Ҳаром амаллар: Судхўрлик

0

Аллоҳ таоло Ўзининг китобида судхўрлардан бошқа ҳеч кимга қарши уруш эълон қилгани ҳақида хабар бермаган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Аллоҳга иймон келтирган ва Унинг пайғамбарига эргашган кишилар, Аллоҳдан қўрқинглар ва агар сўзу амалда ҳақиқий мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилинглар ва уларни талаб қилманглар! Агар Аллоҳ қайтарган нарсадан тийилмасанглар, Аллоҳ ва Расулига қарши урушга (кирганингизга) аниқ ишонаверинглар!” (Бақара сураси, 278-279).

Бу жиноят Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида нақадар оғир эканига мазкур оят баёни кифоядир.

Давлатлар ва халқлар аҳволига эътибор бериб қараган киши судхўрлик касофатидан келиб чиқаётган инқирозлар, қарзга ботишлар, иқтисодиётнинг издан чиқиши, ишсизликнинг болалаб кетиши, ширкатлар ва ташкилотларнинг касодга учраши, тинимсиз ишлаб топилган пуллар ўша таг-туби йўқ фоизларнигина тўлашга кетиши, улкан бойликларнинг жамиятдаги бир ҳовуч кишилар қўлига ўтиб қолиши каби оғир иллатларнинг гувоҳи бўлади. Ана шулар Аллоҳ ваъда қилган урушнинг баъзи кўринишлари бўлса, ажаб эмас.

Судхўрликда иштирок этган ҳар икки тараф, ўртада турганлар, ёрдам берганлар – ҳамма-ҳаммасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаганлар. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо егувчини ҳам, едирувчини ҳам, уни ёзувчи ва унга гувоҳ бўлганларнинг барини лаънатладилар ва: “Улар (гуноҳда) тенгдир”, дедилар.

Шунга биноан судхўрликни қайд этишда, олишда, беришда, сақлашда, умуман, қандай тарзда бўлса ҳам, унга кўмаклашиш ҳаром бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оғир гуноҳнинг нечоғлик қабиҳлигини баён қилиб шундай деганлар: “Рибо етмиш уч турлидир, шунинг энг енгили киши ўз онаси билан зино қилган кабидир, рибонинг рибоси эса мўминнинг обрўсидир” (яъни уни ҳақорат қилишдир) (Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг судхўрликдан билиб туриб бир дирҳам ейиши ўттиз олти зинодан оғирроқдир” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Судхўрлик ҳаммага бирдай ҳаром, бой, камбағал ҳеч ким ажратилмаган, балки ҳар бир ҳолат, ҳар бир шахсга тааллуқлидир.

Қанча-қанча бой-бадавлат кишилар, катта савдогарлар судхўрлик сабабидан касодга учраганларига ҳаётий далиллар жуда кўп. Ҳеч бўлмаганда, молнинг саноғи кўп бўлса-да, баракаси бўлмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рибода (мол) кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади”, деганлар.

Шунингдек, рибонинг ҳаромлиги фоизнинг баланд ёки паст бўлиши билан белгиланмайди. Унинг ози ҳам кўпи ҳам тенгдир.  Судхўр қиёмат куни шайтон-у жинлар урган кишидек қабридан алаҳсираб туради.

Судхўрлик оғир жиноят бўлса-да, ундан тавба қилиш мумкинлигини ҳамда бунинг йўли борлигини Аллоҳ таоло кўрсатиб қўйган: “Агар Раббингиз томонга қайтсанглар ва судхўрликни тарк қилсанглар, қарзга берган сармоянгизнинг ўзини қўшимча фойизсиз қайтариб олишларингиз мумкин, сармояга қўшимча фойиз қўшиб олиш билан бировга зулм ҳам қилмайсизлар, қарздорлар ҳам сармоянгизни камайтириб бериш билан сизларга зулм қилмайди” (Бақара сураси, 279).   Бу айни адолатдир.

Мўминнинг қалби бу оғир гуноҳдан нафратланиши ва унинг қабиҳлигини ҳис этиши зарур. Олдин билмасдан рибо аралашган жойларга бойлигини қўйганлар ёки риболи ишларга аралашиб қолганлар бўлса, Аллоҳга истиғфор айтишлари ва бундан бошқа ҳалол ва баракали йўлларни излашлари зарур бўлади. Рибонинг фоизидан эса қайси йўл жоиз бўлса, ўша йўл билан ундан қутулишлари, садақа қилиб юборишлари эмас, айнан қутулишлари, халос бўлишлари даркор. Чунки Аллоҳ пок ва пок нарсаларнигина қабул қилади.

Мусулмонман дегувчи ҳар бир шахс қай йўсинда бўлишидан қатъий назар, ейиш-ичишми, кийинишми, машина олишми, уй-жойли бўлишими, оиласини, ота-онасини боқишми ва закот чиқариш-у жарималарни тўлашми – ҳеч бирида рибодан фойдаланиши мумкин эмас. Балки Аллоҳнинг азобидан қўрққан ҳолда ундан халос бўлиш керак.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг