Али розияллоҳу анҳу: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида ёздирмоқчи бўлган хат воқеаси

0

Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламида ва бошқа ҳадис китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғриқлари зўрайиб кетган бир ҳолда эдилар, олдиларида одамлар бор эди. У зот: “Келинглар, сизларга бир хат ёзиб берай, шундан сўнг адашмайсизлар”, дедилар. Шунда баъзилар (бир ривоятда Умар): “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғриқ ғолиб бўлди, (хат ёзиш у зотга оғирлик қилади). Қўлларингизда Аллоҳнинг китоби бор, бизга Аллоҳнинг китоби кифоя”, деди. Бошқалар унга қарши чиқишиб, кимдир у деб, кимдир бу деб, ғала-ғовур бўлиб кетди. Шунда у зот: “Туринглар менинг олдимдан!”, дедилар. Ибн Аббос айтади: “Ғала-ғовур сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёзиб бермоқчи бўлган хат ёзилмай қолиши жуда катта бахтсизлик бўлди!”[1].

Бошқа ривоятда Ибн Аббос айтади: “Пайшанба куни эди, биласизларми, пайшанба куни нима бўлган?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликлари кучайиб кетди. У зот: “Келинглар, мен сизларга бир хат ёзиб берай, ундан кейин сизлар асло адашмайсизлар”, дедилар. Шунда одамлар тортишиб қолдилар, ваҳоланки Пайғамбар ҳузурида талашиб-тортишиш лойиқ эмасди. Улар: “У зотга нима бўлди, алаҳсираб, нима деяётганларини билмаяптиларми, яна қайта сўраб кўринглар”, дейишди. Яқинларига бориб, айтганларини яна қайтаришларини сўрадилар. Шунда у зот: “Мени тинч қўйинглар, менинг ҳолатим сизлар айтаётган нарсадан яхши”, дедилар. Сўнг уларга уч нарсани васият қилдилар, “Мушрикларни араб жазирасидан чиқариб юборинглар, элчиларни худди мен қилганимдек кутиб олиб, кузатинглар”, дедилар. Учинчиси ҳақида ровий сукут қилди ёки унутди[2].

Бу ҳадисда ва шу мазмунда келган бошқа саҳиҳ ривоятларнинг ҳеч бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига таъна қилинадиган гап йўқ. Рофиза шиалар айтадиган таънаю маломатларнинг бари ботил гаплардир. Уламолар уларнинг гапларига етарлича раддиялар берганлар. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

Биринчидан: Саҳобаларнинг ихтилофи бор гап. Сабаби эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ва муродларини тушунишдаги фарқлиликдир, у зотга осийликлари эмас. “Муфҳим” соҳиби Аҳмад ибн Умар Қуртубий айтади: “Буларнинг барчасининг сабаби шуки, бу ихтилофларга улар фақат асосли ижтиҳод ва яхши ният билан киришдилар.  Зотан, ҳар бир мужтаҳиднинг фикри асослидир. Ёки биз усулда эътироф этганимиздек, ихтилоф қилган икки мужтаҳиддан бири ҳақ бўлиб, иккинчисининг фикри хато бўлган тақдирда ҳам, у ижтиҳоди туфайли гуноҳкор бўлмасдан, аксинча ажрга эга бўлган бўлади[3]. Аҳзоб куни содир бўлган воқеа бунга мисол бўлади, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Бирон киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин[4]” дегандилар. Шунда баъзи саҳобалар намоз вақти ўтиб кетишидан қўрқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гаплари билан имкон қадар тезроқ етиб боришимизни кўзда тутганлар, деган гумонда намозни Бани Қурайзага етмай ўқиб олдилар. Баъзилар эса, биз фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ерга борибгина ўқиймиз, деб ўқимадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар икки гуруҳни айбламадилар[5].

