Ҳаром амаллар: Молнинг айбини яшириб сотиш

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буғдой сотаётган кишининг олдидан ўтаётиб, қўлларини идишига тиқдилар. Шунда бармоқлари намни сезди, сотувчига: “Ҳой буғдойнинг эгаси, бу нима? дедилар. “Ёмғир тегибди”, деди у. “Одамлар кўришлари учун устига чиқариб қуймайсан-ми? (Савдода) алдаган киши биздан эмас”, дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда Аллоҳдан қўрқмайдиган кўплаб сотувчилар молнинг айбини устидан ямаб, яширадилар ёки айби борини энг тагига қўядилар ёки кимёвий моддалар ёрдамида товарнинг ташқи кўринишига ишлов берадилар ёки, дейлик, машина мотори ё бошқа ерида носозлик борлигини билдирадиган товушни баъзи усуллар билан вақтинча тўхтатадилар, кейин уни харидор сотиб олгач, кўп ўтмай, ишдан чиқади. Баъзилар маҳсулотининг яроқлилик муддатини ўзгартирадилар ёки харидорга товарни яхшилаб кўриб, текшириб ё синаб олишга йўл қўймайдилар. Молнинг айбини айтмайдилар. Булар айни ҳаром ишлардир. Баъзи сотувчилар ким ошди савдосида:  “Бир тўп темир сотаман”, деб айтиб қўйсам, бўлди, масъулиятдан холи бўламан, деб ўйлайдилар. Аммо унутмаслик керак, бундай савдо қилишдан барака кўтарилгандир.

Азиз сотувчилар! Ўзингизни шундай алдашса, рози бўласизми? Сиз алдаётган киши кимлигини билиб қўйинг! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Ўз ака-укасига айби бор нарсанинг айбини баён қилмай сотиш ҳалол эмас” (Ибн Можа ривояти).

Яна бир ҳадисда эса бундай деганлар: “Олувчи ва сотувчи бир-бирларидан ажраганларига қадар ихтиёрлидирлар. Агар улар рост ва очиқ савдо қилишса, савдолари баракали бўлади. Ёлғон ва ҳийлали савдоларидан эса барака кўтарилади” (Имом Бухорий ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг