Аллоҳнинг исм ва сифатлари ўртасидаги фарқ

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Дин йўлида қилаётган ҳаракaтларингизни сусайтирманглар, илтимос. Мудроқ босиб ётган ва бидъатга тобора ботиб кетаётган ўзбекзабон мусулмонлар анча фойда олмоқдамиз,  алҳамдулиллаҳ. Саволим бор эди: сиз саҳифангизда қўяётган “Аллоҳниг исм ва сифатлари” видео дарсликларни кўриб маърифатуллоҳимиз анча ошди. Бир биродаримиз билан иймонлашиб, унга Аллоҳнинг исм ва сифатлари ҳақида айтиб бераётган эдим. У “Аллоҳнинг исмлари билан сифатлари ўртасида қандай фарқ бор?”, деб қолди. Жавоб тополмадим. Шу нарса ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.  Жазакумуллоҳу хойрон.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ўртасида иккита фарқ бор.

Биринчи фарқ: Аллоҳ таолонинг исмлари сифатлардан фарқли ўлароқ Аллоҳнинг зотига далолат қилади. Шунингдек, бу исмлар зимнида ўша исмдан келиб чиқувчи мукаммал сифат ҳам ётади. Масалан, Ҳаким, Алийм, Қадийр исмлари Аллоҳ таолонинг зотига далолат қилади ва бу исмлар зимнида Аллоҳнинг ҳикмат, илм ва қудрат сифатлари ётади.

Сифат эса Аллоҳ таолонинг зотида бор бўлган мукаммал васфга айтилади. Бунга юқорида зикр қилинган ҳикмат, илм ва қудрат сифатларини мисол қилиш мумкин.

Демак, исм икки нарсага, яъни зот ва сифатга, сифат эса бир нарсага, яъни васфнинг ўзигагина далолат қилади.

Иккинчи фарқ: Сифатлар боби исмлар бобидан кенгроқдир. Масалан, ғазабланиш, яхши кўриш ва рози бўлиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларидан ҳисобланади. Бироқ ушбу сифатлардан ғазабланувчи, яхши кўрувчи, рози бўлувчи каби исмларни Аллоҳ таолога нисбат беришимиз тўғри эмас. Бунинг акси ўлароқ, ҳар бир исм бир ёки бир нечта сифатга далолат қилади. Шунга кўра Раҳмон, Қадийр, Ҳакийм исмларидан раҳмат, қудрат ва ҳикмат сифатларини Аллоҳга нисбат берсак бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг