Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (12)

0

Муҳаббатнинг турлари

Муҳаббат беш қисмга бўлинади.

Биринчи қисм:

Аллоҳни яхши кўриш. Аллоҳни яхши кўришга йўл эса фақат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Айтинг (эй Пайғамбар): “Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринглар, шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У мўмин бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга меҳрибон Зотдир. Эй Пайғамбар, «Аллоҳга Унинг Китобига эргашиш билан итоат қилинглар, Пайғамбарга эса тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам суннатларига эргашиш билан итоат қилинглар!» деб айтинг. Агар сиздан юз ўгиришса ва ўз куфру залолатларида қайсарлик билан давом этишса, улар Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ бўлмайдилар. Зеро, Аллоҳ кофирларни ёқтирмайди ” (Оли Имрон, 31-32).

Кўпгина инсонлар Аллоҳни яхши кўришни даъво қилсалар-да, лекин Раббимиз яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларни бажармаётганларига, ҳатто айримлари У зотнинг амрига қарши чиқиб, осийлик қилаётганига шоҳид бўласиз. Бундай кимсаларга Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ танбеҳ бериб шундай деган эди: “Аллоҳга муҳаббат изҳор этатуриб, яна осийлик ҳам қиласанми? Фасоҳат ўлчовида бу айни бемъниликдир. Агар муҳаббатинг чин бўлганда итоатда бўлар эдинг. Зеро, ошиқ маҳбубига бўйсинувчидир”.

Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг шартлари

  • Аллоҳнинг амрларига итоат қилиш;

  • Аллоҳ қайтарган ишлардан тийилиш;

  • Аллоҳ хабар берган нарсаларни тасдиқлаш. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ рост айтди” (Оли Имрон, 95);

  • Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни яхши кўриш;

  • Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсаларни ёмон кўриш: “(Эй Пайғамбар), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бирон қавмни Аллоҳ ва Пайғамбарига адоват қилган, Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг амрларига хилоф қилган кимсаларни дўст тутаётганликларини ва уларга муҳаббат қўяётганликларини топа олмассиз” (Мужодала, 22);

  • Аллоҳнинг дўстларини яхши кўриш. Аллоҳнинг дўстлари – иймон ва тақво сифатига эга бўлган кишилардир. Аллоҳ таоло деди: “Билингларки, Аллоҳнинг дўстлари учун ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир” (Юнус, 62-63);

  • Аллоҳнинг душманларига адоватда бўлиш. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, яҳуд ва насороларни иймон аҳлига қарши иттифоқдош ва ёрдамчи тутмангиз! Яҳудлар бир-бири билан дўстлашади, насоролар ҳам худди шундай. Эй мўминлар, сизлардан кимки уларни дўст тутса, у ўшалар жумласидан бўлади ва унинг ҳукми ўшаларнинг ҳукмидадир. Албатта, Аллоҳ кофирларни дўст тутадиган золим қавмларни ҳаққа муваффақ қилмайди” (Моида, 51);

  • Аллоҳнинг китоби Қуръонга амал қилиш. Аллоҳ таоло деди: “(Эй Пайғамбар), Биз сизга Қуръонни ҳақни ўз ичига олган ҳолида, одамлар орасида сиз Аллоҳ ўзингизга ваҳий қилган ва кўрсатган ҳукмлар билан ажрим қилишингиз учун нозил қилдик” (Нисо, 105).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг