Бидъат ва хурофотлар: Қабул қилинадиган амалнинг шарти: унинг шариатга мувофиқ бўлиши (1)

0

Иккинчи шарт: амалнинг шариатга мувофиқ бўлиши

Ушбу шарт амалга тегишлидир. Амал эса «эътиқод» деб номланмиш қалб ёки аъзолар амали бўлиши мумкин. Мазкур икки тур амалнинг ҳар бири шариатга мувофиқ бўлиши зарур.

Қалб ва аъзолар амали ибодатнинг мадори ва иймоннинг инъикосидир. Зеро, иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан айтиш ва ташқи аъзолар ила амал қилишдан иборатдир. Бинобарин, яхши кўриш ва нафратланиш каби қалб амалларининг ҳам, зоҳирий ибодатлар бажарадиган ташқи аъзоларнинг амали ҳам шариатга мувофиқ келиши, унга эргашиши шарт. Қуйида Қуръон, суннат ва салафи солиҳларнинг сўзларидан ушбу асосга далолат қиладиган айрим далилларни  келтирамиз. Ундан ташқари, келгусида «Суннатни маҳкам ушлаш» мавзусида мазкур асос ҳақида батафсил сўз юритилади, иншааллоҳ.

Амалнинг шариатга мувофиқ келиши шартлигига далолат қилувчи оятлар талайгина. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

  1. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар, (ундан бошқа турли ботил) йўлларга эргашмангки, сизни Унинг йўлидан буриб юбормасин. Буни тақво қилишингиз (Аллоҳнинг бўйруқларини бажариб, Унинг азобидан сақланишингиз) учун (Аллоҳ) сизларга тайинлади» (Анъом сураси, 153).

  2. «Бугун сизларга динимни комил қилдим, неъматимни бекаму кўст қилдим ва сизларга Исломни дин сифатида раво кўрдим» (Моида сураси, 3).

  3. «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинг, шунда Аллоҳ (ҳам) сизларни яхши кўради» (Оли Имрон сураси, 31).

  4. «Тўғри амал қилгани ҳолда юзини Раббига таслим этган ва ҳаниф (ботилдан юз ўгириб ҳаққа мойил) бўлган Иброҳим динига эргашган кишидан кўра дини чиройлироқ ким бор?!» (Нисо сураси, 125).

  5. «Сизларга Мендан ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, адашмайди, бахтсиз ҳам бўлмайди. Ким зикримдан (ҳидоятимдан) юз ўгирса, албатта, унга (дунёда) танг ҳаёт бор ва қиёмат куни уни (кўзи ва қалби) кўр ҳолида қайта тирилтирурмиз» (Тоҳа сураси, 123-124).

  6. «Айтинг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Мен фақат Раббимдан менга ваҳий қилинган динга эргашаман, холос» (Аъроф сураси, 230).

  7. «Раббингдан сенга ваҳий қилинган динга эргаш – Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ – ва мушриклар (нинг ботил сўз ва азиятлари)дан юз ўгир» (Анъом сураси, 106).

  8. «Алиф, Лом, Мим, Сод. (Бу Қуръон) у билан одамларни огоҳлантиришинг ва мўминларга эслатишинг учун сенга нозил қилинган китобдир. Бас, қалбингда у ҳақда бирон танглик (ва шак-шубҳа) бўлмасин. Раббингиздан сизга нозил қилинган динга эргашинг. Ундан ўзга (Аллоҳнинг динидан бурилган) бирон «дўстлар»га эргашманг. Камдан-кам ибрат ва эслатма олурсизлар» (Аъроф сураси, 1-3).

Ҳадислардан далиллар:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга иккита нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам ушлар экансиз, асло адашмайсиз: Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннати»[1].

  2. «Аммо баъд. Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китоби, ҳидоятнинг энг яхшиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳидояти, ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганлари ва ҳар бир бидъат залолатдир»[2].

Насоий ривоятида «Ҳар бир залолат дўзахдадир»[3], деган қўшимча бор.

  1. «Ким динимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, қабул қилинмас»[4].

  2. «Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас»[5].

  3. Ирбоз ибн Сория[6] розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Дарҳақиқат, сизларни кечаси кундузи каби бўлган кенг ва ёруғ йўл мисол дин устида қолдирдим. Мендан кейин фақат ҳалокатга лойиқларгина ундан тойиб кетадилар»[7].

[1] Молик «Ал-муватто»да (2/898, «балоған», яъни «фалончидан менга етишича» деган ибора билан), шунингдек, «Жомеъул усул» (1/277) китоби муҳаққиқи ва Албоний «Мишкотул масобиҳ»да (1/66) айтишича, Ҳоким «Ал-мустадрак»да (1/93) ҳасан санад билан ривоят қилишган.
[2] Муслим (1/592) ривояти. Шунингдек, Бухорий (8/139), Термизий (5/44), Абу Довуд (5/15), Ибн Можа (1/17), Доримий (1/45), Аҳмад (3/31, 319, 371, 4/126, 127) ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилишган.
[3] Насоий (3/188, 189) ҳадисни қўшимчаси билан тўлиғича келтирган. Албоний мазкур қўшимча тўғрисида «Мишкотул масобиҳ» тахрижида (1/51) «У саҳиҳ қўшимчадир», дейди.
[4] Бухорий (3/167), Муслим (2/1343, 1344), Абу Довуд (5/12), Аҳмад (6/146, 240, 256, 270) ривояти.
[5] Бухорий (6/116), Муслим (5/8018), Насоий (5/60), Доримий (1/529), Аҳмад (2/158, 3/341, 259, 285, 5/409) ривояти.
[6] Ирбоз ибн Сория Суламий «Суффа» аҳлидан бўлган. Ҳимсга бориб, Ибн Зубайр фитнаси замонида ўша ерда вафот этган. Баъзи манбаларда айтилишича, ҳижрий 75 йилда Шомда вафот этган. «Ал-исоба» (2/466), «Ҳилятул-авлиё», 2/13-4), «Сиярун-нубало» (3/419-422), «Таҳзибут-таҳзиб» (7/174).
[7] Ибн Можа (1/14), Ҳоким (1/96), Аҳмад (4/126) ривояти. Ҳоким ҳадис тўғрисида: “Бу бирон иллат-қусури бўлмаган саҳиҳ ҳадисдир”, деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.

Изоҳ қолдиринг