Ҳаром амаллар: Ёлғон гувоҳлик бериш

0

Аллоҳ таоло деди: “Бутлардан иборат нажосатдан, ёлғон гувоҳлик беришдан сақланинглар. Аллоҳга холис ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар” (Ҳаж, 30-31).

Абдураҳмон ибн Абу Бакра разияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми?» деб уч бор айтдилар ва: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш”, деб такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳатто биз: “Қанийди тўхтатсалар эди”, деб қолдик” (Бухорий ривояти).

Одамларнинг ёлғон гувоҳлик беришга эътиборсизлиги, ҳасад ва адоват каби ёлғон гувоҳлик беришга ундовчи омиллар кўплиги боис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам  уни қайта-қайта такрорладилар.

Ёлғон гувоҳлик оқибатида қанча-қанча ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлади ва қанчадан-қанча бегуноҳлар зулмга гирифтор бўладилар. Унинг оқибатида кимлардир бировларнинг мол-мулкига эга бўлиб олишади, ҳатто баъзилар ёлғон гувоҳлик билан насабларини ҳам ўзгартириб олишади. Шундай одамлар борки, судга мурожаат қилганларида, фақат ўша ерда кўрган одамларига “Сен менга гувоҳ бўл, мен сенга гувоҳ бўлай” деб ишнинг ҳақиқатини суриштирмай, аниқламай, танимаган одамларга гувоҳликка ўтиб кетаверадилар. Бундай қилиш гувоҳлик масаласига беписандлик бўлади. Маҳкама эшигидан бошқа жойда учратмаган бир одам учун ер ёки уй-жойга эгалик хусусида гувоҳликка ўтиш ёки уни бирон жиноятдан оқлаб гувоҳликка ўтиш ёлғончилик ва муттаҳамликдан ўзга нарса эмас. Гувоҳликка ўтиш “… биз фақат билган нарсамизга гувоҳлик бердик” (Юсуф, 81) оятига мувофиқ бўлиши керак.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади” (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти), деган сўзларини унутмаслик лозим.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг