Али розияллоҳу анҳу: Пайғамбаримиз мерослари ҳақида Сиддиқ ва Фотима ўртасидаги келишмовчилик масаласи (2)

0

Рофизаларнинг бу масалани ёритган китоблари билан танишсангиз, уларнинг гап-сўзлари асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир”[1] деган ҳадисларини инкор қилишга қурилганини ва уни йўққа чиқариш учун жон-жаҳдлари билан далиллар келтиришга уринишларини кўрасиз.

Қуйида уларнинг далилларидан баъзиларини келтирамиз:

Биринчи далиллари: Улар бу ҳадисни Абу Бакр Сиддиқ томонидан уйдирилган тўқима ҳадислигини айтишади.

Ҳиллий айтади: “Фотима Абу Бакр тўқиб чиқарган “Биз қолдирган нарса садақадир” ҳадисини қабул қилмади”.

Яна айтади: “Буни фақат Абу Бакр ёлғиз ўзи ривоят қилган”.[2]

Мажлисий Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Фадакни тортиб олишгани ҳақида сўзлаб туриб: “Шунинг учун улар бу хабис тўқима ривоят бўлмиш “Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир” ҳадисини тўқиб чиқаришди”, дейди[3].

Хумайний бу ҳақда шундай дейди: “Биз Пайғамбарга нисбат берилган бу ҳадисни саҳиҳ эмас деймиз ва уни Пайғамбарнинг зурриётини қуритиб юбориш мақсадида айтилган сўз деймиз”[4].

Бунга жавоб шуки, уларнинг бу гаплари очиқ ёлғон ва уйдирмадир. Чунки бу ривоят ёлғиз Абу Бакр розияллоҳу анҳудангина ривоят қилинган эмас. Балки “Биз мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир” ҳадисини Абу Бакр, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Абдураҳмон ибн Авф, Аббос ибн Абдулмутталиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ибн Ямон ривоят қилганлар, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин[5].

Бу ҳақда Ибн Таймия шундай ёзади: “Мазкур саҳобалардан ривоят “саҳиҳ” ва “муснад” ҳадис тўпламларида собит ва машҳур бўлиб, ҳадис илми эгалари буни яхши биладилар. “Буни фақат Абу Бакр ёлғиз ўзи ривоят қилган” деган кимсанинг гапи унинг жоҳиллигига ёки қасддан ёлғон айтаётганига далолат қилади”[6].

Ибн Касир ҳадисни ривоят қилган кишиларни айтиб ўтгач, шундай дейди: “Рофизаларнинг бу даъволари ботилдир. Мабодо бу ривоят фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёлғиз ўзи томонидан ривоят қилинганда ҳам бутун ер юзи аҳли уни қабул қилиши ва бу борада унга эргашиши вожиб бўларди”[7].

 “Ал-ақийда фий аҳлил байт байнал ифрот ват-тафрит” (Аҳли байт ҳақидаги эътиқодда мўътадил фикр) китоби муаллифи Доктор Сулаймон ибн Ражо Суҳаймий шундай ёзади: “Буни рофизаларнинг китобларида уларнинг бешинчи маъсум имомлари имом Жаъфар Содиқдан келган гап ҳам қувватлайдики, бу гапни Кулайний, Саффор ва Муфид ундан ривоят қилишган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким илм талаб қилиб бир йўлга юрса, шу сабабли Аллоҳ уни жаннат йўлига юргизиб қўяди. Уламолар омонат эгалари, тақводорлар қалъалардир, васийлар эса саййидлардир. Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир, улар динор ва дирҳам мерос қолдирмадилар, балки илмни мерос қолдирдилар, ким ундан олса мукаммал улушни олибди”[8]. Бир ривоятда: “Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Боиси, пайғамбарлар на дирҳам, на динор қолдирдилар, балки улар ҳадисларни қолдирдилар”[9].

“Амолий ас-садуқ” китобида айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алига: “Сен менинг биродарим, васийим ва ворисимсан”, дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Мен сиздан нимани мерос оламан ё Расулуллоҳ?”, деб сўраган эди, у зот: “Мендан олдинги пайғамбарлар мерос қолдирган нарсани – Парвардигорнинг китобини ва пайғамбарнинг суннатини”, деб жавоб бердилар”[10].

Иккинчи далиллари: Улар мазкур ҳадис Аллоҳ таолонинг “Нисо” сурасидаги: “Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур” [Нисо: 11] оятига зид келади, деб даъво қилишади ва Аллоҳ бу ҳукмни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ажратиб қолдириб, умматга хос қилмаган, деб айтишади[11].

Ҳақиқат шуки, умматга қилинган ҳар бир хитобга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахслари ҳам албатта дохил бўлиши вожиб эмас. У зот бошқа инсонларга қиёс қилинмайдилар. У зот мўминларга уларнинг ўзларидан кўра ҳам ҳақлироқлар. Аллоҳ таоло у зотга фарз ва нафл садақаларни ҳаром қилди, у зотни ўзларидан бошқа бирон кишини хосламаган нарсаларга хослади. Аллоҳ таоло у зотга хослаган нарсалардан бири у зотнинг ва бошқа пайғамбар биродарларининг мерос қолдирмасликлари бўлди. Бу эса уларни Аллоҳ таоло томонидан ҳимоя этилиши учун, уларнинг пайғамбарликлари ҳақида шубҳа тарқатадиган кимсалар тарафидан улар дунё талабида пайғамбарлик даъво қилишган ва кейин дунёларини ворисларига қолдиришган деган шубҳанинг олдини олиш учун эди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёзувни билиш ва шоирликдан сақлади, бу ҳам у зотнинг нубувватларини шубҳадан асраш учун бўлди[12].

Ибн Касир рофизаларнинг мазкур оят билан далил қилишларини рад қилиб айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарлардан улар шерик бўлмайдиган бир қанча ҳукмларда хосланганлар. Мабодо, бошқа пайғамбарлар мерос қолдирардилар, деб фараз қилганимизда ҳам – аслида ундай эмас, – Абу Бакр ва бошқа саҳобаларнинг бу ривоятлари у зотнинг бу ҳукмга хосланганларини баён қилувчи бўлади”[13]. Шу билан уларнинг ҳадиснинг оятга зидлиги ҳақидаги далилларининг ботиллиги маълум бўлади.

Учинчи далиллари: Фотима розияллоҳу анҳони меросдан ман қилиниши ва бунга мазкур ҳадисни далил қилиниши Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига зид келади: “Сулаймон Довудга ворис бўлди” [Намл: 16]. Ва у Аллоҳ таоло Закариё пайғамбар тилидан ҳикоя қилган қуйидаги сўзларга зид келади: “Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин”. [Марям: 5-6].

Улар: “Мерос дегани мол-давлат ва шу маънодаги нарса бўлишини тақозо этади, ҳеч ким оятдан мурод мол эмас, фақат илм, деб айтиши мумкин эмас”, деб айтишади[14].

Бунга жавоб шуки, мерос маъноси остига ҳар турли нарсалар дохил бўлади. У илм, пайғамбарлик, подшоҳлик ва бундан бошқа бировдан бировга ўтадиган нарсаларга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло айтади: “Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик” [Фотир: 32].  Аллоҳ таоло айтади: “Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар” [Мўминун: 10-11]. Ва бу ҳақда яна бундан бошқа оятлар ҳам бор. Шундай экан, “Сулаймон Довудга ворис бўлди” ва “Менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни фарзанд) ҳадя этгин” оятларидаги ворислик фақат молга ворисликка далолат қилмайди. Чунки Довуд алайҳиссаломнинг Сулаймон алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари ҳам бор эди, у ўз молига ворисликка фақат Сулаймонни хосламаган бўларди. Демак, бу ердаги ворисликдан мурод мол-мулкка ворислик эмас, илм, пайғамбарлик ва шу каби нарсаларга ворислик экани маълум бўлади. Оят Сулаймонни мақташ ва унга Аллоҳ хослаган неъматларни зикр қилиш мақомида келган, ворисликни фақат молга хослашда эса мақтов йўқ. Чунки молга ворислик барча инсонларга умумий бўлган оддий ишлардан саналади. Шунингдек, “Менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни фарзанд) ҳадя этгин” оятидаги ворисликдан мурод ҳам мол-давлатга ворислик эмас. Чунки туғилажак бу фарзанд Яъқуб хонадонининг мол-мулкидан бирон нарсага меросхўр бўлмас эди, уларнинг бу меросга ҳақли авлодлари ва бошқа меросхўрлари бор эди[15].

Рофизалар бундан бошқа ҳам далилларни келтиришган ва аҳли сунна уламолари уларга етарлича жавоблар берганлар.

Қизиғи, рофизалар ўзларининг мерос вожиблигига далил қилиб келтиришган сўзларига баъзи ўринда ўзлари хилоф қилишади. Яъни, улар ўзлари далил қилган оятларнинг умумига хилоф қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам меросларини фақат Фотимага чеклайдилар ва у зотнинг жуфти ҳалоллари ва бошқа яқинларини ундан хориж қиладилар. Садуқ санадлари билан Абу Жаъфар Боқирнинг шундай деганини ривоят қилади: “Йўқ, қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Фотимадан бошқа ҳеч ким, на Али, на Аббос ва на бошқалар ворис бўлди. Али алайҳиссалом у зотнинг қуроллари ва бошқа нарсаларини олишига келсак, у шу билан у зотнинг қарзини тўлади”[16].

Қолаверса, рофиза шиалар мазҳабига кўра, аёл киши ер-мулкка ворис бўлишга ҳақли бўлмайди. Кулайний “Кофий” номли китобида “Аёллар кўчмас мулкка ворис бўлмайдилар” деб номланган боб ажратиб, унинг остида бир неча ривоятларни келтирган. Жумладан: “Абу Жаъфардан ривоят қилинадики, аёллар ер ва кўчмас мулкдан бирон нарсага меросхўр бўлмайдилар”[17].

Бундан эса, “Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир”[18] ҳадисини далил қилинмаган тақдирда ҳам, Фотима розияллоҳу анҳонинг меросга ҳақли эмаслиги келиб чиқади. Чунки уларнинг сўзларига кўра, аёл киши модомики ер ва кўчмас мулкка ворис бўлолмас экан, Фотима розияллоҳу анҳо қандай қилиб Фадакдаги ер-мулкка ворис бўлиши мумкин?! Бу эса уларнинг ёлғончиликларига ва жоҳиллик билан ўзларига ўзлари зид гапларни айтишларига далилдир.

[1] Муслим (1758).
[2] Ҳиллий, “Минҳожул карома фий маърифатил имома” (71-бет).
[3] “Ҳаққул яқин” (191-бет), “Ал-ақийдату фий аҳлил байт”дан (443-бет) нақл қилинди.
[4] Хумайний, “Кашфул асрор” (132-бет).
[5] “Ал-ақийдату фий аҳлил байти байнал ифроти ват тафрийти” (444-бет).
[6] “Минҳожус сунна” (4/199).
[7] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (5/250).
[8] Кулайний, “Ал-кофий” (1/32).
[9] Кулайний, “Ал-кофий” (1/32). Саффор, “Басоируд даражот” (10-бет). Муфид, “Ихтисос” (4-бет). Кошоний, “Илмул яқин” (2/747). “Ал-ақийдату фий аҳлил байт”дан (444-бет) нақл қилинди.
[10] Мажлисий, “Биҳорул анвор” (38\334).
[11] Ҳиллий, “Минҳожул карома фий маърифатил имома” (71-бет).
[12] “Минҳожус сунна” (194-195-бет).
[13] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (5/254).
[14] Ҳиллий, “Минҳожул карома” (109-бет).
[15] “Минҳожус сунна” (4/222).
[16] “Ал-ақийдату фий аҳлил байти байнал ифроти ват тафрийти” (451-бет).
[17] Кулайний, “Кофий” (7/137).
[18] Муслим (1758).

Изоҳ қолдиринг