Бақара: 1-3 оятлар

0

Бақара сураси

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

الم (1) ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ (2) الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ (3) وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنْزِلَ مِنْ قَبْلِكَ وَبِالْآَخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ (4) أُولَئِكَ عَلَى هُدًى مِنْ رَبِّهِمْ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ (5)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. 1. “Алиф, лом, мим. 2,3,4,5. Бу китоб (яъни Қуръон)да шак-шубҳа йўқ. (У) ғайбга иймон келтирган, намозни (тўла-тўкис) ўқиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган, шунингдек, сизга нозил қилинган нарса (яъни Қуръон ва суннат)га ва сиздан илгари нозил қилинган нарсалар (яъни самовий китоблар)га иймон келтирган ҳамда охират кунига тўлиқ ишонадиган тақводорлар учун ҳидоятдир”.

Қуръоннинг айрим суралари бошида келган “ҳуруфи муқаттаот” (якка ҳарф)лар хусусидаги энг тўғри ва соғлом фикр, бирор шаръий далилсиз уларнинг маъносини билишга уринмасликдир. Бироқ шуни қатъий эътиқод қиламизки, Аллоҳ таоло бу ҳарфларни беҳуда нозил қилмаган, балки уларни нозил қилишда биз билмаган талай ҳикматлар борлиги муқаррар.

Олдинги ва кейингиларнинг китобларида мавжуд бўлмаган бениҳоят катта илм ва очиқдан-очиқ ҳақни ўз ичига олган бу чинакам ва улуғ Китоб – Қуръони Каримда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Ушбу Китобда шак-шубҳа йўқ бўлибгина қолмай, балки унда шак-шубҳаларни кеткизувчи, шакнинг зидди бўлмиш аниқ ва ишончли илм мавжуд. Шу ўринда фойдали бир қоида бор: оятдаги “шак-шубҳа йўқдир” каби мақташ мақсадида бирон нарсанинг йўқлигини айтиш, зимдан унинг зиддини ифода этиши ва бу зид сифат мукаммал сифат ҳисобланиши зарур. Негаки, шунчаки бирон сифатнинг йўқлиги мақтовни ифода этмайди. Қуръони карим аниқ ва ишончли илмни ўз ичига олгани ва ҳидоят фақат у орқали ҳосил бўлгани боис тақводорлар учун ҳидоят саналди. Зеро, ҳидоят дегани залолат ва шак-шубҳалардан халос бўлиб, фойдали йўллардан юришга эришиш демакдир. Аллоҳ таоло Қуръонни ҳидоят – етакловчи, йўл кўрсатувчи дея таъриф этди. Уни фалон нарсага ёки фалон манфаатларга етакловчи дея чекламасдан, балки умумийликни ифода этиш ва унинг икки дунё манфаатлари сари етакловчи эканини билдириш учун мутлақ ҳидоят дея сифатлади.  Дарҳақиқат, Қуръон бандалар учун усулий – бирламчи ва иккинчи даражали масалаларда йўл кўрсатувчи, ҳақни ботилдан, саҳиҳни заифдан ажратувчидир. Шунингдек, у бандаларга қандай қилиб дунё ва охиратларида фойдали бўлган йўллардан юришларини баён қилиб беради. Аллоҳ таоло Қуръоннинг бошқа бир жойида “Қуръон барча инсонлар учун ҳидоятдир” дея умумий тарзда гапирган бўлса, бу ва шунга ўхшаш ўринларда уни “тақводорлар учун ҳидоятдир”, деди. Чунки, Қуръон аслида бутун башарият учун ҳидоят бўлса-да, бахтиқаро инсонлар унга бош кўтариб қарамайдилар ва Аллоҳнинг ҳидоятини қабул ҳам қилмайдилар. Бу билан уларнинг зиддига ҳужжат қойим бўлади ва бахтиқаролиги сабаб Қуръондан фойдаланмай қоладилар.

Тақводорлар эса Қуръон сабаб ҳидоят топадилар ва ундан чинакам фойда оладилар. Негаки, улар ҳидоятга эришиш учун зарур бўлган энг асосий сабаб  тақвони ҳосил қилганлар. Тақвонинг асл моҳияти Аллоҳ буюрган ишларни бажариб, қайтарган ишлардан четланиб, Унинг ғазаби ва азобидан тўсадиган ишларни қилишдан иборатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳдан тақво қилсангиз, У сизларга (ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи ечим ва) нажот беради”. Демак, тақводорларгина Қуръон оятлари ва борлиқдаги Аллоҳни танитувчи оят-аломатлардан манфаат оладилар.

Зеро, ҳидоят икки тур: баён, яъни ҳақни баён қилиш ҳидояти ва тавфиқ, яъни ҳақ йўлга солиб қўйиш ҳидоятидан иборатдир. Тақводорларда ҳар икки ҳидоят ҳам ҳосил бўлган. Улардан бошқаларга эса, баён ҳидояти ҳосил бўлсада, тавфиқ ҳидояти насиб қилмаган. Ҳидоятга амал қилиш учун тавфиқ  берилмас экан, фақат баён ҳидоятининг ўзи чинакам, тўлиқ ҳидоят ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло кейинги оятларда тақводорларни ботиний эътиқод ҳамда ботиний ва зоҳирий амаллар билан сифатлаб, “ғайбга иймон келтирган”, деди. Негаки, тақво сифати мазкур амалларнинг барчасини ўз ичига олади. Зеро, иймоннинг ҳақиқати пайғамбарлар айтган нарсаларни батамом тасдиқлашдир. Айни пайтда, қалб амали бўлмиш тасдиқлаш, аъзоларнинг ҳам бўйсунишини ўз ичига олади. Бу ўриндаги энг асосий нарса ҳис органлари билан идрок қилинадиган нарсаларга иймон келтириш эмас.  Чунки  мусулмон кофирдан бу билан ажралмайди. Балки, иймондаги таянч нуқта банда Аллоҳ ва Расулининг хабарига таяниб, кўрмаган ва эшитмаган ғайбга иймон келтиришидадир. Мана шу иймон билан мусулмон кофирдан фарқ қилади. Мусулмон Аллоҳ ва Расулини тасдиқлагани учунгина ғайбга иймон келтиради. У ўзи кўрган ёки кўрмаганлиги, тушунган ёхуд тушунмаганлиги, ақли етган ёхуд ақли етмаганлигидан қатъий назар, Аллоҳ ва Расули айтган барча хабарларга иймон келтиради. Мусулмоннинг акси ўлароқ, мунофиқ, худосизлар ғайб ишларига ишонмайдилар. Чунки уларнинг қосир ва ноқис ақллари ғайбнинг ҳақ эканига йўл тополмайди. Оқибатда, улар ақллари етмаган нарсаларни ёлғонга чиқарадилар. Аллоҳ ва Расулининг хабарини тасдиқлаган, Аллоҳнинг ҳидояти билан ҳидоят топган мўминларнинг ақли эса соғлом ва ўткирдир.

Ғайбга иймон келтириш деганда, Аллоҳ хабар берган нарсалар: ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган барча ғайб ишлари, охиратдаги ҳолатлар, Аллоҳнинг сифатларининг ҳақиқати, уларнинг қандай экани, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур нарсалар ҳақида берган барча хабарларига иймон келтириш тушунилади. Мўминлар Аллоҳнинг сифатлари борлигига иймон келтирадилар ва бу сифатларнинг қандай эканини англай олмасаларда, уларнинг борлигига аниқ ишонадилар.

Тақводорларнинг навбатдаги сифати намозни тўла-тўкис адо этишдир. Албатта намозни фақат ташқи кўринишда жой-жойига қўйиб адо этиш кифоя қилмайди. Намозни адо этиш уни ҳам зоҳирда, ҳам ботинда тўла-тўкис бажариш билангина амалга ошади. Намозни зоҳирда адо этиш унинг рукнлари, вожиблари ва шартларини тўла-тўкис бажариш билан амалга ошса, ботиний адо этиш эса, унинг руҳини вужудга келтириш, намозда қалбнинг сергак туриши, ундаги ҳар бир сўз ва хатти-ҳаракатлар хусусида фикр ва мушоҳада юритиш воситасида амалга ошади. Мазкур сифатларга эга бўлган намоз тўғрисида Аллоҳ таоло “Албатта намоз фаҳш ва мункар – ножўя ишлардан қайтаради”,  дейди. Қолаверса, шундай ўқилган намозгагина савоб берилади ва у Аллоҳнинг ҳузурида мақбул намоз деб ҳисобланади. Эслатиб ўтиш лозимки, оятдаги намоз сўзи нафақат фарз намозларни, балки нафл намозларни ҳам ўз ичига олади.

Аллоҳ таоло оят сўнггида “ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган”, дея тақводорларнинг навбатдаги васфини зикр қилди. Оятда зикр қилинган эҳсонлар сирасига закот бериш, бола-чақа, қариндошлар ва қўл остидаги қулларига бериладиган нафақалар каби вожиб эҳсонлар, шунингдек, барча яхши ишлардаги чиқимлар ва садақа сингари мустаҳаб эҳсонлар ҳам киради. Оятда бу эҳсонларнинг кимларга сарф қилиниши зикр қилинмаган. Чунки эҳсонларнинг сабаблари кўп ва унга ҳақдорлар ҳам хилма-хилдир. Қолаверса, ҳар қандай эҳсон ҳам ибодатдир. Аллоҳ таоло бандаларга оғир келмайдиган ва зарар бўлмайдиган даражада ўз мол-мулкларидан бир қисминигина эҳсон қилишга буюрди. Улардан бор-бутларини эҳсон қилишни талаб қилмади, токи қилган эҳсонларидан ўзлари ҳам, биродарлари ҳам манфаат олсинлар. Оятдаги “Биз ризқ қилиб берган” деган сўздан шу нарса тушуниладики,  инсонларнинг қўлларидаги мол-мулклар уларнинг мустақил саъй-ҳаракати ва уддабуронлиги туфайли қўлга киритилмаган, балки бу мол-мулк Аллоҳ томонидан уларга берилган ва инъом этилган ризқдир. Аллоҳ таоло айрим инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиб, уларни бошқалардан афзал қилгани эвазига улар ҳам бу неъматлардан бир қисмини эҳсон қилиш билан Унга шукр қилишлари ва фақир-бечора биродарларининг дардига малҳам бўлишлари лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръонда кўпинча намоз билан закотни кетма-кет, бир ўринда зикр қилади. Сабаби, намоз Аллоҳга ихлос қилишни ўз ичига олган бўлса, закот ва эҳсон эса, бандаларга яхшилик қилишни ўз ичига олади. Зеро, банда саодатининг гарови Аллоҳга ихлос қилиш ва халққа манфаат келтириш йўлида саъй-ҳаракат қилишидир. Шунингдек, инсонда бу икки хислат: на ихлос ва на эҳсоннинг йўқлиги унинг бахтиқаролигидан нишонадир.

Изоҳ қолдиринг