Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (18)

0

Иккинчи қисм.

Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш.

Ота-она, фарзанд, омонат ва ҳоказо шулар каби Аллоҳнинг махлуқотлари билан қасам ичиш. Қасамнинг бу қисми кичик ширк саналиб, мусулмон киши ундан эҳтиёт бўлиши лозим.

Насл-насаб билан, пайғамбар ва фалончининг ҳаёти билан деб қасам ичиш ҳам шулар жумласидандир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, ширк келтирибди” (Аҳмад, Термизий ривояти, Ҳоким ҳасан, Албоний саҳиҳ деган).

Абдуллоҳ ибн Умар рaзияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Огоҳ бўлингларким, Аллоҳ таоло сизларни ота-боболарингиз билан қасам ичишдан қайтаради. Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин” (Муттафақун алайҳ).

Бурайда рaзияллоҳу анҳу айтади Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким омонат билан қасам ичса, биздан эмас” (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида одамлар Каъбага қасам деб айтар эдилар. Ҳабибимиз бундан қайтариб: “Ким қасам ичса, Каъбанинг Рабби номи билан қасам ичсин”, дедилар” (Аҳмад ривояти).

Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишнинг каффорати

Абу Ҳурайра рaзияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким қасам ичса-ю, қасамида Лот ва Уззога (жоҳилият даврида мушриклар сиғиниб келган бутлар) қасам деса, Ла илаҳа иллаллоҳ, деб қўйсин” (Бухорий ривояти).

Танбеҳ

Абдуллоҳ ибн Умар рaзияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини отаси билан қасам ичаётганини эшитиб: “Ота-боболарингиз билан қасам ичманглар. Ким Аллоҳ билан қасам ичса, қасамида содиқ бўлсин. Кимга Аллоҳ номи билан қасам ичилса, (қасам ичувчининг қасамига) рози бўлсин. Ким Аллоҳнинг (шариатига) рози бўлмаса, Аллоҳдан бегонадир” (Ибн Можа ривояти).

Ёрдам сўраш

Ёрдам сўраш ҳам ибодат бўлиб, Аллоҳдан ўзгага йўналиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло деди: “Ўшанда сизлар Аллоҳдан душманларингизга қарши нусрат беришини сўраб дуо қилганингизда У сизларнинг дуоларингизни ижобат қилди” (Анфол, 9).

Аллоҳ азза ва жаллагина қодир бўлган ишларда махлуқотлардан ёрдам сўраш жоиз эмас. Масалан, эй Бадавий, менга ёрдамга етиб келинг, эй Ҳусайн, мен сизнинг ҳимоянгиздаман ёки эй Жийлоний, қўллаб-қувватлаб юборинг… деганга ўхшаган мадад сўрашларнинг бари Буюк Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришдир.

Паноҳ сўраш

Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан паноҳ сўрайман” (Фалақ, 1).

Эй Пайғамбар, айтинг: “Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан паноҳ сўрайман” (Нос, 1).

Дуо

Аллоҳ таоло деди: “Раббингиз деди: “Эй бандалар. Фақат Менгагина дуо қилинглар. Ибодатни фақат Менга хос қилинглар. Сизларнинг дуо-ибодатларингизни қабул қиламан. Албатта, Мени ёлғиз, танҳо деб билишдан кибр қиладиган кимсалар яқинда хору ҳақир бўлган ҳолда жаҳаннамга киргайлар” (Ғофир, 60).

Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дуо ибодатдир” (Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Юқорида ўтганлардан бизга маълум бўладики, Аллоҳнинг суюкли бандалари барча ишларида, хушу ва хузуда, ўзларини хор тутиш, синиқлик, умид ва суяниш, ёрдам сўраш, паноҳ тилаш, дуо қилиш, қасам ичиш, қурбонлик, тавба-тазарру, назр, тавоф ва шу каби барча ибодат турларини фақат Аллоҳ таоло учун қиладилар. Фойда ё зарар берувчи ҳам ёлғиз Аллоҳ, ризқ берувчи Раззоқ ҳам Аллоҳ, тирилтирувчи ва ўлдирувчи ҳам Аллоҳ деб иймон келтирадилар. Ҳар бир ҳаракат ё сукунатларида, сўз ва ишларида Аллоҳ таоло мени кўриб, кузатиб турибди, деб дилларига тугадилар. Раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқадилар.

Эй Раббим, Ўз лутф-караминг ила бизларни ҳам суюкли бандаларинг қаторида қилгин, эй Марҳаматли Зот.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг