Барча қазо намозларга каффорат бўладиган намоз ҳақида

0

Савол:

Қазо намозларнинг каффорати ҳақида келган қуйидаги ҳадис саҳиҳми? Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматим орасида бирон кимсанинг қазо намозлари бўлса, рамазоннинг охирги жума куни жума намози билан аср намози орасида тўрт ракаат намоз ўқисин. Шунда у тўрт юз йиллик қазо намозини ўқиган бўлади. Инсон тўрт юз йил қазо намоз қила олмагани учун ортгани онаси, отаси, болалари ва қўшниларининг қазо намозлари ўрнига ўтади.
Бу намоз тўрт ракаат суннат намози каби ўқилади ва шундай ният қилинади: “Ният қилдим Аллоҳ ризоси учун аввалги устимда қолган қазо намозларнинг каффорати учун тўрт ракаат суннат намозини ўқишга”.
Ҳар ракаатда Фотиҳа сурасини ўқиб, ортидан ўн марта Оятал Курсийни, ўн беш марта Кавсар сурасини, уч марта Кофирун сурасини, уч марта Ихлос сураси ўқийди. Саломдан кейин етмиш марта истиғфор ва етмиш марта саловат айтади”.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, сиз зикр қилган ҳадис Пайғамбаримиз номидан тўқиб чиқарилган ёлғон ҳадис экани кўриниб турибди. Қолаверса, ҳадис мазмуни шариатимизда маълум бўлган умумий қоидаларга ва шариатимиз кўзда тутган мақсадларга буткул тескаридир.

Рамазон ойининг охирги жума куни беш маҳал фарз намозларини ўқиса ёки фалон ракаат нафл намозни муайян бир кўринишда ўқиса, фалон-фалон йиллик қазо намозлари ўринига ўтади, деган мазмунда бир қанча тўқима ҳадислар одамлар орасида айланиб юради.

Аллома Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ дуо ва зикр китоблари орасида мазкур мазмунда нақл қилинадиган ривоятларнинг барчаси тўқима, ёлғон экани ҳақида алоҳида рисола ёзган.

Аллома Абдулҳай Лакнавий айтади: “Кимки фарз қазо намозларини рамазон ойининг охирги жума куни ўқиса, етмиш йиллик қазо намозларининг ўрнига ўтади, деган ҳадисга келсак, бу ҳақда Али Қори ўзининг “Мавзуоти суғро” ва “Мавзуоти кубро” китобларида шундай деган: “Шак-шубҳасиз, бу ботил ҳадисдир. Негаки, бу ҳадис биргина ибодат йиллар мобайнида адо қилинмай қазо бўлган ибодатлар ўрнини боса олмайди, деган уламолар ижмосига зиддир. Шунингдек, на “Ниҳоя” китобининг муаллифи ва на “Ҳидоя” китобининг бошқа шарҳловчилари ушбу ҳадисни нақл қилишлари инобатга олинмайди. Негаки, улар муҳаддис олимлар ҳам эмас, ҳадисни ким ривоят қилганини ҳам айтишмаган.
Аллома Деҳлавий ўзининг “Ал-ужолатун нофеа” китобида бирон бир ҳадиснинг тўқима эканига далолат қиладиган омиллар ҳақида сўз юритар экан, бешинчи омил ҳақида: “Ҳадиснинг ақлга ва шариат қонун-қоидаларига зид келиши”, дея бунга бир умрлик қазо намозининг каффорати ҳақида келган ҳадисни мисол қилиб келтирган” [“Осори марфуа фил ахборил мавзуа”, 85 бет].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисга ўхшаш бошқа бир ҳадис ҳақида шундай деган: “Ким рамазон ойининг охирги жума куни беш маҳал фарз намозларни ўқиса, ўтган бир йил орасида ўқимаган намозларининг қазоси ўрнига ўтади, деган ҳадис шубҳасиз тўқима ҳадисдир. Мен тўқима ҳадислар жамланган китоблар орасида ҳам бу ҳадисни учратмадим. Лекин бу ҳадис ҳозирги асримизда Санъо шаҳридаги қўштирноқ ичидаги фақиҳлар орасида кенг тарқалди. Кўпчилик бунга амал қила бошлади. Уларга бу ҳадисни ким тўқиб берганини билмайман. Аллоҳ ёлғончиларнинг юзини қаро қилсин” [“Фавоидул мажмуа”, 54 бет].

Хулоса қилиб айтсак, сиз зикр қилган ҳадис ёлғон ҳадис бўлиб, унга амал қилиш, одамлар орасида тарқатиш ва одамларни бу ишга тарғиб қилиш жоиз эмас, валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг