Аёл киши сочини қисқартириши ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум, IxlosOrg жамоаси! Аллоҳ дин йўлидаги хизматларингизга барака берсин ва давомли қилсин! Сизлардан бир савол сўрамоқчи эдим. Аёл киши сочини кесса бўладими? Баъзида аёлларимиз сочлари узун бўлгани учун сочларини йиғиштириб олишса, ҳижоб кийишганида билиниб қолади. Шундай ҳолатларда соч кесиш жоизми? Бу ҳақда шариатимизда нима дейилган? Жавобингизни кутиб қоламиз.

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин. Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ!

Аёл киши сочини кесишига шариатимизда ҳеч қандай монелик йўқ. Аксинча, баъзи саҳобия аёллар, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари сочларини қисқартиришгани ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор. Бу ҳақда Абу Салама ибн Абдурраҳмон шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи аёллари сочини кесар, сочи қулоғидан узунроқ бўлиб турар эди” (Муслим ривояти, 654-ҳадис).

Аёл киши сочини кесиши учун саволда айтилган сабабдан бошқа эҳтиёжлар ҳам бор. Масалан, аёл киши ғусл қилганидан кейин, хусусан, совуқ диёрларда, сочини қуритишга қийналиши боис ёхуд эрига чиройли бўлиб кўриниш мақсадида ҳам сочини кесиши жоиз. Баъзи аёллар сочи узунлиги учун ғусл қилганда сочини яхши қурита олмагани учун бош оғриғига дучор бўлишади. Бошни ювмай ғусл қилиш имконсизлиги туфайли ғусл қилишга олиб борувчи сабаблардан қоча бошлайди ва бу ўз-ўзидан эр-хотин муносабатлари бузилишига олиб боради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, соч қисқартириш меъёридан ошиб кетмаслиги керак. Масалан, аёл киши соч қисқартириш жоиз экан, деб, сочини эркакларникидек қилиб олиши ҳаром бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Уч тоифа инсонларга қиёмат кунида Аллоҳ таоло назар солмайди: ота-онасига оқ бўлган кишига, ўзини эркакларга ўхшатган аёлга ва даюсга” (Саҳиҳ, Насоий ривояти, 2562-ҳадис). Шунингдек, сочни кофирларнинг сочига ўхшаб қоладиган шаклда турмаклаш ҳам ҳаромдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ҳам ўшалардандир” (Абу Довуд ривояти, 4031-ҳадис). Бу ҳадис нафақат соч қисқартиришда, балки барча ишларда кофирларга тақлид қилишни ўз ичига олади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг