Бешинчи қоида: Нимани ва қай тарзда амалга ошириш кераклигидаги аниқлик (2)

0
  • Нимани ва қай тарзда амалга ошириш кераклигидаги аниқлик:

Дарҳақиқат, фарзандларимиз тарбиясига эътибор қаратар эканмиз, айни дамда уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва улар билан муомала қилишда бизга асқотадиган тарбия маданиятини яхшилашга ҳам ҳаракат қиламиз. Ушбу маданият нима қилиш лозимлиги борасида бизга йўлбошчи, шунингдек, қўлланиб келинаётган тарбиявий услубларни баҳолаш мезонидир. Менимча, кўпгина она-оналарнинг фарзандларини тарбиялаш соҳасидаги муваффақияти – фарзандларидан нима исташларини ва хатога йўл қўйган чоғларида уларни қандай жазолар кутаётгани ҳақида аниқ ва равшан тушунча бера олганларидадир. Қуйида бу тушунчаларнинг аниқлиги хусусида сўз юритамиз:

  1. Ота-она фарзандларидан бири билан бирон мавзу тўғрисида сўзлашмоқчи бўлса, албатта бунинг учун тайёргарлик кўриши: гапни нимадан бошлаб, қандай давом эттириш ҳақида режа тузиши, фарзанди уни қандай қабул қилиши, нима дейиши мумкинлиги ва шунга кўра унга қандай жавоб бериши ҳамда муҳокама қилиши хусусида тасаввур ҳосил қилиши лозим. Шунингдек, ота-она бу ҳақда сўз очиш учун муносиб вақт танлаши ҳам талаб қилинади. Фарзандларингизга айтмоқчи бўлган сўзингиз кутилган самарани бериши учун худди ўта муҳим телефон сўзлашувига тайёргарлик кўрганингиздек ҳозирликни талаб қилади. Мақсад – айтмоқчи бўлганимизни аниқ ва тушунарли тарзда айтайлик ва у фарзандимизга биз хоҳлагандек таъсир қилсин.

  2. Фарзандлармиздан бири қўшни бола билан жанжаллашиш, бирон фанни яхши ўзлаштира олмаслиги ёки бирон қимматбаҳо нарсани йўқотиб қўйиши каби муаммога қўл урса, бу ҳолатда ҳам уни бартараф этиш учун аниқлик зарурдир. Дастлаб бундай фарзанд билан воқеа тафсилоти хусусида бениҳоят босиқлиқ ва очиқкўнгиллик билан суҳбат ўтказмоқ лозим. Кўзланган мақсад фарзандимизнинг айтган ҳар бир сўзига ишончи комилми-йўқми экани, гапирган гапини ўйлаб гапиряпдими-йўқми таъкидлаш, ишонч ҳосил қилиш. Шунингдек, “Сен шундоқ-шундоқ дединг, шунга ишончинг комилми, биз нима хоҳлаётганимизни тўлиқ тушундингми?”, дея унинг сўзларини ўзига такрорлаш ҳам фойдалидир. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, суҳбат ўта босиқлик ва самимийлик руҳида ўтиши керак. Шундан сўнг ота-она ва фарзанд ҳамда муҳокамада иштирок этган барча оила аъзолари муаммо ечимига оид таклифларини ўртага ташлаб, таклифлар руйхатини тузишлари ва улар ичидан энг эфзал ва муносибини танлаш учун муҳокама ўтказишлари мақсадга мувофиқдир.

  3. Узундан-узун ва тушунарсиз насиҳатлардан четланиш. Айтайлик отанинг тўққиз ёшли ўғлига қарата айтган: “Ўғлим, мен сенинг укаларингга меҳрибон, онангга нисбатан муомалангда мўмин-қобил бўлишингни, шунингдек, ўқишларингда тиришқоқ бўлишингни, борди-ю, вақт топсанг дала ишларида менга ёрдам беришингни умид қиламан”, деган сўзлари керагидан ортиқ ва тушунарсиз насиҳатдир. Негаки, тўққиз ёшли бола “меҳрибон”, “мўмин-қобил” деган сўзлар мазмун-моҳиятини англаб етмаслиги мумкин. Боладан бирданига бир қанча ишларни талаб қилмасдан, балки аввало биргина ишни талаб қилиш ва уни болага атрофлича тушунтириш фойдалироқдир.

  4. Фарзандлар ўспиринлик босқичига қадам босар эканлар, энди уларга қарата айтилган сўзларда янада эҳтиёт бўлиш зарур. Бу босқичда аниқлик ва очиқлик катта аҳамият касб этади. Чунки ўспирин болалар улардан талаб қилган ишларимизга бўйсунмаслик учун гапимиздан қай тарзда камчилик топишни яхши биладилар. Мисол учун ўн беш ёшли ўспирин йигит отасига қарата: “Бугун ўртоқларим билан айланишга чиқаман”, дейди. Отасига унга: “Бўпти, борақол, фақат кеч қолма”, дейди. Фарзанди “Хўп бўлади, иншааллоҳ”, дейди-да, кечаси соат бирда уйга қайтади. Бу орада ота-она ундан хавотир олишади. Фарзандларидан кечикиш сабабини сўрасалар: “Мен кечикканим йўқ, устига-устак ҳозир ёзги каникул бўлса, баъзи ўртоқларим уйига бомдоддан кейин қайтишади” – деб жавоб беради. Ота бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш учун бошқачароқ йўл тутиши, фарзандига рухсат берар экан: “Майли, боришингга рухсат бераман, бироқ соат саккиздан кеч қолма. Борди-ю, бу вақтдан кеч қолсанг, бир ой давомида ўртоқларинг билан сайрга чиқишингга рухсат бермайман, гапим тушунарлими?” – дейиши лозим эди.

  5. Оиладаги тўғри ва соғлом тарбия уйда барча оила аъзолари риоя қиладиган, уйқу, уй тозалиги, осойишталик, овқатланиш, кўчага чиқиш ва уйга қайтиш соатлари, телефон ишлатиш ва ҳоказо ишларга доир айрим қонун-қоидалар бўлишини тақозо қилади. Мазкур қонун-қоидаларда иккита нарсага риоя қилиш талаб қилинади:

  • Болалар эслаб қолиши учун имкон қадар қисқа бўлиши.

  • Болалар англаб етиши учун жуда тушунарли бўлиши. Айрим оилалар мазкур қонун-қоидаларни жозибадор қилиб ёзиб, рамкаларга солиб, уй деворларига осиб қўядилар. Албатта, бу яхши иш.

  1. Шунингдек, ўғил ва қизлар билан уларнинг йўриш-туриши, ўқишдаги тиришқоқлиги, фарзандларнинг ўзаро ҳамда ён-атрофдаги одамлар билан алоқалари хусусида айрим шартномалар ёзиш ҳам фойдалидир. Шартнома бандлари ғоятда аниқ ва равшан бўлиши, ҳар икки томоннинг тўлиқ розилиги билан ёзилиши мақсадга мувофиқдир. Борди-ю, фарзандимиз келишувни бузса, унга: “Ўртамиздаги шартномада мана бундай ёзилган. Модомики, келишувга риоя қилмаган экансан, унда белгиланган жазони қабул қилишинг шарт”, деймиз. Масалан, она қизи билан унинг ҳар куни кечқурун икки соат дарс қилиши, соат ўнда уйқуга кетиши, мактабга кетиш олдидан хонасини тартибга солиши ва ҳоказо ишларга келишиб олиши, келишувни икки нусхада қоғозга тушириб, бир нусхани ўзи ва иккинчисини қизига бериши мумкин. Қизи томонидан келишув бандларига хилоф иш қилинган тақдирда унга келишилган шартномани кўрсатиб, хатолари учун танбеҳ бериши ва шартномага риоя қилмагани сабаб йўлиқиши муқаррар бўлган жазолардан огоҳлантириши мумкин.

  2. Яна муҳим бир нарса борки, унда ҳам аниқлик ва очиқликка муҳтож бўламиз: тарбия дегани болаларни муттасил назоратга олиш, уларни тор доирада сақлаб туриш ва тўхтовсиз панд-насиҳат улашиш дегани эмас. Тарбияда бундан бошқа нарсалар ҳам бор. Зеро, болалардаги тарбиявий босимларга бардош бериш тоқати чекланган. Шу боис, уларга мустақил иш юритиш, гоҳида қоқилиш учун ҳам имконият бериш муҳимдир. Биз фарзандларимиз фақат бизнинг панд-насиҳатларимиз орқали таълим оладилар, ҳаётни ўрганадилар деб ўйлашимиз хатодир. Бола ўз бошидан ўтказган тажрибаларидан кўпрроқ ўрганади. Донолардан бири шундай деган экан: “Мен фарзандимни баъзи хатарли ва саргузаштли спорт турларини бажаришга ундайман, руҳлантираман. Бироқ унга нисбатан доим ҳушёр тураман, унга яқин жойда, қўлимда бинт ва оғриқ қолдирувчи малҳам билан тураман. Олдимга йиғлаб келганида, унга тез ёрдам кўрсатаман, муваффақиятсизлик аламини енгиллатиш мақсадида ёноқларидан ўпаман”.

Сиз фарзандингизни сўроққа тутинг, кузатинг, назорат қилинг, бироқ шу билан бир қаторда ўзидаги қобилият ва имкониятларни синаши учун фурсат беринг. Ана ўшанда сиз чинакам ўғлонларни тарбиялаган бўласиз.

Изоҳ қолдиринг