Ҳаром амаллар: Ёлланган ишчи (мардикор)ни тўлиқ ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаслик

0

Рaсулуллоҳ (сaллаллоҳу алайҳи ва саллам) ишчининг ҳақини кечиктирмасдан тез тўлашга даъват қилганлар: “Мардикорнинг ҳақини унинг (пешона) тери қотмай туриб беринглар”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Одамлар орасида тарқалган зулм турларидан бири – ишчи-мардикорлар, ёлланганлар ва ходимларнинг ҳақларини бермаслик. Унинг бир неча кўриниши бор:

  1. Хизмат ҳақини беришдан бутунлай бўйин товлаш. Сабаби кўпинча хизматчида бировнинг қўлида ишлаганини исботловчи далил бўлмайди. Аммо бечора заиф хизматчи бу дунёда ўз ҳақидан маҳрум этилган бўлса ҳам, қиёматда Аллоҳ ҳузурида унинг ҳақи сақланади. Ҳақини бермай еб кетган золим: “Еб кетдим, бўлди”, деб ўйламасин. Қиёматда золимнинг яхшиликларидан мазлумга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса ёки ҳаққини адо қилмай тугаб қолса, у ҳолда мазлумнинг ёмонликлари золимга юкланади ва ўзи дўзахга ташлаб юборилади.

  2. Ҳаққи тўла берилмайди, қисман уриб қолинади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Тарозидан (бировнинг ҳаққидан) уриб қолувчиларга ҳалокат бўлгай”, деб огоҳлантирган (Мутоффифун, 1).

Баъзи иш берувчилар муайян ҳақ тўлашга келишиб, ишчиларни ўзга юрт-шаҳарлардан таклиф қиладилар. Улар келиб, ўрнашиб ишни бошлашганда эса шартлашилган нархдан камроқ ҳақ тўлаш мақсадида битимни ўзгартирадилар. Албатта, ишчилар буни исбот қила олмай, чорасиз ҳолда Аллоҳга нола қилиб қоладилар. Қолаверса, иш берувчи мусулмон, ишчи эса кофир бўлса, ҳақни тўла бермаслик кофир ишчининг Исломга киришига тўсиқ ҳам бўлади.

  1. Ишчининг ҳақини бермай чўзиб юриб, охири кўп машаққат, оворагарчилик, шикоят ва судлашувлардан кейингина бериш.

  2. Қўшимча ҳақ тўламасдан ишни кўпайтириб юбориш ёки иш вақтини узайтириш.

Баъзан иш берувчи ишчини зериктириб ҳақидан воз кечтириб юбориш ёки унинг пулини айлантириб фойдаланиб қолиш мақсадида ҳам шу каби ҳақсизликлар қилади.

Бечора ишчи на кундалик емиш топа олади ва на муҳтожликда қолган оиласига бирон нарса юборади. Шунинг учун ҳам золимларга қиёматда Аллоҳнинг азоби муқаррардир.

Абу Ҳурайра (рaзияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбар (сaллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло деди: “Мен қиёмат куни уч кишининг – Менинг номимни ўртага қўйиб (бирон нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг; ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг; мардикорни ижарага олиб ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишиларнинг душманидирман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Изоҳ қолдиринг