Қандай исмларни ўзгартириш лозим?

1

Cавол:

Исмни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Шуни тушунтириб беринг, Аллоҳ рози бўлсин.

Жавоб:

Дастлаб исм ўзгартиришнинг ҳукмини қисқача баён қилиб ўтсак. Дарҳақиқат, исм ўзгартиришнинг ҳукми ўзгартирилажак ва собиқ исмнинг маъноларига қараб турлича бўлади.

1) Ўзгартириш фарз бўлган ёхуд қўйиш ҳаром бўлган исмлар

  • Исломий эътиқодга зид ва Аллоҳдан бошқасига бандалик ифодаси бўлган исмлар. Абдулмасиҳ (Масиҳ Исонинг бандаси), Абдурасул ёки Абдунаби (пайғамбарнинг бандаси), Шаҳаншоҳ (шоҳларнинг шоҳи), Санам (бут), Маъбуда (ибодат қилинувчи), Мафтуна (фитналанган) ва ҳоказолар.
    Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: “Менинг исмим Абдуамр (Амрнинг бандаси) – бир ривоятда Абдулкаъба (Каъбанинг бандаси) – эди. Исломга кирганимдан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Абдураҳмон деб номладилар” [Ҳоким: 3/306].

  • Аллоҳ таолога хос исмлар. Раҳмон, Холиқ, Аҳад ва ҳоказолар.
    Икрима Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Унга (Аллоҳга) «тенг» бирон зотни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз! )” [Марям: 65] оятини “Аллоҳ таборака ва таолодан бошқа ҳеч ким Раҳмон деб номланмайди”, деб тафсир қилган” [Тафсири Ибн Касир: 5/250].

  • Яҳуд ва насороларга хос исмлар. Жорж, Майкл, Дияна, Сузана ва ҳоказолар.
    Чунки одатда булар кофирларга хос исмлар. Шариатимизда ўзини кофир қавмга ўхшатиш ҳаром қилинган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, у ўшалардандир” [Абу Довуд (4031) ва Аҳмад “Муснад”, (2/50)да ривоят қилган. Ибн Ҳажар “Фатҳул Бори”, (10/282) китобида “Собит ва санади ҳасан”, деган].

  • Ҳаддидан ошган золим ҳукмдорлар, тоғут ва худосиз (атеист)ларнинг исмлари. Фиръавн, Қорун, Маркс, Ленин, Сталин ва ҳоказолар.
    Бундай исмлар Аллоҳнинг қарғишига учраган кофир инсонларнинг исмлари бўлгани боис ҳаргиз улар билан номланиш жоиз бўлмайди. Бу уларга бўлган муҳаббатга ва уларни улуғлашга далолат қилади. Зеро, динимиз Аллоҳнинг лаънатига учраган ва золим кишиларни яхши кўришдан қайтарган.
    Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилувчиларни яхши кўрганини топмассиз” [Мужодала: 22].

2) Ўзгартириш мустаҳаб бўлган ёхуд қўйиш макруҳ бўлган исмлар

  • Шумланишга сабаб бўладиган исмлар.
    Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қулларингни (шунингдек, фарзандларингизга ҳам) Ясор (қулайлик), Рабоҳ (фойда), Нажийҳ (омадли) ёки Афлаҳ (муваффақиятли) деб номлама. Негаки, сен фалончи борми десанг, агар йўқ бўлса, фалончи йўқ, деб жавоб берилади”[Муслим: 2137].
    Айтайлик, хизматкорнинг исми Рабоҳ, яъни фойда бўлса, “Рабоҳ борми?”, деб сўралса-ю, уйда бўлмаса “Рабоҳ (фойда) йўқ”, деб жавоб берилади ва  бу эшитган кишида қандайдир шумланиш пайдо қилади. Шу сабаб ҳадисда бундай исм қўйишдан қайтарилди.

  • Хунук, ёмон ва салбий маъноларни ифодаловчи, шунингдек, кулгуга сабаб бўладиган исмлар. Қўчқор, Теша, Кетмон ва ҳоказолар.
    Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмон исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар” [Термизий: 2839].
    Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳунинг Осия (осий бўлувчи, исён қилувчи) исмли қизи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирдилар” [Муслим: 5656].
    Саид ибн Мусаййиб отасидан, отаси бобоси Ҳазн ибн Абу Ваҳбдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (яъни, Ҳазнга): “Исминг нима?” дедилар. У: “Ҳазн (қўпол, қайсар)”, деди. Шунда у зот: “Йўқ, сен “Саҳл” (юмшоқ, енгил)сан”, дедилар. У бўлса: “Йўқ, мен отам қўйган исмимни ўзгартирмайман”, деди. Саид айтади: “Шундан сўнг бизни қўполлик ва қайсарлик тарк этмади” [Бухорий: 6193].

  • Шахсни диний жиҳатдан мақташ маъносини ифодалайдиган исмлар. Барра (тақводор, эҳсонкор), Тўра, Зоҳид, Муҳсинва ҳоказолар.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Зайнабнинг исми “Барра” эди. Шунда: “Бу билан ўзини улуғлаяптими?!”, дейилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Зайнаб” деб исм қўйдилар” [Бухорий: 6192 ва Муслим: 5658].
    Имом Нававий “Таҳзийбул асмо”, (1/41) асарида: “Ёмон исмларни яхшисига ўзгартириш мустаҳабдир”, деган.
    Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хунук, ёмон ёки шахсни мақтайдиган исмлар билан номланмаслик лозим” [“Фатҳул Бори”, 10/577].

3) Ўзгартириш жоиз бўлган исмлар

Юқорида ўтган исм турларидан бошқа барча исмларни ўзгартириш ёки қўйиш жоиз. Масалан, Абдураҳмон исмини Абдуллоҳга, Муҳаммад исмини Маҳмудга ўзгартириш каби.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, агар исм ўзгартиришга бирон ҳожат бўлмаса ва исм яхши маънони англатса, уни ўзгартирмаган маъқул. Зеро, ҳар бир ота-она ўз фарзандига яхши ниятда исм қўяди. Исмни ўзгартириш эса уларни ранжитиши мумкин.
Аммо исм ўзгартириш учун нима қилиш керак, деган саволингизга келсак, исм ўзгартириш учун шариатимизда бирон кўрсатма борлигини билмаймиз. Баъзи одамлар исм ўзгартирса ақиқа қилиб, қўй сўйиш ва одамларга эҳсон қилиб бериш керак, деган сўзларни айтиб юришади.

Шайх Абдураҳмон ибн Носир Ал-Баррок бу ҳақда шундай дейди: “Агар улғайгандан кейин исм ўзгартиришга бирон ҳожат туғилса, бунинг учун ақиқа ва бошқа маросимлар қилиш мумкин эмас. Баъзи инсонлар исм ўзгартириш учун жонлиқ сўйиб, баъзи дўсту биродарлар ва қариндошларни чақириб уларга эҳсон қилиб бериш мустаҳаб, деб ўйлашади. Ҳолбуки, бунинг асли (далили) йўқ. Буни диндан деб қилиш бидъат. Чунки у динда йўқ бўлган нарсани пайдо қилишдир. Демак, исм ўзгартириш учун ақиқа қилиш жоиз эмас”, валлоҳу аълам.

Discussion1 dona sharh

  1. Муслим

    Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ. Шоҳрух Муслиҳа исмларини ӯзгартириш шартми ёки ӯҳгартирмаса ҳам бӯладими

Изоҳ қолдиринг