Али розияллоҳу анҳу: Рошид халифалар ҳақидаги фикри

0

Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумнинг халифаликлари саҳиҳ (шариатга мувофиқ) эканига барча саҳобалар ижмо қилишган. Ким улардан бирортаси ҳақида ножўя сўз гапирса, у қуйидаги оят ва ҳадисда келган сўзларга хилоф қилган бўлади:

“Ким ўзига ҳақ маълум бўлганидан сўнг Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни тутса, Биз уни ўзи тутган йўли узра ташлаб қўямиз. Сўнг уни жаҳаннам оловига киритамиз. У нақадар ёмон оқибатдир!” (Нисо сураси, 115).

 “Менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий (яъни илм ва амалда тўғри йўлда бўлган) халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинглар, уларга озиқ тишларингиз билан ёпишинглар” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Улар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумдир[1].

Айюб Сахтиёнийнинг мана бу сўзлари нақадар гўзал: “Ким Абу Бакрни яхши кўрса, динини тиклаган бўлади. Ким Умарни яхши кўрса, йўлини ёритган бўлади. Ким Усмонни яхши кўрса, Аллоҳнинг нури билан нурланган бўлади. Ким Алини яхши кўрса, мустаҳкам дастани ушлаган бўлади. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақида яхши сўз айтса, мунофиқликдан хориж бўлади”[2].

Али розияллоҳу анҳу ва бошқа рошид халифалар ўртасида мустаҳкам дўстлик алоқалари борлигига далолат қилувчи кўплаб очиқ далил-ҳужжатлар мавжуд бўлиб, юқорида улардан баъзиларини ёритиб ўтдик. Қуйида рошид халифаларнинг Али розияллоҳу анҳу наздидаги даражаларини кўрсатиб берадиган яна баъзи лавҳаларни келтирамиз.

Жаннат аҳли мўйсафидлари ва ёшларининг саййидлари

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдим, Абу Бакр билан Умар кириб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Али, бу иккиси пайғамбарлардан сўнг жаннат аҳли мўйсафидлари ва ёшларининг саййидларидир”, дедилар[3].

Уларга нисбатан қалбимдаги орзуим

Сувайд ибн Ғафла айтади: “Бир неча шианинг ёнидан ўтаётганимда улар Абу Бакр билан Умар ҳақларида бўлмағур сўзларни айтишаётганини эшитдим. Сўнг Али розияллоҳу анҳу ҳузурига кириб: “Эй амирул мўъминин, бир неча асҳобингиз Абу Бакр ва Умар ҳақида ножўя сўзлар айтишяпти. Ўйлайманки, агар улар очиқ айтаётган гап сизнинг ҳам дилингизда бўлмасайди, бу гапларга журъат қилишолмас эди”, дедим. Шунда Али деди: “Менинг дилимда уларга нисбатан ўзим билан у дунёга олиб кетишни истайдиган биргина тилагим бор – уларга нисбатан дилига ёмон гумонни яширган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Сўнг кўзлари ёшланган ҳолда турди ва менинг қўлимдан маҳкам тутиб, масжидга етаклади. Минбарга чиқиб, соқолини тутамлаб, унинг оқ толаларига ўйчан боқиб ўтирди. Одамлар йиғилгач, ўрнидан туриб, қисқа ва ўта балоғатли хутба қилди. Хутбасида шундай деди: “Одамларга нима бўлганки, Қурайшнинг икки саййиди ва мусулмонларнинг икки отаси ҳақида бўлмағур сўзларни айтишади?! Мен уларнинг айтаётган гапларидан покман ва уларни бу сўзлари учун жазолашга ҳозирман. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳга қасамки, у иккисини фақат тақволи мўмин яхши кўради ва фақат пасткаш фожир ёмон кўради. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга содиқ, вафодор саҳоба бўлган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган, ишларида фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутумларини тутган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон кишининг фикрини уларнинг фикрларини қабул қилганчалик қабул қилмаганлар, бирон кишини уларни яхши кўрганчалик яхши кўрмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисидан рози ҳолда вафот этдилар. Иккиси ҳам мўминлар улардан рози бўлган ҳолда дунёдан ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳаётлик чоғларида Абу Бакрни мўминларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрдилар, у тўққиз кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида имом бўлиб намоз ўқиди. Аллоҳ таоло Пайғамбарини вафот эттириб, у зотга Ўз ҳузуридаги мақомларни раво кўргач, мўминлар ўзларига Абу Бакрни бош қилишди, унга ихтиёрий равишда, мажбурланмаган ҳолда байъат беришди, Бани Абдулмутталиб қавмидан биринчи бўлиб мен шундай қилдим. Аслида, унинг ўзи буни истамаган, балки у бизлардан бирортамиз бу ишни ўз зиммасига олишини хоҳлаган эди. Аллоҳга қасамки, у тириклар ичида энг яхшиси, энг раҳмлиси, энг меҳрибони, энг тақволиси, ёшда ҳам, исломда ҳам энг улуғи эди. Бизнинг ичимизда у худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек ҳаёт кечириб ўтди. Сўнг шу ҳолда вафот этди. Сўнгра унинг ўрнига Умар халифа бўлди. Айримларнинг кўнгли бундан хуш бўлди, айримларга ёқмади, аммо охирига бориб, у дунёдан ўтганида уни аввал ёқтирмаганлар ҳам ундан рози эдилар. У ишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг дўсти олиб борганидек олиб борди, уларнинг изига бўталоқ онасига эргашганидек эргашди. Аллоҳга қасамки, у меҳрибон ва раҳмли эди, мазлумларга кўмакчи ва ёрдамчи эди. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасди. Аллоҳ унинг тилига ҳақни жо қилган эди, ростгўйликни унинг сифати қилган эди, ҳатто биз бирор фаришта унинг тилида сўзлаяпти деб ўйлардик. Аллоҳ у билан Исломни азиз қилди, унинг ҳижратини дин учун тиргак қилди. Аллоҳ таоло мунофиқларнинг дилларига қўрқув, мўминларнинг дилларига муҳаббат солди. Ким ҳам уларга ўхшай оларди?! Аллоҳ бизни ҳам уларнинг йўлига муваффақ қилсин. Улар эришган даражага фақат уларга муҳаббат қўйиш ва изига эргашиш билангина эришиш мумкин. Огоҳ бўлинглар, ким мени яхши кўрса, у иккисини ҳам яхши кўрсин. Ким уларни ёмон кўрса, мени ҳам ёмон кўрибди ва мен ундай кимсадан хорижман. Аввалдан огоҳлантирмасдан жазо берганимда эди, шу иш учун жазо берган бўлардим. Аммо мен огоҳлантирмай туриб жазо беришни тўғри деб билмадим. Билиб қўйинглар, бугундан бошлаб ким шундай гапларни айтаётганини билсам, унга туҳматчига бериладиган жазони бераман. Билиб қўйинглар, бу умматнинг энг яхши кишилари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг Абу Бакр билан Умардир. Агар хоҳласанглар, учинчисини ҳам айтаман. Сўзим охирида Аллоҳдан ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам истиғфор сўрайман”[4].

[1] Ожуррий, “Аш-шариа” (4/1768).
[2] Ожуррий, “Аш-шариа” (4/1772).
[3] Мавсуа ҳадисия, Муснади Аҳмад (602), саҳиҳ.
[4] Лолакоий, “Шарҳи усули эътиқоди аҳлис сунна” (4456). Мақдисий, “Ан-наҳю ан саббил асҳоб” (43-бет).

Изоҳ қолдиринг