Иккинчидан: Саҳобалар ихтилоф қилишгани туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ёзиб бермоқчи бўлган хатни ёзмаганлари ва шу туфайли уммат адашишдан сақланишдан маҳрум бўлгани ҳақида рофизалар қиладиган даъвога келсак, бу гап ботилдир. Чунки бундай дейиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга унинг нажотига сабаб бўладиган нарсани етказишни тарк қилганлар ва олдиларида асҳоблари ихтилоф қилишгани учунгина Раббиларининг шариатини етказмай қўйганлар, ҳатто шу ҳолда вафот этиб кетганлар, бу билан у зот Раббиларининг: “Эй Пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг рисолатини (бандаларига) етказмаган бўласиз”, [Моида: 67] деган амрига хилоф қилганлар, демакдир. Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло қуйидаги оятда: “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!” [Тавба: 128] деб мақтаган покиза зот эдилар. Аллоҳ ўзи у зотни умматининг ҳидоят топишига ва уларга дунёвий ва ухровий манфаатлар етишига ўта ҳарис-ташна деб сифатлади. Бу эса ислом динида катта-ю кичик ҳаммага маълум бўлган, қалбида заррача иймони бўлган киши бу борада шубҳа қилмайдиган ишдир. Модомики, бу пайғамбар ўзига буюрилган ҳар бир нарсани  етказган ва умматига ўта меҳрибон экан, шак-шубҳасиз биламизки, агар иш рофизалар айтганидек бўлиб, ўша хат умматни ўз динида адашиб кетишдан, фирқаларга бўлиниб кетишдан ва то қиёматгача ўзаро ихтилофларга берилишдан сақлаб қоладиган муҳим гап бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хатнинг ёзилишини ўшандай зиқ вақтгача кечиктиришлари динда ҳам, ақлда ҳам ҳаргиз жоиз бўлмас эди. Мабодо кечиктирсалар ҳам, фақат саҳобалари талашиб-тортишгани учунгина уни ёздирмасдан вафот этиб кетишларини ва Раббиларининг амрини тарк қилишларини тасаввур қилиб бўлмайди. Агарчи ҳузурларида талашиб-тортишганлари учун бирон ҳикмат юзасидан ёзишни тўхтатиб қўйган бўлсалар ҳам, кейин яна уни ёздиришдан у зотни нима ман қиларди?! У зот шу воқеадан кейин яна бир неча кун яшаганлари маълум, “Саҳиҳайн”да Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилганидек, вафотлари душанба куни содир бўлган[6] бўлса, бу воқеа пайшанба куни бўлган эди[7]. Аҳли сунна ҳам, рофизалар ҳам бир нуқтада иттифоқ қилишганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу хатни ёздирмасдан вафот этиб кетдилар. Бундан эса, ўша хатда ёзилиши керак бўлган гап умматга етказилиши буюрилган диний заруриятлардан бўлмаган экани маълум бўлади. Чунки Қуръонда Аллоҳ таоло у зотга ва умматларига динни мукаммал қилганини баён қилган, бу ҳақда Ҳажжутул вадоъда қуйидаги оятни нозил қилган: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим” [Моида: 3]. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўша хат Аллоҳ у зотга ўша вақтда ёзишини ё етказишини буюрган нарса эмасди. Агар шундай бўлсайди, у зот Аллоҳ таоло буюрган ишни асло орқага сурмасдилар. Лекин бу Абу Бакрнинг халифа бўлиши ҳақидаги низога йўл қўймаслик учун у зот кўрмоқчи бўлган бир чора эди ва у зот ихтилофдан сақланиш имконсизлигини кўрдилар”[8]. Бошқа бир ўринда шундай дейди: “Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёздирмоқчи бўлган хатга келсак, икки “Саҳиҳ” тўпламида Ойша розияллоҳу анҳодан очиқ ривоят келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида: “Отанг Абу Бакрни ва акангни менга чақир, бир хат ёзиб берай, чунки бирон киши умидвор бўлиб қолишидан ва кимдир: “Мен лойиқроқман” деб қолишидан қўрқаяпман. Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакрдан бошқасига рози бўлмайдилар”, дегандилар[9]… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшага айтган хатни ёзишга азм қилгандилар, бироқ шак-шубҳа барибир ўртага чиққанини кўргач, бу хат билан шак кўтарилмаслигини ва ундан фойда йўқлигини билдилар, ўзлари “Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакрдан бошқасига рози бўлмайдилар” деб айтганларидек, Аллоҳ умматларини Ўзи азм қилган нарсага жамлашини билдилар”[10].

[1] Бухорий (4432).
[2] Бухорий (4431).
[3] “Ал-муфҳим лимо ашкала мин талхиси Муслим” (4/559).
[4] Бухорий (4119).
[5] “Ал-муфҳим лимо ашкала мин талхиси Муслим” (4/559).
[6] Бухорий (4448), Муслим (419).
[7] “Ал-интисор лис-соҳби вал-ол” (229-бет).
[8] “Минҳожус сунна” (6/316).
[9] Муслим (2387).
[10] “Минҳожус сунна” (6/23, 25).

Изоҳ қолдиринг