Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Хабийр исмининг маъноси (1)

0

Араб тилидаги луғавий маъноси

Хабийр сўзи араб тилидаги  خَبَرَ، يَخْبُرُ، خِبْرًا وخُبْرًا وخِبْرَةً وخُبْرَةً ومَخْبَرَةً ومخْبُرةً  феълидан ясалган от-исм бўлиб, бир нарсани билиш маъносини англатади. Масалан, مِنْ أَيْنَ خَبَرْتَ هَذا الأَمْرَ (мин айна хабарта ҳазал-амро) “Бу иш ҳақида қаердан хабар топдинг, сўзини “Буни қаердан билдинг”, маъносида айтишади.

Араблар муайян бир маълумот устида изланиш ва тажриба-тадқиқотлар орқали уни топган кишига хобир дейишади. Хобир ва хабийр тажрибали инсон демак.

Бир ишнинг ҳақиқати (моҳиятини) билувчи инсонга ҳам хабийр деб айтилади.

Демак, хабийр сўзи араб тилида билувчи, бир нарсанинг моҳиятини англаган ва муайян бир нарсани изланиш ва тажриба орқали тўлиқ билувчи деган маъноларни билдирар экан.

Шунингдек, хабийр сўзи хабар берувчи маъносини ҳам англатади. Кисоий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хабийр бир нарса ҳақида ўз илми ила хабар берувчи дегани[1].

Қуръонда келган ўринлари

Хабийр исми Қуръони каримда қирқ беш марта зикр қилинган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабийр (яъни хабардор)дир”, (Оли-Имрон сураси, 180 оят);

У ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабийр (яъни хабардор) бўлган зотдир”, (Анъом сураси, 73-оят);

Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан хабийр (яъни бохабар) ва (уларнинг барча ишларини) кўриб турувчидир”, (Фотир сураси, 31-оят);

…(Пайғамбар) «Менга билувчи ва хабийр (яъни хабардор) зот хабар берди», деди”, (Таҳрим сураси, 3-оят);

Ана ўша Кунда шак-шубҳасиз Парвардигорлари улардан (яъни барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) хабийр-ку (яъни огоҳ-хабардор-ку)!”, (Одиёт сураси, 11-оят).

Аллоҳ таолога нисбатан қай маънода қўлланиши

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ “…(Пайғамбар) «Менга билувчи ва хабийр (яъни хабардор) зот хабар берди», деди”, оятини тафсир қилиб айтади: “Яъни бандаларининг сирлари-ю қалб кечинмаларини билувчи, уларнинг барча ишларидан хабардор, ҳеч бир нарса Унга махфий қолмайдиган зот хабар берди”[2].

Бошқа ўринда Хабийр исмини шарҳлаб шундай дейди:Бандалари бажарган барча яхши ва ёмон амаллардан бохабар, ҳар бир амалига яраша ҳисоб-китоб қилиш учун уларни сақлаб қўювчи зот[3].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хабийр бир нарсанинг моҳиятини билувчи, унинг ҳақиқатдан хабардор деганидир. Аллоҳ таоло айтади: “У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида — (барча нарсадан хабардор) хабийрдан сўранг!”  (Фурқон сураси, 59-оят). (Яъни барча нарсанинг асл моҳиятини билувчи зот Раҳмондан сўранг).

Араб тилида: “Фалончи бу ишдан хабардор ёки хабари бор ёки фалончига қараганда хабари кўпроқ”, дейилса, билувчироқ деган маъно ирода қилинган бўлади. Лекин хабардор ёхуд бохабар бўлиш васфи махлуқотларга (мавжудотларга) нисбатан қўлланилганда, ақл билан дарров илғаб бўлмайдиган, балки тажриба, синов ва ҳаракат ёрдамида эришилган илмга айтилади.

Махфий ва нозик ишлар ҳам, очиқ-ойдин ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг илмида бирдек равшандир. Инсонларнинг билиш қобилиятлари эса турлича бўлади. Негаки, улар бирон маълумотни сезги органларини ишга солиш, назар қилиб, фикр юритиш натижасида билишади. (Бинобарин, ҳар бир инсон ўзидаги қобилиятга, қай йўлдан фойдаланганига қараб маълумотни билиш даражаси ҳар хил бўлади.) Шунинг учун одамларга нисбатан: “Қулоқ билан эшитилган хабар кўз билан кўргандек бўлмас”, деб айтилади. Аллоҳ таоло эса бундай сифатлардан (хусусиятлардан) олий ва буюкдир[4].

Ғаззолий айтади: “Хабийр махфий хабарлар Унга номаълум бўлиб қолмайдиган, мулкида ва салтанатида бирон нарса Унинг хабарисиз содир бўлмайдиган, бирон зарра Унинг хабарисиз ҳаракатланиб ёки таскин топмайдиган, бирон жон Унинг хабарисиз изтироб чекиб ёки хотиржам бўлмайдиган зот, демак. У билувчи маъносидадир. Лекин билишдан фарқли томони билишга ичдаги махфий нарсаларни билиш қўшилса, хабийр дейилади[5].

Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Алийм Хабийр” яъни зоҳир-у ботин, сир-у ошкор нарсаларни, амалга ошиши лозим ёки амри маҳол ёки мумкин бўлган ишларни, юқори (осмон) ва қуйи (ер) оламни, ўтган, ҳозирги ва келажакда бўлган ва бўладиган ҳодисаларни Ўз илми ила қамраб олган, бирон нарса унга махфий қолмайдиган зот[6].

(Давоми бор)

[1] Зажжожий, “Иштиқоқу асмоиллоҳ”, (127-бет), Жавҳарий, “Сиҳоҳ”, (2\641), Ибн Асир, “Ан-ниҳоя”, (2\6) ва Ибн Манзур, “Лисонул араб”, (2\1090).

[2] Табарий, “Жомеъул баён”, (28\103).

[3] Табарий, “Жомеъул баён”, (11\465).

[4] Хаттобий, “Шаънуд-дуо”, (63-бет).

[5] Ғаззолий, “Мақсидул-асно”, (63-бет).

[6] “Тайсирул-Карим”, (5\299).

Изоҳ қолдиринг