Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Ҳалим исмининг маъноси (2)

0

Ҳалим исмига имон келтириш самараси

  1. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳалимлик сифати борлигини тасдиқлаш. Осий бандаларини кечириши, гуноҳлардан тавба қилар деб жазоларини кечиктириши ҳалимлигидир.

  2. Бандаларига ҳалимлиги ва жазо беришга шошмаслиги Аллоҳнинг (субҳонаҳу ва таоло) баркамол сифатларидан биридир. Жазо беришга ожизлигидан уларга ҳалимлик қилмайди. Балки бунга қодир бўлатуриб, ҳалимлигидан бандаларини кечиради, гуноҳларидан ўтади ёки тавбага муҳлат беради. Аллоҳ бирон нарсадан ожиз қоладиган зот эмас.

Аллоҳ таоло айтади: “Ахир улар ер юзида сайр қилиб ўзларидан аввалги (динсиз кимсаларнинг) оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки (аввалгилар) булардан кўра кучли-қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмасдир. Зотан У билимли ва қудратли зотдир!” (Фотир сураси 44-ояти маъно таржимаси).

Бандаларга ҳалимлиги уларнинг амалидан бехабарлиги сабабли эмас. Зеро, У барча нарсани билувчи ҳалим зот. Кўзлар хиёнатини ва қалбларда яширинган сирларни ҳам билур.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларни (ҳам) билур. Аллоҳ билувчи ва ҳалим зотдир” (Аҳзоб сураси 51-ояти маъно таржимаси).

Ҳалимлиги бандаларга муҳтожилигидан келиб чиқмаган. Аллоҳ бутун халоиқдан беҳожат зот. Шундай бўлса-да, уларга ҳалимлик қилади, гуноҳларидан ўтади ва кечиради.

Аллоҳ таоло айтади: “Ва билингизки, албатта, Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир”  (Бақара сураси 235-ояти маъно таржимаси).

  1. Аллоҳнинг ҳалимлиги бениҳоя буюк. Бандалари қилмишига сабр этишида буни яққол кўрасиз. Ҳалимлик ичида сабр сифати бор. Негаки, ҳар бир ҳалим сабрли бўлади. Аллоҳнинг (азза ва жалла) сабр сифати борлиги ҳадиси шарифларда айтилган. Абу Мусо Ашъарийдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бирон киши – ёки бирон нарса – эшитган ҳақоротларига Аллоҳдан кўра сабрлироқ эмас. Аллоҳнинг боласи бор деб даъво қилишади. У эса, уларга сиҳат-саломатлик ва ризқ беришни тўхтатмайди[1].

Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) “Ҳалим” сифати маъносини изоҳлаб айтади: “Бандаларидан неъмати ва марҳаматини гуноҳлари учун узиб қўймайдиган Зот. Итоатли бандасига ҳам, осий бандасига ҳам ризқ беради. Тақводор бандасига умр ато этганидек, гуноҳкор бандасига ҳам – гуноҳларга ботиб ётганига қарамай – умр ато этади. Ибодатгўй бандасини турли бало-офатлардан сақлагани каби ғофил бандасини ҳам сақлайди. Ваҳоланки, ибодатгўй банда ҳамиша Аллоҳга дуо-илтижода бўлади, баъзан ибодатга берилиб, ўзига керакли нарсани сўрашни унутиб қўяди. Ғофил банда эса, дуо-илтижо қилиш у ёқда турсин, Аллоҳни эсламайди ҳам[2].

Аллоҳ (азза ва жалла) ҳаёти дунёда гуноҳкор бандасига жазо беришни муайян вақтга кечиктириб қўйганини айтган. Агар бандага гуноҳ қилган заҳоти жазо берганида, ер юзида ҳеч ким қолмасди.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм-зўравонликлари билан ушлаганида (азоблаганида) Ер юзида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни маълум муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Наҳл сураси 61-оятининг маъно таржимаси);

Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар уларни (кофирларни) қилган гуноҳлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга бирон паноҳ топа олмаслар” (Каҳф сураси 58-оятининг маъно таржимаси).

Ибн Жарир (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар Аллоҳ осий одамларни гуноҳ қилишлари биланоқ жазолаганда, ер юзида ўрмалаган бирон жон қолмасди. Лекин ҳалимлиги сабабли ушбу золимлар (гуноҳкорлар) жазосини беришга шошмайди. Белгиланган вақтга қадар кечиктириб туради. Ҳалокатлари учун белгиланган вақт келганда эса, уни бир лаҳза ортга ҳам ёки ажаллари келмагунча бир лаҳза олдинга ҳам сура олишмайди”[3].

Азобларини маълум муддатга кечиктириши Аллоҳнинг уларга кўрсатган раҳматидир. Одамлар эса берилган фурсат билан алданиб қолади. То ажаллари етиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло адолати ва қуввати билан жазога тутмагунча қалблари Аллоҳнинг раҳмати ва ҳикматини ҳис қилмайди.

Ҳайратланасан киши, Аллоҳ инсонларга меҳрибонлик қиламан ва муҳлат бераман, деса-ю, жоҳил ва эсипастлар ушбу раҳмат ва муҳлатдан бош тортади. Аллоҳнинг азоби ва интиқоми тезроқ келишини талаб қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ бу одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам нақд қилса эди, албатта, уларнинг ажаллари етган бўлур эди. Бас, (Биз уларга ёмонликни нақд қилмаймиз, балки) Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсаларни, ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз” (Юнус сураси 11-ояти маъно таржимаси);

Улар: «Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан иборат) насибамизни ҳисоб-китоб Кунидан илгариёқ (яъни шу ҳаёти дунёдаёқ) тезроқ келтира қолгин», дедилар” (Сод сураси 16-ояти маъно таржимаси).

Макка кофирлари ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!” (Анфол сураси 32-ояти маъно таржимаси).

Эслатма

Кофирлар азобини маълум муддатга кечиктириш бу дунёдагина бўлади. Охиратда эса, уларнинг на азоби енгиллатилади, на ортга сурилади.

Уқлиший (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Дунёда кофир ва фожир кимсаларга дарров жазо берилмаслиги ҳаммага аён. Куфр келтиришларига ва осий бўлишларига қарамай, улар Аллоҳнинг неъматлари ичра фаравон ҳаёт кечираётганини кўрамиз. Охиратдаги жазодан эса, айрим осий мўмин бандаларгина омон қолади. Кофирлар асло бу қисмга кирмайди. Охиратда бундан заррача улуши бўлмайди. Бу қатъий далиллар билан маълум бўлган, барча олимлар ижмо қилган масала[4].

  1. Ҳалимлик сифатини бандаларга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Аллоҳ (азза ва жалла) бир қанча пайғамбарларини ҳалим деб васфлаган.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир” (Тавба сураси 114-ояти маъно таржимаси).

Зотан, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва ибодатли кишидир” (Ҳуд сураси 75-ояти маъно таржимаси).

Аллоҳ (таоло) Шуайб (алайҳиссалом) қавми унга айтган сўзи ҳақида хабар бериб, шундай деган: “Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан ва ҳалим ва рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисанда!” (Ҳуд сураси 87-ояти маъно таржимаси).

Исҳоқ (алайҳиссалом) ҳақида шундай деган: “Бас Биз унга (Иброҳимга) бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик” (Соффот сураси 101-ояти маъно таржимаси).

Ҳалимлик буюк хислатлардан. Аллоҳ (таоло) бандалари ушбу хислатга эга бўлишларини хоҳлайди. Аллоҳ ва расули бу хислатни яхши кўради ва бу юқорида ўтган Ашаж ибн Абдулқайснинг ҳадисида айтиб ўтилди.

Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Парвардигори осий бандаларига ҳалим эканини билган киши ўзига хилоф иш тутганларга ҳалим (кечиримли) бўлиши вожибдир. Ғазабини боса оладиган, ёмонлик қилгандан интиқом олмайдиган даражадаги ҳалим инсонга айлангунча кечиримли бўлиши керак. Балки ҳалимлик хислати унинг табиатига айланиб қолгунча, ўзини ҳалимликка (кечиримликка) ўргатиши лозим.

Подшоҳинг Аллоҳ сенга қанчалар ҳалим бўлишини истасанг, сен ҳам қўл остидагиларингга шунча ҳалим бўл. Бу ишинг савобли ибодатдир. Аллоҳ таоло айтади: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир” (Шуро сураси 40-ояти маъно таржимаси).

Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шуро сураси 43-ояти маъно таржимаси)”[5].

[1] Бухорий, 6099.
[2] Ҳалимий, “Ал-минҳож фи шуабил-имон”, 1\200-201. “Дорул-фикр” нашриёти, 1979 йил. Биринчи босма. Сурия, Дамашқ.
[3] Табарий, “Жомеул-баён”, 14\259. “Ҳажар” нашриёти, 2001 йил. Биринчи босма. Миср, Қоҳира.
[4] Уқлиший, “Асно”, (256-варақ, б).
[5] Уқлиший, “Асно”, (256-варақ, Б – 266 А).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг