриклар қаршилик қилишгани учун у ҳозир яшириниб юрибди. Агар хоҳласанг, сени унинг ёнига олиб бораман” – деб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига етаклаб бормади. Аксинча, уч кун меҳмон қилиш асносида унинг ким ва нима мақсадда келганини ўрганди. Яхши ниятда келганига ишонч ҳосил қилганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди;

3. Хавфсизлик чора-тадбирларига қаттиқ риоя қилиш: Али ва Абу Зар розияллоҳу анҳумо эртаси куни қиладиган ишлар борасида хавфсизлик чора-тадбирларини тузишгани ва бунга тўлиқ риоя қилишида биз учун муҳим дарс бор. Зеро, бугунги кунимизда мусулмонлар аксар ҳолларда хавфсизлик чора-тадбирларига мутлақо риоя қилмасликлари уларнинг ўз мақсадларига ета олмасликларининг асосий сабабларидан биридир. Салафи солиҳларимизга бир назар солайлик, мусулмонлар заиф бўлган пайтларда хафсизлик нуқтаи назаридан ҳаттоки, бирга юришни ҳам маъқул кўришмаган. Чунки мушриклар Али розияллоҳу анҳуни бир бегона мусофир билан бирга юрганини кўрсалар уларнинг ортидан тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларга пинҳона таълим бераётган қароргоҳларини билиб қолиши мумкин эди. Бу эса бир неча саҳобаларнинг азобланиши ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари бир қанча муддат тўхтаб қолишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Али розияллоҳу анҳу Абу Зар розияллоҳу анҳуни “Дорул Арқам”га бу тариқа олиб боргани саҳобаларнинг қанчалик даражада хавфсизлик чора-тадбирларига риоя қилишгани ва вазиятни инобатга олган ҳолда иш тутишганига яққол мисол бўлади. Саҳобаларнинг барчалари ҳар қандай вазиятда ҳам эҳтиёткор бўлишган. Улар қилмоқчи бўлган барча ишлари учун олдиндан режа тузиб,  хавфсизлик чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, сўнг унга қатъий риоя қилганлар. Биз ислом уммати ўлароқ, қайта оёққа туришимиз учун салафи солиҳларимиздан ўрнак олган ҳолда ўз сир-асрорларимизни сақлашни ўрганишимиз лозим.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг