Ҳаж ва умра: Жамаротга тош отиш

0

(27) Ҳар куни учала жамаротга тош отади

Бу жамаротлар тартиб бўйича қуйидагилардир: «жамрати суғро», «жамрати вусто» ва «жамрати кубро» (жамрати ақаба).

Тош отишга оид ҳукмлар баёни қуйидагича:

а) тош отиш вақти.

Тош отиш вақти, Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисида ўтганидек, ташриқ кунлари қуёш заволга оққандан (яъни пешин вақти кириши билан) бошланади.

Тош отиш вақти қачон тугайди?

Кўпчилик уламоларнинг фикрича, тош отиш вақти уч кунлик ташриқ кунлари ҳар куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади. Чунки тош отиш кундузги ибодат бўлгани учун кун ботиши билан унинг вақти ҳам тугайди.

Рожиҳ-устун фикрга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тош отишни бу вақтга чекламаганлар. «Саҳиҳи Бухорий»да келишича, бир киши: «Кеч киргач тош отдим», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зиёни йўқ»[1], деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кечқуруннинг қайси вақтида тош отгани ҳақида суриштирмаганлар. Бинобарин, бу ҳадис кечқурун бўлса-да, тош отиш жоизлигига далолат қилади. Шунга кўра, кундузи тош отган афзал, имкон топмаган киши кечқурун (қуёш ботгандан кейин) бўлса ҳам, тош отишининг зиёни йўқ, валлоҳу аълам;

б) тош отишда тартибга риоя қилиш.

Тош отиш жамратул увлодан (яъни жамрати суғродан) бошланади. Жамрати суғро жамаротлар ичида Хайф масжидига энг яқинидир. Жамрати суғрога еттита тош отилади ва ҳар бир тошни отганда такбир (Аллоҳу акбар деб) айтилади. Сўнг қиблага юзланиб, қўлларни кўтариб узоқ дуо қилинади.

Сўнг жамрати вустога борилади. У ерга ҳам еттита тош отилади ва дуо қилган ҳолда турилади. Сўнг жамрати ақабага (жамрати кубро) борилади. У ерга ҳам еттита тош отилади. Тош отиш асносида имкони бўлса, чап томонни Каъбага, ўнг томонни эса Минога қаратиб турилади. Жамрати ақабада дуо учун тўхтамасдан ортга қайтилади.

Ташриқ кунларининг иккинчи ва учинчи кунлари ҳам айни тарзда тош отилади.

Тош отолмаган кишининг ҳукми:

Жумҳур уламоларнинг фикрича, тош отиш вожибдир. Жамаротга тош отмаган киши қон чиқариши вожиб бўлади.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Тош отиш тартиби ва отиладиган тошларнинг қандайлиги жамрати ақабага тош отиш мавзусида баён қилинган эди[2].

  2. Заволдан (яъни пешин намози вақти киришидан) олдин тош отиш жоиз эмас. Кимда ким заволдан олдин тош отса, рожиҳ фикрга кўра, ҳисобга ўтмайди.

  3. Тош отишда тартибга риоя қилиш, яъни аввал жамрати суғрога, сўнг вустога, сўнг куброга тош отиш вожибдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар ва: «Мендан ҳаж амалларини олинглар», деганлар.

  4. Ҳожиларга хизмат кўрсатишга мутасадди бўлган узрли кишилар икки кунлик тош отишни бир кунда отишлари жоиздир. Осим ибн Адий розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туя боқувчи чўпонларга Минода тунамасликка, наҳр (қурбонлик) куни тош отишга, сўнг наҳр кунидан кейинги икки кунни жамлаб, улардан бирида тош отишга рухсат бердилар»[3].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожиларни суғорувчиларга ва чўпонларга Минода тунамасликка рухсат берган эканлар, демак, мазкур ҳадис ишорасига кўра, мол-мулкини йўқотиб қўйишдан қўрққан кишидан, шунингдек, касаллиги сабабли ҳаж ибодатларини бажара олмай қолишдан хавфсираган ёки Минода тунаши имконсиз бўлган касал кишилардан ҳам Минода тунаш соқит бўлади, валлоҳу аълам»[4].

Эслатиб ўтиш лозимки, икки кунлик тошни бир кунда отган кишилар тош отишдаги тартибга риоя қилишлари шарт. Шунга кўра, аввало биринчи кун учун жамрати суғрога еттита тош, сўнг вустога еттита тош, сўнг куброга еттита тош отишади.  Сўнгра яна қайтадан мазкур тартиб асосида иккинчи кун учун тош отадилар. Икки кун учун бир вақтнинг ўзида ҳар бир жамрага ўн тўрттадан тош отиш ҳисобга ўтмайди.

[1] Бухорий, 1735.
[2] «Минога бориб, жамрати куброда тош отиш» мавзусига қаранг.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (1975), Термизий (955), Насоий (5/273), Ибн Можа (3037), Аҳмад (5/450) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (1080) саҳиҳ деган.
[4] «Зодул маъод», 2/290.

Изоҳ қолдиринг