Бидъат ва хурофотлар: Қабул қилинадиган амалнинг шарти: Ихлос (2)

0

Ихлосга далолат қилувчи ҳадислардан намуналар:

1. Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Албатта, амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилгани (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазоси) насиб қилур. Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам) Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур»[1].

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, шундай дейди: «Бу ҳадис ҳар қандай ишга тааллуқлидир. Чунки кишининг амалидан оладиган насибаси унинг ниятига боғлиқ бўлиб, амали ортидан фақат ният қилганига етишади. Агар яхшиликни ният қилса, яхшиликка, ёмонликни ният қилса, ёмонликка эришади… Бу иккиси кўп нарсаларни мужассам этган иккита жумла, иккита умумий қоидаки, бирон нарса ундан четда қолмайди…»[2]

Шавконий[3] раҳимаҳуллоҳ «Адабут талаб» китобининг муқаддимасида юқоридаги ҳадис ҳақида шундай дейди: «Амалларнинг юзага чиқиши ва қарор топиши ниятга боғлиқ. Холис ният билан содир бўлмаган ҳар қандай тоат-ибодат эътиборга олинмайди, унга қаралмайди. Бундай тоат-ибодатлар агар гуноҳ саналмаган тақдирда ҳам, энг камида беҳуда ва ўйнаб қилинган амаллар сирасига киради…»[4]

2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарса борки, мусулмон кишининг қалбида кек-адоват қолдирмайди: Аллоҳ учун холис амал қилиш, раҳбарларга насиҳат қилиш (яъни уларга яхшиликни раво кўриш) ва мусулмонлар жамоасидан ажралмаслик…»[5]

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ҳадис шарҳида шундай дейди: «Яъни қалбда кек-ҳасад қолмайди, ушбу уч хислат бор экан, қалбда ғиллу ғашлик бўлмайди. Балки улар қалбдаги кек-адоватни чиқаради, уни поклайди. Зеро, ширк, кўзбўямачилик, лаганбардорлик туфайли ҳамда бидъат ва залолат билан мусулмонлар жамоасини тарк этиш сабабли қалбда кек-адоват пайдо бўлади. Ушбу уч иллат қалбни адоватга, айб-нуқсонга тўлдиради. Ундаги адоватни кетказишнинг давоси ихлос, насиҳат ва суннатга эргашишдир»[6].

3. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Мен шерикчиликдан беҳожатман. Кимда ким бир амал қилиб, унда Менга бировни шерик қилса, уни ўша биров учун қилган бўлади, Мен бундай амалдан безорман»[7].

4. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб деди: «Айтинг-чи, бир киши (Аллоҳдан) ажр ва (одамлардан) мақтов умид қилиб жанг қилса, унга қандай савоб бўлади?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч нарса бўлмайди». Сўнг у зот айтдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло холис ҳамда Унинг розилиги исталган амалдан бошқасини қабул қилмайди»[8].

5. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жанг қилиш икки турдир. Ким Аллоҳнинг розилиги учун жанг қилса, имомга (ёки амирга) итоат этса, қимматбаҳо молини сарфласа, шеригига (ёхуд ҳамроҳига) хушмуомала бўлса, ер юзида фасод қилишдан четланса, у ҳолда унинг уйқуси ҳам, уйғоқлиги ҳам ажр-савобдан иборат бўлади. Аммо кимда ким мақтаниш учун, биров кўрсин ёки эшитсин, деб жанг қилса, имомга (ёхуд амирга) итоат қилмаса, ер юзида бузуқчилик қилса, бундай кимса на савоб ва на гуноҳ ҳам олмай қайтиши амри маҳол (аксинча, гуноҳга ботиб қайтади)»[9].

6. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимда ким жоҳиллар билан тортишиш, ўзини олимларга тенг қилиш ёки одамлар нигоҳини (эътиборини) ўзига қаратиш учун илм талаб қилса, Аллоҳ уни дўзахга киритади»[10].

7. Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганини эшитим: «Дарҳақиқат, (қуйидаги уч тоифа) қиёмат куни дастлаб ҳисоб-китоб қилинадиган одамлардандир. (Биринчиси Аллоҳ йўлида) шаҳид бўлган киши. Уни (ҳисоб-китоб учун) олиб келишади. Аллоҳ унга неъматларини танитади ва у ўша неъматларни танийди. Аллоҳ: «Бу неъматлар эвазига нима амал қилдинг?» деб сўрайди. У айтади: «Сенинг йўлингда жанг қилиб, шаҳид бўлдим». Аллоҳ айтади: «Ёлғон гапирдинг, балки сени «жасур» дейишлари учун жанг қилдинг. Ростдан ҳам шундай дейилди (Демак, мақсадингга етдинг)». Сўнг (жаҳаннам соқчиларига) буюрилади ва юзтубан судралиб, дўзахга улоқтирилади. (Иккинчиси) илм ўрганган, (ўрганганини бошқаларга) таълим берган ва Қуръон тиловат қилган киши. У ҳам (ҳисоб-китоб учун) олиб келинади. Аллоҳ унга неъматларини танитади ва у ўша неъматларни танийди. Аллоҳ: «Бу неъматлар эвазига нима амал қилдинг?» дейди. У айтади: «Илм ўргандим, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Сенинг йўлингда Қуръон ўқидим». Аллоҳ айтади: «Ёлғон гапирдинг, балки сени «олим» дейишлари учун илм ўргандинг, «қори» дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Ростдан ҳам шундай дейилди (Демак, мақсадингга етдинг)». Сўнг (жаҳаннам соқчиларига) буюрилади ва юзтубан судралиб, дўзахга улоқтирилади. (Учинчиси) Аллоҳ унга мўл-кўл ва турли-туман мол-давлат берган киши. У ҳам (ҳисоб-китоб учун) олиб келинади. Аллоҳ унга неъматларини танитади ва у ўша неъматларни танийди. Аллоҳ: «Бу неъматлар эвазига нима амал қилдинг?» дейди. У айтади: «Сен сарфланишини яхши кўрган бирон жойни қолдирмасдан ҳаммасига Сенинг розилигинг учун молимни сарфладим». Аллоҳ айтади: «Ёлғон гапирдинг, балки сени «сахий» дейишлари учун шундай қилдинг. Ростдан ҳам шундай дейилди (Демак, мақсадингга етдинг)». Сўнг (жаҳаннам соқчиларига) буюрилади ва юзтубан судралиб, дўзахга улоқтирилади»[11].

[1] Бухорий (1, 118), Муслим (1515, 1516), Абу Довуд (651) ривояти.
[2] «Жомеъул-улум вал-ҳикам», 7/11.
[3] Аллома мужтаҳид Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Шавконий Ямоний фақиҳ ва муфассир бўлган. Зайдий мазҳабини ташлаб, аҳли суннатни ҳимоя қилган. Санъода қозилик қилиб, шаҳар жомеъ масжидида дарс берган ва фатво чиқарган. Аллома ўзидан 114 та илмий асар қолдирган. Бу асарларни мутолаа қилган киши унинг илми ва заковатига тан беради. Аллома Шавконий тақлидни ҳаром деб билар эди. Ҳижрий 1250 санада вафот этган. «Ал-аълом», 6/298.
[4] «Адабут-талаб ва мунтаҳал-араб», 5-бет.
[5] Ибн Можа (84, 1015), Доримий (74), Аҳмад (3/225, 4/80-82, 5/183) ривояти.
[6] «Мадорижус-соликийн», 2/90.
[7] Муслим, 2289.
[8] Насоий, 6/25. Албоний «Саҳиҳул-жомеъ»да (2/138) келтирган.
[9] Насоий (6/48, 7/155), Доримий (1/604), Аҳмад (5/234) ривояти. Албоний «Саҳиҳул-жомеъ»да (4/74) зикр қилган.
[10] Термизий (5/32), Ибн Можа (1/93) ривояти. Албоний «Саҳиҳул-жомеъ»да (5/321) зикр қилган.
[11] Муслим (2/1513), Насоий (6/23) ривояти.

Изоҳ қолдиринг