Баданга наколка (татуировка) чиздириш жоизми?

0

Савол:
Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида баданга наколка (татуировка) чиздириш оммалашиб кетган. Шариатимизда шунга қандай қаралади?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;
Баданга куйдириш орқали кетмайдиган услубда чизиш шариатимизда “вашм” деб аталади. Одатда аёллар безаниш мақсадида шундай услублардан фойдаланишган. Шариатимизда бу шаклда баданга чизиш ҳам, чиздириш ҳам лаънатланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло вашм қилган аёлларни ҳам, қилдирганларни ҳам лаънатлади” – деганлар (Муслим (2125) ривояти). Шунга биноан, куйдириш орқали кетмайдиган қилиб баданга чиздириш Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш саналади. Бироқ бугунги кунимизда янги пайдо бўлган вақтинчалик чизилган нақшлар (вақтинчалик баданда турадиган татуировкалар) мазкур қайтариқ остига кирмайди. Бинобарин, аёллар бу татуировкалардан фойдаланган ҳолда безанишлари жоиз. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бу татуировкалар жонли ҳайвоннинг сурати ёки бирон бир куфр белгилари бўлмаслиги, шунингдек, бу татуировкалар билан безатилган жойларни бегона эркаклар кўрмаслиги керак.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, татуировка воситасида безаниш аёллар учун махсус ишлардан бўлгани сабабли эркаклар бу каби безак турларини ишлатишлари дуруст эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг