Автоуловда намоз ўқиш

0

Савол:

Машинада сафарга кетаётганимизда шом намозининг вақти кирди. Яқин атрофда масжид йўқ, ташқарида ҳаво совуқ эди. Мен машинада ўтирган ҳолимда намоз ўқидим. Ҳамроҳим: “Машинада намоз ўқиш дуруст эмас, шомни хуфтон билан жамлаб ўқиймиз”, деди. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало шуни эслатиб ўтиш лозимки, сафар асносида уловда намоз ўқиш ҳукми намознинг фарз ёки нафл эканига қараб турлича бўлади.

Биринчидан: уловда фарз намозларни ўқиш

Сафарда фарз намозларни автоуловда ўқиш жоиз эмас. Чунки фарз намозларда қиём (тик туриш) ва қиблага юзланиш шартдир. Шунинг учун намоз вақти кирса, иложи борича яқин атрофдаги ёки йўл четидаги масжидлардан бирида ўқиб олиш лозим. Агар ён-атрофда масжид бўлмаса, йўл четидаги бирон қулай жойга тўхтаб, ҳар қандай пок жойда намоз ўқиш жоиз. Яқин атрофда масжид йўқлиги ёки шунчаки ҳавонинг совуқлиги машинада намоз ўқишга баҳона бўлолмайди.

Ундан ташқари вақти кирган намоз сафарда жамлашга рухсат берилган намозлардан бўлса (пешин билан аср ва шом билан хуфтон) ва уни сафарга чиқишдан олдин “жам тақдим” (яъни пешин билан асрни пешин вақтида ёки шом билан хуфтонни шом вақтида) ёки “жам таъхир” қилиб (пешин билан асрни аср вақтида ёки шом билан хуфтонни хуфтон вақтида) ўқиш ҳам жоиз. Бу намозларни «жам тақдим» ёки «жам таъхир» қилиб ўқишни ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб танлаши лозим. Ана ўшанда сафар асносида намоз ўқишга тааллуқли ноқулайликлар бартараф этилган бўлади. Аммо мазкур намозлардан бирини ўз вақтида ўқиб сафарга чиқилгач, навбатдаги намоз вақти кирса, унда у намозни ўз вақтида ўқиш лозим. Айтайлик, биров пешин намозини ўқиб, машинада сафарга чиқди ва йўлда аср намозининг вақти кирди. Бу ҳолатда аср намозини ўз вақтида ўқиш зурур. Шунингдек, бомдод намози ҳам жамланадиган намозлардан бўлмагани учун кечиктирмай ўз вақтида ўқилиши лозим.

Фақат фавқулодда ва зарурат ҳолатларидагина автоуловда фарз намозларини ўқишга рухсат этилади. Масалан, намоз вақти чиқишига оз вақт қолган бўлса, ҳаво совуқ, ташқарида шаррос ёмғир ёғаётган бўлса, ён-атрофда бирон пана жой топилмаса, ана шундай ва шунга ўхшаш ҳолатларда автоуловда намоз ўқиш жоиз бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қодир бўлганингизча Аллоҳдан тақво қилингиз” (Тағобун сураси, 16], дейди. Албатта, бундай вазият юзага келган-келмаганини ҳар бир инсон ўзи яхши билади. Баъзи инсонлар арзимаган баҳоналар билан енгиллик йўлига ўтиб оладилар. Ташқарида бироз ҳаво совуқлиги ёки масжид йўқлигини баҳона қиладилар. Аслида намоз ўқиш учун масжид бўлиши шарт эмас, ернинг истаган жойида, модомики нажосат бўлмаса, намоз ўқиш жоиз. Шунингдек, ташқарида ҳаво совуқ бўлса, қалинроқ кийиниб намоз ўқиш мумкин-ку? Мусофир киши учун икки ёки уч ракаат фарз намозни қаср ўқиш ўқиш қанча вақт талаб этилади, ахир?!

Иккинчидан: уловда нафл ва суннат намозларни ўқиш

Мусофир одам хоҳ самолётда, хоҳ поездда, хоҳ автоуловда бўлсин ўтирган ўриндиғида руку ва саждаларни имо-ишора қилиб намоз ўқиса жоиз. Зеро, нафл ва суннат намозлар учун қиём (тик туриш) ҳамда қиблага юзланиш шарт эмас.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида машриқ томонга қараб намоз ўқир, агар фарз намоз ўқимоқчи бўлсалар, уловларидан тушиб, қиблага юзланар эдилар» (Бухорий, 1048).

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳамроҳингиз тўғри айтган: сиз қилган иш дуруст эмас. Чунки фавқулодда ҳолатлардан ташқари фарз намозларни тик туриб, қиблага юзланиб ўқиш шарт. Шунинг учун сиз машинадан тушиб шом намозини ўз вақтида ўқишингиз лозим ёки ҳамроҳингиз айтганидек, манзилга етиб боргач, шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқишингиз ҳам жоиз эди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг