Али розияллоҳу анҳу: ота-онаси

0

Отаси

Али розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Толиб ибн Абдулмутталиб. У камбағал бўлсада, отаси Абдулмутталиб вафот этганидан кейин Бани Ҳошимда унинг ўрнини эгаллаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналари Омина вафот этганидан кейин Абдулмутталибнинг қарамоғида қолган эдилар. Абдулмутталибнинг вафотидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Абу Толиб ўз қарамоғига олди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан бирга олиб борар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошкора даъват қила бошлаганларида Абу Толиб у кишининг ёнларида туриб, қўллаб-қувватлади. Буни кўрган Қурайш қабиласи Абу Толибни бир неча маротаба огоҳлантиришди. Лекин Абу Толиб Расулуллоҳни ҳимоя қилишдан воз кечмади. Ҳатто бутун Қурайш қабиласи Бани Ҳошим билан қуда-андачиликни ҳам, савдо-сотиқни ҳам тўхтатишга қарор қилди. Абу Толиб Бани Ҳошимни олиб, Макка ташқарисига чиқиб кетишга мажбур бўлсада, жиянини ҳимоя қилишдан ортга чекинмади. Бу билан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Ҳошимдаги янги бошлиқ эканини, керак бўлса бутун Бани Ҳошим у киши учун жонини фидо қилишини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Абу Толиб ислом ҳақ дин эканини ич-ичидан тан олсада, бунга тили билан иқрор бўлиб, ота-боболарининг динидан қайтишдан ор қилди ва исломни қабул қилмай, кофирлигича вафот этди. Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили шаввол ойининг ярмида вафот этди. Айнан шу йили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Хадича онамиз ҳам вафот этган эди. Бу йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига мусибатлар кетма-кет келгани учун “қайғу йили” деб номланган.

Онаси

Али розияллоҳу анҳунинг онаси улуғ саҳобийя эди. Унинг исми Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай. У Бани Ҳошимдаги ҳошимий фарзанд туққан биринчи аёл ҳисобланади. Кўриб турганингиздек, Фотима розияллоҳу анҳо Абу Толибнинг амакиваччаси эди. Абдулмутталибнинг васиятига биноан Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз қарамоғига олганида Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тарбиялаш бахтига муяссар бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оналари ўрнида оналик қилиб, қўлидан келганича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ишларига бош бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қарийб йигирма йил Фотима розияллоҳу анҳо билан бирга яшадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида у биринчилардан бўлиб исломни қабул қилди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳони ўзига келин қилиб, унга ҳам оналик қилди. Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бўлгани учун у кишидан кўп ҳадис ривоят қилиш бахтига мушарраф бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилар, унга алоҳида ҳадялар юбориб турар эдилар. Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғларида вафот этган. Бироқ у вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қабрга қўйишдан олдин ўзлари қабрга ётиб, барча пайғамбарларни васила қилиб унинг ҳаққига дуо қилганлари ҳақидаги ҳадис заиф ва ҳужжатликка ярамайди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг