Қарзга берилган мулкнинг закоти

0

Қарзга берилган мулкнинг закоти

Уламолар бировга қарз берган киши қарзга берилган мулкдан закот бериши фарз ёки фарз эмаслиги хусусида ихтилофлашганлар. Бу хусусда икки тур ҳолат мавжуд:

Биринчи ҳолат. Агар қарздор қарзга иқрор бўлиб, уни қайтаришга қодир бўлса, бундай қарздан закот чиқариш борасида қуйидагича фикрлар мавжуд:

  1. Бундай қарздан закот берилмайди. Негаки, бу маблағ қарзга берган шахснинг тўлиқ мол-мулки ҳисобланмайди. Шу боис, ундан закот бериш фарз эмас. Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қарздор шахс ҳузурида қарз берувчининг мол-мулки бўлмиш муайян нарса йўқ. Балки у қарз берувчига муайян саноқ ва сифатга эга бўлган мол-мулкни қайтариши лозим, холос. Эҳтимол, қарздор қайтариши лозим бўлган тилла ёки кумушлар ҳануз конда тупроққа аралашиб ётгандир. Ёхуд у қарз берган кишига қайтариши лозим бўлган чорва ҳайвонлари ҳамон туғилмагандир. Бинобарин, қандай қилиб бундай ҳолатдаги мол-мулкдан закот чиқариш фарз бўлсин?![1]. Бу Икриманинг мазҳаби, Ойша ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган кўз қараш, зоҳирийлар мазҳабининг фикри, Шофеий роҳимаҳуллоҳнинг қадимги сўзи[2] ва иншааллоҳ, рожиҳ бўлган фикрдир[3].

  2. Бундай қарздан закот чиқариш фарз. Бироқ мазкур фикрни ёқлаган уламолар ундан қай тарзда закот чиқариш хусусида турлича фикр билдирганлар:

А) Ҳанафий ва ҳанбалийлар мазҳабига кўра, қарзни қайтиб олганида ўтган барча йиллар учун алоҳида-алоҳида закот чиқаради.

Б) Шофеий мазҳабига кўра, қарзни қайтиб олмаса ҳам, ҳар йили ўз вақтида закотини бериб бораверади.

В) Саид ибн Мусайяб ва Атонинг фикрича, шунингдек, имом Молик мазҳабига кўра, қарзни қайтиб олганида фақат бир йиллик закотини чиқаради.

Иккинчи ҳолат. Агар қарздор қарзни қайтаришга имкони йўқ бўлган камбағал бўлса ёки қарз олганини инкор қиладиган ёки қарзни қайтармай пайсалга соладиган киши бўлса, бундай қарздан закот чиқариш хусусида ҳам уламолар ихтилоф қилганлар:

  1. Ҳанафий ва зоҳирийлар мазҳабига кўра, бундай қарздан закот чиқариш фарз эмас. Бу фикр, юқорида айтиб ўтганимиздек, рожиҳ фикрдир.

  2. Қарзни қайтиб олганида ундан закот чиқариш фарздир. Айрим уламоларнинг фикрича, қарзни қайтиб олгач, ўтган барча йиллар учун закот чиқариш фарз бўлса, бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, фақат бир йиллик закот чиқариш фарздир.

Юқоридаги фикрлар ичидаги рожиҳ фикр шундан иборатки, бировга қарз берган инсон, қарздорнинг қарзга иқрор ва қайтаришга қодир бўлиши ёки қарзни қайтаришга имкони йўқ камбағал ёки имкони бўлсада пайсалга солувчи бўлишидан қатъий назар, қарзга берган мол-мулкидан закот чиқариши фарз эмас. Негаки, юқорида айтиб ўтилганидек, қарзга берилган мол-мулк қарз берувчига нисбатан тўлиқ мол-мулк саналмайди (юқоридаги Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг сўзига қаранг).

Мавзуга оид айрим мулоҳазалар:

(1) Маҳрнинг насия қилинган қисми, харидор тўлаши лозим бўлган, бироқ ҳануз тўламаган ва бўлиб-бўлиб тўланиши керак бўлган улушлар ва шу сингари мол-мулклар ҳам қарзга берилган мулкларга киради. Бинобарин, то қўлига олиб, ҳавл (бир йил) айланмагунча улардан закот чиқариш фарз бўлмайди.

(2) Агар инсон бировдан қарздор бўлса-ю, бироқ айни пайтда қўлида мол-мулки бўлса, мазкур мулкдан закот чиқариши фарз. Зеро, уламолар билдирган рожиҳ фикрга кўра, зиммасидаги қарз сабабли қўлида мавжуд бўлган мулкдан чиқариладиган закот соқит бўлмайди. Модомики инсон қўлида нисобга етган мулк бўлиб, ҳавл айланган бўлса, ундан закот чиқариши фарздир. Қарз эса инсон зиммасида тураверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам закот йиғишга мутасадди ходимларни одамлардан “Қарзинг борми ёки йўқми”, деб сўрашга буюрмаганлар. Бинобарин, қарздор кишига закот вожиб бўлмаслик эҳтимоли бўлган ўринда ундан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида суриштирмаслик қарздорга ҳам закот фарз эканига далолат қилади.

(3) Қарздордан қарзни соқит қилиб, уни закот ўрнига ҳисоблаш жоизми?

 Бир инсоннинг фақир кишига берган қарзи бўлса, ўша қарзини ундан соқит қилиб, закот ўрнида унинг ўзида қолдириши жоизми? Бу борада уламолар икки хил фикр билдирганлар:

  1. Имом Аҳмад ва имом Абу Ҳанифа мазҳаби, шунингдек, шофеий мазҳабидаги икки қарашдан тўғрироғига кўра, бундай қилиш жоиз эмас.

  2. Ҳасан Басрий ва Атонинг фикрига, шунингдек, Ибн Ҳазм рожиҳ деб билган фикрга кўра, қарзни закотни ўрнига ҳисоблаш жоиздир. Улар бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун қуйидагиларни далил қилганлар:

А) Камбағалга қарз берган одам фарз садақа (закот)га буюрилган. Кишининг қарздордан қарзини соқит қилиши садақа деб номланади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар, (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” [Бақара: 180]. Зеро, инсоннинг қарздор бўлган фақир зиммасидаги қарзидан кечиб, уни закот ўрнига ҳисоблаши фақирга ёрдам қўлини чўзиш демакдир.

Б) Қолаверса, инсон ўзи қарз берган камбағал қарздорга закотини бериб, сўнг ундан қарзи ўрнига берган закотини қайтариб олса, жоиздир. Шундай экан, қарздор камбағал закотни бевосита қўлига олмаса ҳам жоиз.

В) Агар бир инсон камбағал кишига сақлаш учун бир неча динор омонат берган бўлса-ю, сўнг ўша динорларни закот сифатида унинг қўлида қолдирса, жоиздир. Бу хусусда закотни камбағалнинг қўлига берган ёки бермаганлигининг аҳамияти йўқ. Бу фикрга кўра, қарз берувчи қарздорга қарздан воз кечганини билдириб қўйиши лозим.

Дарҳақиқат, Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳолат жоиз бўлиши учун олинган қарзнинг тижорат қарзи эмас, балки оддий қарз бўлишини шарт қилган. Албатта, бу мақбул ва ўринли шартдир. Шунга кўра, тижоратчилар ўзаро ўрталаридаги қарзларни закот ҳисобидан соқит қилиши дуруст эмас.

(4) Қарз берган инсон камбағал қарздорга закотини бериб, берган закотини қарз ҳисобидан қайтариб беришини шарт қилса, мазкур шарт аралашгани боис, уламолар бундай закот дуруст бўлмаслиги ва қарз берувчидан закот соқит бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Борди-ю, ҳар икки томон шундай қилишни ният қилсалар-у, бироқ ўзаро шартлашмасалар, у ҳолда қилган ишлари қарз берувчидан закотни, қарздордан эса қарзни соқит қилади.

(5) Агар инсон иморат қуриш, ҳажга бориш, уйланиш ёки бошқа бирон мақсадда мол-мулк жамғарса ва ҳавл айланса (орадан бир йил ўтса), бу мол-мулкдан закот чиқариш фарз бўлади.

(6) Қарз деганда қарз мақсадида олинган маблағ, бирон товар эвазига бериладиган пул, ижара ҳаққи, аёлларга бериладиган маҳр, аёл эридан хулуъ талаб қилганда оладиган эваз ва шу каби инсон зиммасига тушадиган мулклар назарда тутилади.

Ўғирланган ёки йўқолган мол-мулклар ҳам қарзга берилган мулк ҳукмида бўлиб, улардан закот чиқариш фарз эмас.

(7) Агар инсон зиммасидаги қарзнинг ўташ муддати келгани боис қарзини ўтаса ва шу сабабдан қўлида мавжуд бўлган мол-мулк нисобдан камайса, закот бериш фарз бўлмайди.

Шунингдек, инсон зиҳор ёки қасам туфайли каффорат бериши лозим бўлса ёки бирон назр қилган бўлса-ю, каффорат ёки назрни адо қилса, натижада мол-мулки нисобдан камайса, закот бермайди.

(8) Агар ҳавл айланиши (бир йил ўтиши)дан олдин нисоб камайса, закот фарз бўлмайди. Бироқ ҳавл айланса ҳам закотни адо этмаса, сўнг гарчи ўғирлик ёки бирон талофат натижасида нисоб камайса, закот бериши фарздир. Негаки, закот Аллоҳнинг ҳаққи бўлиб, унинг зиммасига тушиб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Зеро, Аллоҳнинг ҳаққи ўталишга ҳақлироқдир[4].

(9) Агар инсон қўлидаги мол-мулкини бошқасига алмаштирса, қаралади: алмаштирилган мол-мулк олдингисининг жинси – туридан бўлса, ҳавл узилмайди. Борди-ю, бошқа бир жинсдан бўлса, ҳавл узилади, яъни закот фарз бўлиши учун янгидан бир йил ўтиши лозим. Айтайлик, нисобга етган қўйларни ўша миқдордаги бошқа қўйларга алмаштирса, ҳавл узилмайди. Агар қўйларни сигирларга алмаштирса, ҳавл узилади ва сигирлар учун янгидан ҳавл айланиши лозим.

Тижорат молларида товарни бошқа бир товарга алмаштиришнинг ҳавл узилишига таъсири йўқ. Муайян товар билан тижорат қиладиган савдогар ўз йўналишини ўзгартириб, бошқа товар билан тижорат қила бошласа ҳам ҳавл кесилмайди. Негаки, тижоратдан мақсад товарнинг қийматидир.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, рожиҳ фикрга кўра, тилла билан кумуш бир биридан фарқли икки жинс деб эътибор қилинади. Шунга биноан, ҳавл мобайнида тиллани кумушга ёки аксинча, кумушни тиллага алмаштирса, ҳавл узилади ва янгидан ҳавл бошланади.

Юқорида зикр қилинган барча ҳолатларда мол-мулкни бошқасига алмаштиришдан мақсад закот чиқармаслик учун ҳийла ишлатиш бўлмаслиги керак. Агар инсон закотдан қочиш мақсадида шундай йўл тутса, гуноҳкор бўлиб, охиратда азоб-уқубатга дучор бўлади.

[1] “Муҳалло” (1/139).
[2] Қаранг: “Мажмуъ” (6/21).
[3] Бу китоб муаллифи рожиҳ деб билган фикрдир. Кўриб турганингиздек, бу фикр тўрт мазҳаб уламоларидан иборат жумҳур уламолар фикрига зиддир. Бизнинг фикримизча, бу борада жумҳур уламолар фикри рожиҳдир.
[4] Бухорий (1953), Муслим (1148), Термизий (717) ва Ибн Можа (1758) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг