Аллоҳ суйган бандалар: Дўзахдан қўрқиш (7)

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўрқувлари

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, мен сизга ўқиб берайми?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни яхши кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасидан ўқий бошладим. “Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳар бир умматнинг пайғамбарини ўз уммати қилган амалларга гувоҳ қилиш учун олиб келганида ва сизни – эй Пайғамбар – ўз умматингиз устида уларга Раббингизнинг рисолатини етказганингиз борасида гувоҳ бўлишингиз учун олиб келганида, одамларнинг ҳоли не кечаркин?” оятига етганимда: “Энди тўхтасанг бўлар”, дедилар. Қарасам, кўзларидан дув-дув ёш қуйилаётган экан” (Бухорий: 8/250, Муслим: 6/87 ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилдилар. Мен бундай хутбани илгари ҳеч эшитмаган эдим. Айтдиларки: “Агар, мен билган нарсани сизлар ҳам билганингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз”. Анас (давом қилиб) айтади: “Шунда юзларини ёпиб олган саҳобаларнинг йиғидан инграган товушлари эшитилиб турди” (Бухорий: 8/280, Муслим: 15/111 ривояти).

Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганимда у зот намоз ўқиётган эдилар, ичларидан эса худди биқирлаб қайнаётган қозон каби йиғи эшитилиб турарди” (Абу Довуд: 1/238, Термизий ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг