Аёл киши сочини қисқартиши жоизми?

0

Барчага маълумки, аёл кишининг сочи қадимдан унинг кўрки, чиройи ҳисобланиб келган, сочи қанча узун ва қалин бўлса, шунча гўзал деб эътибор қилинган. Кўпчилик фуқаҳолар аёл киши сочини қисқартириши ҳақида фақат ҳаж ва умра ибодатига доир ҳукмларни баён этиш асносида гапириб ўтган. Фуқаҳоларнинг айтишича, аёл киши ҳаж ва умра ибодати якунида сочини бармоқ учи миқдорича қисқартириши керак. Баъзи олимларнинг фикрича, шундан бошқа ўринда аёл киши сочини қисқартириши жоиз эмас. Негаки, аёл кишининг асл хилқати сочининг узунлиги бўлса, қисқа соч эркакларга хос хилқатдир.

Юқоридаги сўзлардан тушунишимиз мумкинки, аслида аёл киши ҳаж ва умрадан бошқа пайтда сочини қисқартирмагани афзал. Бироқ соч қисқартиришга эҳтиёж туғилса, қисқартирса бўлади. Негаки, шариатимизда бу ишдан қайтарадиган бирон далил борлигини билмаймиз. Аслида хотин-қизлар маҳрамлари олдида сочини турли кўринишда турмаклаб безаниб юриши жоиздир.

Қолаверса, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг аёллари сочларини қисқартиргани ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган. Имом Муслим Абу Салама ибн Абдураҳмон (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг (баъзи) аёллари сочини қулоғигача кесар эди[1]. Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ушбу ҳадис аёллар сочини қисқартириши жоизлигига далил бўлади[2].

Аммо шуни эслатиб ўтиш лозимки, аёл киши сочини қисқартирар экан, қуйидаги шартларга риоя қилиши керак:
1. Эркакларнинг соч турмагига ўхшамаслиги;
2. Кофир ёки бузуқ аёлларнинг соч турмагига ўхшамаслиги;
3. Эри бўлса, эридан рухсат сўраши.

Биринчи шарт. Эркак киши аёлларга ўхшаб кийиниши, гапириши, соч турмаклаши, ўзини аёлларга ўхшатиши, шунингдек, аёл киши ўзини эркакларга ўхшатиши шаръан қаттиқ қораланган ва бу иш гуноҳи кабиралар қаторига киритилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо) бундай деган: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакларни, ўзини эркакка ўхшатувчи аёлларни лаънатлаганлар[3].

Иккинчи шарт. Мусулмон одам кофир, мунофиқ ва фосиқ кимсаларга тақлид қилишдан қаттиқ қайтарилган, уларнинг одати ва юриш-туришига хилоф иш тутишга буюрилган. Зеро, бир тоифага тақлид қилиш қалбда уларга нисбатан муҳаббат ва хайрихоҳлик пайдо қилади ва оқибатда улар сафига қўшилиб қолишга сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, дарҳақиқат, у ўшалардандир[4].

Учинчи шарт. Шариатимиз аёл кишини эрининг олдида унга манзур бўладиган кўринишда юришга, кўнглини олишга, рози қилишга тарғиб қилган. Шубҳасиз, соч турмаги, сочнинг узун ё қисқалиги эрни хурсанд ва рози қилиш йўлларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, бу борада эридан рухсат сўраши, унга маъқул келадиган кўринишда қисқартириши, у нима деса, шунга итоат қилиши керак.

Дарҳақиқат, шариатимиз аёлни эрига итоат қилишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар” (Нисо сураси, 34-оят). Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) мазкур оят тафсирида Ибн Аббоснинг қуйидаги тафсирини нақл қилиб бундай дейди: “Эрлар хотинларининг бошлиқларидир. Яъни, хотин Аллоҳ таоло буюрган ўринларда эрига итоат қилиши лозим[5].

Шунингдек, шариат эрга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилишдан кейинги даражага қўйган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бирон одамни Аллоҳдан бошқага сажда қилишга буюрганимда, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, аёл то эрининг ҳаққини тўлиқ адо қилмагунча, Раббиси ҳаққини адо қилолмайди. Ҳатто эр аёлини (тўшакка) чақирган пайтда (аёл) эгар устида бўлса ҳам, бош тортмасин[6].

 Валлоҳу аълам.

[1] Муслим, 320.
[2] Нававий. «Шарҳи Муслим», 4\5.
[3] Бухорий, 5885.
[4] Абу Довуд, 4031. Аҳмад, 5114. Ироқий (раҳимаҳуллоҳ) “Тахрижул-иҳё” (1\359) китобида ҳадис санадини саҳиҳ деган. Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) эса “Фатҳул-Борий” (10\282) китобида ҳадис санадини ҳасан деган.
[5] “Тафсиру Ибн Касир”, 2\293.
[6] Аҳмад (4\381), Ибн Можа (1853) ва бошқалар ривоят қилишган. Шайх Албоний ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг