Аллоҳ суйган бандалар: Таҳажжудга туриш

0

Таҳажжудга туриш

Улар кечалари Раббиларига  ихлос билан, сажда ва қиёмларда ҳокисорлик билан туриб кўп намоз ўқийдиган кишилардир” (Фурқон, 64).

Яъни кечани ибодат билан ўтказадилар. Одамлар ухлаб ётганида улар бедор бўладилар. Одамларни ғафлат босганида улар огоҳ турадилар. Чунки улар Аллоҳ таолони яхши кўриш даъволарида содиқ ва самимий бўлганларидан, Унга муножот қилишда роҳат-лаззат топадилар.

Шоир айтганидек:

Кўзингни уйқуга кетишдан ман қил,

Кўз ёшларинг ёноғингдан оқсин шашқатор.

Вафот этиб ҳисоб беришингни бил,

Аллоҳ ғазабига қолмагин зинхор.

Ҳолиқни севишда самимий бўлганди бир эл,

Рози бўлиб, аларни танлади хизматкор.

Кун кетиб қоронғулик тушганда бу эл,

Сажда ва қиёмларда турдилар такрор.

Қорни оч, жисми ориқ иффатли бу эл,

Ҳалолдан бошқа таом емаслар зинхор.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Ким хуфтон намозидан сўнг икки ракат ёки ундан кўпроқ намоз ўқиса, кечалари Раббилари учун сажда ва қиёмда тик туриб бедор ўтказган кишилар қаторида бўлади”.

Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини кечалари намоз ўқиб қоим бўлиш сифати билан бир қанча оятларда васф қилган: “Ўша муҳсин бўлган зотлар тунлари жуда кам ухлар эдилар. Тунлари Раббиларига ибодат қилиб, намоз ўқир, кечанинг охирги соатлари саҳар пайтларида гуноҳларидан Аллоҳга истиғфор айтар эдилар” (Зориёт, 17-18).

Аллоҳнинг оятларига иймон келтирувчи ўша зотларнинг ёнбошлари ётар ўринларидан узоқ бўлади. Улар кечалари Раббиларига таҳажжуд намозларида туриб, азобдан қўрқиб, савобни умид қилиб, дуо илтижолар қиладилар. Ва Биз уларга ризқ қилиб берган мол-мулкларидан Аллоҳнинг тоатида ва Аллоҳнинг йўлида сарф қиладилар. Ҳеч бир жонзот Аллоҳ таоло ўша мўминлар учун уларнинг солиҳ амалларига мукофот ўлароқ ҳозирлаб қўйган, кўзлар қувончи, кўнгиллар у билан яйраб-яшнайдиган мукофотларни билмас. (Сажда, 16-17)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг