Ҳасан Басрий (2)

0

Ҳасан келган вақтда Басра шаҳри Ислом давлатидаги илм қўрғонларининг энг катталаридан эди. Ундаги катта масжид эса, Басрага келган саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан денгиз мисоли тўлқинланиб турарди… Турли-туман илм ҳалқалари масжиднинг ичи-ю ташини обод қилиб, кўркига кўрк қўшар эди. Ҳасан ҳам масжидга қаттиқ боғланиб, уммати Муҳаммаднинг олими ва обиди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг илм ҳалқаларидан жой олди,  у кишидан тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа-бошқа кўп илмларни ҳосил қилди. Кўп ўтмай, ўзи ҳам дин ва илмда унга суяниладиган олим ва фуқаҳоларнинг бирига айланди. Одамлар унга юзланиб, унинг тўлиб тошган илм булоғидан қониб-қониб симирадиган, қаттиқ қалбларни эритиб, кўзлардан тирқираб ёшлар оқизадиган ваъз-насиҳатларига жим ўтириб қулоқ тутадиган, ақлларни мафтун этадиган ҳикматларини ёд олиб, тадаббур этадиган, мушки анбардан хушбўйроқ ахлоқини ўзларига ўрнак қилиб оладиган бўлдилар. Ҳасан Басрийнинг овозаси атроф шаҳарларга ва одамлар орасида тез ёйилиб кетди… Халифа ва амирлар қизиқиб, у ҳақда сўраб суриштирадиган, хабардор бўлишга интиладиган бўлдилар. Холид ибн Сафвон ҳикоя қилади:

“Ҳийрада (Ироқдаги қадимий шаҳар) Маслама ибн Абдулмаликни (умавийларнинг амири ва лашкарбошиси) учратиб қолдим. У менга:

– Эй Холид, Ҳасан Басрий ҳақида менга гапириб бер, уни сендан кўра яхши биладиган киши йўқ бўлса керак, деб ўйлайман, – деди.

Мен:

– Амиримизни Аллоҳ саломат қилсин… Ҳа, мен Ҳасан Басрий ҳақида сизга энг кўп хабарни мен бера оламан, чунки, биринчидан, мен унинг қўшнисиман, иккинчидан, илм мажлисида унинг ҳамнишини ва Басра аҳли ичида уни энг яхши билувчиман, – дедим.

Маслама:

– Билганларингдан айтиб бер, – деди.

Мен:

– Ҳасан Басрий ичи билан таши, сўзи билан амали бир хил одам. Яхшиликка буюрса, ўзи шунга энг яхши амал қилувчи, ёмонликдан қайтарса, ўзи шундан энг биринчи қайтувчидир. Одамлардан беҳожат, уларнинг қўлларидаги нарсалардан ўзини тийган, аксинча, одамлар унга муҳтож, ундаги нарсаларга талабгор зот…

Маслама ибн Абдулмалик:

– Бўлди, Холид, бўлди, етарли! Ҳасан Басрий каби инсон орасида бўлган қавм қандай адашсин?! – деди.

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Ироққа волий этиб тайинланиб, у ерда зулм қилиб ҳаддидан ошганда, Ҳасан Басрий унга қарши чиқиб, эътироз билдирган, одамларга унинг ёмон ишларини ошкор қилган ва ҳақ сўзни унинг ўзига очиқ айта олган оз сонли кишилар қаторида эди. Шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз.

Ҳажжож Басра билан Кўфа оралиғидаги Восит деган шаҳарда ўзи учун қаср қурдирди. Сўнг одамлар томоша қилиб, дилхуш бўлишлари ва барака тилаб дуо қилишлари учун ҳаммани қасрга чорлади. Одамлар йиғиладиган бундай фурсатдан унумли фойдаланиб, уларга панд-насиҳат қилиш, дунё зеб-зийнатларига берилмай, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги нарсаларга интилиш ва шу каби эслатмаларни баён қилиш умидида Ҳасан Басрий ҳам у ерга борадилар. Етиб боргач, одамлар қасрнинг ҳашаматига, кенглиги-ю катталигига, нақш ва зийнатига маҳлиё бўлиб, қаср атрофида айланиб юришган пайтда уларга гапира бошладилар:

– Ёмонларнинг ёмони қурдирган бу қасрни кўриб турибмиз, шуни билингларки, Фиръавн бундан-да катта ва ҳашаматли қасрларни қурдирган эди… Натижа нима бўлди? Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди, қурдирган қасрларини эса, ер билан яксон қилди… Кошкийди Ҳажжож само аҳли уни ёмон кўришини, ердагилар уни мағрурлантириб юборганини билса эди…

Ҳасан Басрий шундай қаттиқ-қаттиқ гапиришда давом этдилар. Ўша ердагилардан бири Ҳажжож Ҳасан Басрийни жазолашидан ҳадиксираб:

– Бўлди, эй Абу Саид, – деганида, Ҳасан Басрий:

– Аллоҳ аҳли илмлардан “…одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!” деб аҳд-паймон олган, – деб сўзларида давом этдилар.

Эртаси куни Ҳажжож ғазабдан ёрилиб кетгудек ҳолда ўз қароргоҳига кириб, аъёнларига:

– Ҳалокат бўлсин сенларга, нонкўрлар… Басралик бир қул туриб, биз ҳақимизда хоҳлаганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган бирорта одам топилмаса!.. Аллоҳга қасамки, ҳаммангизга унинг қонини ичираман, қўрқоқлар, – деди ва қилич билан зеркунда (қатл қилишда тўшаладиган чарм тўшама) олиб келишни буюрди, сўнг жаллодни чақиртирди. Ҳузурида ҳаммаси ҳозир бўлгач, Ҳасан Басрийни олиб келиш учун одамларини жўнатди. Оз ўтмай, Ҳасан Басрийни олиб келдилар. Кўзлар Ҳасан Басрийга қадалди, юраклар дукуллаб ура бошлади. Ҳасан Басрий қилич, зеркунда ва жаллодни кўргач, лабларини қимирлатиб қўйдилар. Сўнг Ҳажжожга юзландилар. У кишида мўминнинг улуғворлиги, мусулмоннинг азизлиги ва Аллоҳ йўлига чақирувчи даъватчининг виқори намоён эди. Ҳасан Басрийни ана шундай ҳолатда кўрган Ҳажжож сустлашиб:

– Хуш келибсиз, эй Абу Саид, хуш келибсиз… Қани, бу ёққа ўтсинлар… – деб илтифот кўрсатиб, ҳатто ўз тахтига ўтқазгунича “бу ерга ўтсинлар”, деб такрорлаб турган Ҳажжожни кўрган аъёнлар ҳайрон қолдилар. Ҳажжож сўнг тахтда ўтирган Ҳасан Басрийга юзланиб, диний масалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳайиқмай, чиройли баён ва кенг илм билан жавоб берардилар. Шунда Ҳажжож:

– Сиз уламоларнинг саййидисиз, эй Абу Саид, – деди ва қимматбаҳо хушбўйлик келтириб, у билан Ҳасан Басрийнинг соқолларини хушбўйлатиб, кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий қароргоҳдан чиқиб кетгач, Ҳажжожнинг дарбони (эшик қоровули) чопиб келиб:

– Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа мақсадда чақиртирган эди. Сиз кирганингизда, қилич, зеркунда ва жаллодни кўриб, лабингизни қимирлатиб пичирлаганингизни кўрдим, менга айтинг, шунда нима дедингиз? – деб сўради.

Ҳасан Басрий айтдилар:

– Эй неъматларимнинг Хожаси ва ғам-аламда менга паноҳ бўлган Зот, Сен оловни Иброҳим алайҳис-салом учун салқин ва омонлик жойи қилганинг каби, бунинг ҳам қаҳр-ғазабини мен учун салқин ва омонликка айлантиргин, дедим…

Волийлар ва амирлар билан шунга ўхшаш ҳолатлар Ҳасан Басрийнинг сермазмун ҳаётида кўп содир бўлган. Бундай вазиятлардан у ҳар сафар Аллоҳ тарафидан  ҳимояланган, ҳокимлар кўз ўнгида янада азиз, янада обрў-эътиборли бўлиб чиқар эди… Мана, шунга яна бир мисол: Зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз оламдан ўтиб, хилофат Язид ибн Абдулмаликка ўтгач, у Ироққа Умар ибн Ҳубайра Фазорийни волий этиб тайинлайди. Кейин унинг ҳокимиятини катталаштириб, Хуросонни ҳам қўшиб беради. Аммо Язид ўзидан аввал ўтган солиҳ халифа изидан кетмай, Ироқдаги волийси Умар ибн Ҳубайрага мактублар жўнатиб, улардаги буйруқларни, гарчи гоҳида ҳаққа терс бўлса ҳам, сўзсиз ижро этишга амр қилади. Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий ва Шаъбий номи билан танилган Омир ибн Шураҳбийлни чақиртириб уларга:

– Мўминларнинг амири Язид ибн Абдулмаликни Аллоҳ таоло халифа бўлишини ирода этиб, унга бўйсунишни эса мусулмонларга фарз қилган. Биласизки, халифа мени Ироққа, сўнг бунга қўшиб Форсга волий этиб тайинлади. Аммо халифа гоҳида менга шундай амр-фармон мактубларни юборадики, мен ундаги буйруқларнинг адолатли эканига кўнглим тўлмайди. Мен халифага итоат этиб, унинг бу амрларини бажаришим учун менга диндан бирон ечим топиб бера оласизми? – деб мурожат қилади.

Шаъбий халифага илтифот ва волийга енгиллик бўладиган бир сўз айтади. Ҳасан Басрий эса сукут сақлаб ўтиради. Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийга қараб:

– Сиз нима дейсиз, эй Абу Саид? – дейди.

Ҳасан Басрий:

– Эй Ибн Ҳубайра, Язиднинг амрларини бажаришда Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳнинг амрларини бажаришда Язиддан қўрқманг… Шуни билингки, Аллоҳ таоло сизни Язиддан ҳимоя қила олади, аммо Язид сизни Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди… Эй Ибн Ҳубайра, яқинки осмондан қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган фаришта тушиб, сизни бу ўрнингиздан четлатиб, кенг қасрдан тор қабрга кўчириб қўйса, сиз у ерда Язидни топа олмайсиз, балки Язиднинг Парвардигорига хилоф қилган амалингизни топасиз… Эй Ибн Ҳубайра, агар сиз Аллоҳ таоло билан бирга ҳамда Унинг итоатида бўлсангиз, Парвардигори олам сизни Язиднинг озорларидан, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам сақлайди… Агар сиз Аллоҳга осийлик қилишда Язид билан бирга бўлсангиз, унда Аллоҳ сизни Язидга ташлаб қўяди. Шуни билингки, эй Ибн Ҳубайра, Холиқ таолога гуноҳ бўлган ишларда, ким бўлишидан қатъи назар, махлуқга итоат қилинмайди, – дейди. Умар ибн Ҳубайра кўз ёшлари соқолини ҳўл қилгудек даражада йиғлаб юборади. Сўнг Шаъбийдан кўра Ҳасан Басрийга мойил бўлиб, уни кўпроқ иззат-икром билан сийлаб кузатиб қўяди. Икковлари волийнинг ҳузуридан чиқишиб, масжид тараф юра бошлаганларида, атрофларига одамлаб йиғилиб, волий билан бўлган суҳбат ҳақида сўрайдилар. Шаъбий одамларга юзланиб:

– Эй одамлар, ичларингизда кимда ким ҳар қандай ўринда ҳам Аллоҳ таолони махлуқотларидан ортиқ қўя олса, шуни қилсин! Аллоҳга қасамки, Ҳасан Басрий волийга айтган сўзларни мен ҳам билар эдим, лекин мен ўз сўзим билан волийни риоя қилган бўлсам, Ҳасан Басрий Аллоҳнинг риоясини қилиб сўзлади… Натижада, Аллоҳ мени волийнинг назаридан узоқлатди, Ҳасан Басрийни эса волийга яқин ва маҳбуб қилди, – деди.

Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кечириб, бу вақт мобайнида дунёни илм, ҳикмат ва маърифат билан тўлдирдилар. Келажак авлодга қолдирган бебаҳо мерослари – асрлар оша қалбларга улфат бўлиб қолган,  қалбларни титратиб, таъсирлантирадиган, кўзлардан шашқатор ёшлар оқизадиган, адашганларни Аллоҳга йўллайдиган, бепарво-ғофилларни эса дунёнинг ҳақиқати ва ундаги одамларнинг ҳоли билан огоҳ қиладиган ваъз-насиҳатларидир. Дунё ва унинг ҳоли ҳақида сўраган сўровчига айтган сўзлари шу меросдан бир намунадир:

“Дунё ва охират ҳақида мендан сўрайдиган бўлсанг, сенга шуни айтаман: дунё билан охиратнинг мисоли машриқ билан мағрибга ўхшайди. Уларнинг бирига яқинлашсанг, бошқасидан узоқлашасан. Менга бу дунёни сифатлаб беринг дейсан. Аввали офат-бало, охири йўқлик-фано бўлган дунёнинг нимасини сенга сифатлай… Ҳалоли ҳисоб қилинса, ҳароми учун азобга қолинса… Бойлар мафтун бўлса, камбағаллар маҳзун қолса…”

Яна ўзи ва одамлар ҳоли ҳақида сўраган кишига айтган ушбу сўзлари:

“Ҳолимизга вой бўлсин, ўзимиз учун нима қилдик?! Динимизни оздириб, дунёйимизни семиртирдик. Ахлоқимизни эскиртиб, буюм ва либосларимизни янгиладик. Биримиз ёнбошлаб бемалол бировнинг молини ейдиган бўлди… Таоми зўрлик билан тортиб олинган… Хизматчини ҳақсиз ишлатган… Нордондан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуруғидан сўнг ҳўлини талаб қилган… Ҳатто тўйиб кетганидан товуш чиқариб кекиради, сўнг ҳазми таом истаб, овқатини сингдирмоқчи бўлади… Эй аҳмоқ, сен овқатни эмас, динингни ҳазм қилмоқдасан…

Муҳтож қўшнинг қаерда қолди?

Қорни оч етим қариндошинг қаерда?

Сенга кўз тикиб турган мискин-бечора-чи?

Аллоҳ таолонинг сенга буюрган амрлари қаерда қолди?

Қаерда?!

Кошки, сен сонлардан иборат эканингни, ҳар кун ўтганида бир сонга камайиб боришингни билсанг эди”.

Бир юз ўнинчи ҳижрий йил, Ражаб ойининг аввали жума кечасида, Ҳасан Басрий Парвардигорининг чақириғига лаббай деб ижобат қилди… Тонг отиб, одамлар орасида унинг вафоти ҳақидаги хабар тарқаганида, Басра ларзага тушди. Уни ювиб, кафанлаб, ҳаётининг аксарини олим, муаллим ва даъватчи бўлиб ўтказган ўша катта масжидда Жума намозидан сўнг жанозалари ўқилиб, дафн қилишга олиб кетдилар… Ҳамма одамлар жанозага эргашиб борди, ҳатто ўша куни Басранинг жомеъсида аср намози ўқилмади, чунки намоз ўқийдиган биронта ҳам одам қолмаган эди… Мана шу кун, Ҳасан Басрий Парвардигорининг ҳузурига кўчган кундан бошқа бирон кун ҳам Басра жомеъсида намоз ўқилмай қолганини одамлар билмайдилар…

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг