Ҳаром амаллар: Номаҳрам аёл билан хилватда қолиш

0

Номаҳрам аёл билан хилватда қолиш

Инсонларни фитнага солишга ва уларни ҳаром ишларга қўл уришларига Шайтон алайҳи лаъна жуда ҳам ҳарисдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръонда бизларни огоҳлантириб деди: “Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ва Аллоҳнинг шариатига амал қилган кишилар, шайтоннинг йўлларига юрманглар. Ким шайтоннинг йўлларига юрса, у уни қабиҳ ва ёмон ишларга буюради” (Нур сураси, 21).

Шайтон Одам болаларининг қон томирида юради. Унинг одамларни фаҳш-бузуқликка солиш йўлларидан бири номаҳрам аёл билан хилватда қолишдир. Шунинг учун ҳам шариат бу йўлни беркитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деганлар: “Киши номаҳрам аёл билан бир жойда холи қолса, учинчилари шайтон бўлур” (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса бундай деганлар: “Бугундан кейин бирон-бир киши номаҳрам аёлнинг олдига ёлғиз ўзи кирмасин, магар ўзи билан бир ё икки киши билан кирсин” (Имом Муслим ривояти).

Киши ўзига маҳрам бўлмаган аёл билан, масалан, ака-укасининг хотини, хизматчиси, ҳамшираси хоҳ уйда, хоҳ машинада, хоҳ хонада холи қолиши жоиз эмас. Кўпчилик ўзларига ё бошқага ишонганларидан бу ҳолга енгил қарайдилар, натижада, фаҳшга ё унга олиб борувчи ҳолатларга тушиб, насабларнинг фожиали аралашиши, ҳаромдан болалар туғилиши ва бундан бошқа нохуш воқеаларнинг содир этилишига сабабчи бўлиб қоладилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг