Автоуловда тиловат саждаси

0

Савол:

Мен ҳайдовчиман. Йўлда кетаётиб, телефонимдан сажда оятини эшитсам ёки ўзим сажда оятини тиловат қилсам, сажда ниятида бошимни автомобилнинг рулига тегизсам сажда ўрнига ўтадими ёки тўхтаб сажда қилишим керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан: аудио ёки видео тасма орқали имомга иқтидо қилиб бўлмагани каби сажда оятини жиҳозлардан эшитган инсон ҳам тиловат қилувчининг ёнида бўлмагани боис унга эргашиб, сажда қилиши мустаҳаб саналмайди. Бироқ сажда қилган инсон ҳам маломат қилинмайди. Яъни сажда қилса бўлаверади, валлоҳу аълам.

Иккинчидан: жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, тиловат саждаси учун таҳоратли бўлиш, қиблага юзланиш ҳамда авратни тўсиш каби намозда шарт қилинадиган ишлар талаб қилинади.

Учинчидан: уловда кетаётган киши уловидан тушмаган ҳолда бошини олдинга эгиб сажда қилиши жоиз. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар мобайнида уловларидан тушмаган ҳолда нафл намоз ўқиганлари далил бўлади (Бухорий: 1049), валлоҳу аълам.

Тиловат саждаси ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун “Тиловат саждаси ҳақида” ҳамда “Макруҳ вақтларда тиловат саждаси қилиш жоизми?” номли фатволаримизга мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг