Бешинчи қоида: Аниқликка асосланган тарбия (1)

0

Бешинчи қоида

Аниқликка асосланган тарбия

Дарҳақиқат, аниқлик ҳаётдаги энг катта фазилатлардан биридир. Негаки, аниқлик кўз ва қалб, илм ва нур, онг ва тушунчага боғлиқ ёхуд у мазкур нарсаларнинг асосини ташкил этувчи омилдир.

Шу боис, муваффақиятли оила ўз шарт-шароити, мақсад ва ғоялари ҳамда фарзандларининг келгусида ким бўлиб етишиши  хусусидаги режаларини аниқ ва пухта билиши зарур. Аниқлик – тарбия соҳасида мутолаа қилиш, замон талабларини, ислом ва ундаги одоб-ахлоқ нормаларининг моҳиятини яхши англаб етиш, шунингдек, оила муҳитидан ташқаридаги тарбиявий фаолиятлардан хабардор бўлишнинг юксак самарасидир.

Биз шуни яхши биламизки, барча нарсаларни тўла-тўкис идрок қилиш имконсиздир. Сабаби, инсонмиз, нигоҳимиз қосир, онг-идрокимиз чекланган ва кўз олдимиздаги барча нарсалар ҳар доим ҳам аниқ ва тиниқ бўлавермайди. Шунга қарамай, имкон қадар энг яхши онг-идрок ва аниқлик сари интилаверишимиз лозим.

Мен қуйидаги уч нарсадаги аниқлик хусусида сўз юритмоқчиман:

  1. Оиланинг тарбиявий ва умумий воқелиги.

  2. Ота-онанинг фарзандлари билан муомаласидаги энг намунали услуб.

  3. Она-она фарзандларига сингдириши зарур бўлган одоб-ахлоқ ва қадриятлар.

    1. Оиланинг тарбиявий ва умумий воқелигидаги аниқлик:

Шубҳасиз, ҳар бир оила ўзининг умумий вазияти: қай даражада маънавий соғлом экани, қай даражада ҳамфикрлиги ва қай даражада муваффақиятли экани хусусида баъзи фикр-мулоҳазаларга эга. Бироқ бу борада биздан талаб қилинган иш – мавжуд имкониятларни янада яхшилаш. Менимча, кўпроқ аниқликка муҳтож бўлган энг муҳим ишлар қуйидагилардир:

  1. Фарзандларни тарбия қилиш соҳасида қўллаш лозим бўлган тарбиявий услублар хусусидаги эр-хотин ўртасидаги ҳамфикрлик.

Аслида бу соҳада эр-хотин ўртасида юз фоиз ҳамфикрлик бўлиши имконсиз ва бундай бўлиши шарт ҳам эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам фарзандлар ота-она ўртасига раҳна солиши ва кўпинча юз берганидек, улар иккисини жанжалкаш ва тарқоқ икки тарафга айлантириб қўйишлари асло дуруст эмас.

Оилада сукунат ҳукм сурган хотиржам лаҳзаларда фарзандларнинг юриш-туришида учрайдиган айрим ножўя хатти-ҳаракатларни олдини олиш мақсадида баъзи ишларни аниқлаш ва муайян чора-тадбирларга келишиб олиш мумкин. Шунингдек, “мен гап бошлайман, сен давом эттирасан”, “сен боладан кеча қаерда эканини сўрайсан ва қолганини менга қўйиб берасан” ва ҳоказо тарзда эр-хотин бу борадаги рол ва вазифаларни бўлишиб олишлари ҳам мумкин.

  1. Ота-она ва катта фарзандлар ўз оилаларини диндор ва салоҳиятли оила деб биладиларми? Хўш, агар шундай бўлса, диндорлик даражаси қай аҳволда?

Албатта, энг кам диндорлик даражаси фарз амалларни бажариш ва ҳаром амалларни тарк қилишда кўринади. Ота-она энг кам миқдордаги диндорлик ва салоҳиятни рўёбга чиқаряпмиз, деб айта оладиларми? Улар чиндан ҳам фарзандларининг солиҳ инсонлар бўлиб вояга етишига интиляптиларми?

Агар интилаётган бўлсалар, бу уларнинг фарзандларига қилган панд-насиҳатларида кўзга ташланяптими? Борди-ю, саволга жавоб салбий бўлса, аҳволни ўнглаш ва хатоларни тузатиш учун нималар қилиш лозим?

Мазкур саволларга берилган жавоблар, токи умид қилинган самарасини бериши учун ҳам назарий ва амалий жавоблар бўлиши лозим.

  1. Бир муҳим нарсани аниқлаб олишимиз зарур: биздаги мавжуд оилавий муҳит соғлом, роҳатбахш ва ижобий муҳитми? Бу муҳитда фарзандларимиз тинчлик-осойишталик, хотиржамлик ва ўзига ишонч ҳиссини туядиларми, уларда оиланинг қадр-қиммати қай даражада? Оиладаги тарбия жараёни ўзаро муҳаббат ва мулоқотга асосланганми? Ота-ота фарзандларига ҳаётларидаги энг муҳим лойиҳа сифатида қарайдиларми? Қолаверса, улар бу муҳим лойиҳани бошқариш ва унда муваффақият қозонишлари учун зарур илм ва маҳоратга эгамилар? Ота-она оиладаги вазиятни муҳокама қилиш, унинг тарбиявий эҳтиёжларини кўздан кечириш мақсадида йиғиладиларми? Ёки барча ишлар шошилинч ўтиб бормоқда-ю, оила масалалари ичида муҳокама қилиш ва кўздан кечиришга лойиқ ҳеч нарса йўқ, деган шуур устиворми? Борди-ю, шундай бўлса, билингки, оилада катта муаммо бор!

  2. Келинг, оила ичкарисидаги урф-одатларни ўзгартирайлик. Келинг, оила аъзолари ўртасидаги алоқаларни янада шаффоф, янада аниқ ва очиқроқ бўлишига ҳаракат қилайлик. Келинг, буни бир гал фарзандлар ёрдамида амалга оширайлик.

Биз катталар кичикларимизга хизмат кўрсатамиз ва бунинг учун Аллоҳ таолодан савоб умид қиламиз. Маълумки, хизмат кўрсатилган кишилар уларга тақдим қилинган хизмат борасида фикр билдиришга ҳақлидирлар. Ўқимишли ва зиёли оилалардан бирида ота талай саволлар ёзилган анкета тузиб, фарзандларидан уни тўлдириб беришни талаб қилибди. Фарзандлар анкетани тўлдириб беришгач, унда ёзилган жавоблар – кичикларнинг фикр-мулоҳазаларига биноан оиласи учун янги ҳамкорлик йўли очиш мақсадида оила аъзолари билан турли учрашув ва йиғилишлар ўтказибди. Мазкур анкетада боладан саволга жавоб беришдан ташқари, жавобнинг аниқлик даражаси юқори бўлиши, шунингдек, ота фарзандининг саволни тўла тушунганини билиши ва унга жиддий жавоб ёзиши учун жавобнинг сабабини ҳам ёзишни талаб қилибди. Анкетада жумладан қуйидаги саволлар мавжуд эди:

  • Сенингча, намунали оила қандай бўлиши керак? Оиламизда намунали оилада бўлиши лозим бўлган қайси сифатлар етишмайди?

  • Сенингча, оиламиз қайси жиҳатлардан қариндошларимиз ва ўртоқларимизнинг оилаларидан устун?

  • Уйдан ташқарига чиққанингда уйни соғинасанми?

  • Уйда эканингда қайси ишлар сенга роҳат ва хотиржамлик бағишлайди?

  • Оила ишларида ҳисса қўшган қайси ишларинг билан фахрланасан?

  • Оиламизда сен уни бошқалар кўришини истамаган, борди-ю, эшитиб қолишса ноқулай ҳолатга тушадиган ишлар борми?

  • Ота-онангнинг хулқ-атворидаги қайси сифатлар сенга кўпроқ ёқади?

Мазкур оила бошлиғи шундай ҳикоя қилади: “Айтишим мумкинки, оиламиз ҳаёти икки бўлимга ёки икки босқичга бўлинади: анкетадан олдинги ҳаёт ва анкетадан кейинги ҳаёт. Анкетада ёзилган жавобларни таҳлил қилиб, унга биноан ички алоқаларимиз ва фаолиятларимизни ривожлантиргандан кейинги оиламизда юз берган ижобий ўзгаришларни тасвирлашлашга тил ожиз!” Келинг, биз ҳам синаб кўрайлик-чи.

Мавжуд ҳолат ва вазиятни тўла идрок қилиш ташламоқчи бўлган бўлажак одимларимиз учун бениҳоят муҳим шартдир. Биз ҳозир қаерда эканимизни билмас эканмиз, у ҳолда бундан буёғига қайси томонга қараб йўналишимизни белгилаш анча мушкул кечади.

Изоҳ қолдиринг