Бир қанча масалаларни ўз ичига олган боб: Таҳийятул масжид ҳақидаги боб

0

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу бобда намозга доир бир қанча масалаларни зикр қилган. Мен ҳар бир масаладан кўзланган мақсадга ишора қилиш учун уларнинг ҳар бирига алоҳида боб ажратиб чиқишни лозим деб топдим.

Шу сабабли иссиқда кийим устига сажда қилиш ҳақида келган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси Абу Ҳурайранинг “Агар кун иссиқ бўлса, намозни совутинглар” деган ҳадисига маънода муносиб бўлгани учун Анаснинг ҳадисини олдинроққа – Абу Ҳурайранинг ҳадиси ёнига ўтказдим. Ҳолбуки, муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу икки ҳадис ўртасида уларга муносиб бўлмаган икки ҳадисни зикр қилган.

Таҳийятул масжид ҳақидаги боб

Юз еттинчи ҳадис

 

 عَنْ أَبِي قَتَادَةَ بْنِ رِبْعِيٍّ الأَنْصَارِيِّ – رضي الله عنه – قَالَ: قَالَ رَسُولُ – صلى الله عليه وسلم -: ((إذَا دَخَلَ أَحَدُكُمْ الْمَسْجِدَ فَلا يَجْلِسْ حَتَّى يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ)) .

Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биронтангиз масжидга кирса, то икки ракаат намоз ўқимагунча ўтирмасин[Бухорий: 1167 ва Муслим: 714].

Шарҳ:

Жума куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турганларида Сулайк Ғатафоний номли саҳобий масжидга кириб келиб, ўтириб олди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни туриб икки ракаат намоз ўқишга буюрдилар ва унга масжиднинг ҳурмат-эҳтироми борилигини тушунтирдилар. Зеро, масжидга кирган ҳар бир инсон масжидга “салом” бериши унинг зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Масжидга салом бериш дегани икки ракаат намоз ўқимагунча ўтирмасликдир. Бинобарин, жума хутбасини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзидан эшитиш учун намоз ўқимай ўтириб олган бу саҳобий ҳам таҳийятул масжид намозини ўқимагани учун узрли саналмади.

Уламолар ихтилофи:

Намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда “таҳийятул масжид”, “кусуф намози”, “жаноза намози” ва “қазо намоз” каби муайян сабабга боғлиқ бўлган намозларни ўқиш жоиз-жоизмаслиги борасида уламолар турли фикрлар билдиришган.

Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда бу каби намозларни ўқиш жоиз эмас. Улар ўз фикрларига бу вақтларда намоз ўқишдан қайтарувчи ҳадисларни далил қилишган. “Бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунча (нафл) намоз ўқиш йўқ. Шунингдек, аср (намози)дан сўнг то қуёш ботгунча (нафл) намоз ўқиш йўқ[1] ва “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни уч вақтда (нафл) намоз ўқишдан қайтарар эдилар[2] ҳадислари шулар жумласидан.

Имом Шофеий ва бир гуруҳ уламолар намоздан қайтарилган вақтларда бирон сабабга боғлиқ бўлган намозларни ўқиш жоиз, бунинг ҳеч қандай макруҳ жойи йўқ, дейишган. Бу фикр имом Аҳмаддан ҳам нақл қилинган бўлиб, уни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган. Улар ўз фикрларига Абу Қатодан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ва шу мазмундаги бошқа ҳадисларни далил қилиб келтиришган. “Ким витр намозидан ухлаб қолса ёки уни эсдан чиқариб қўйса, эслаган вақтида ўқиб олсин[3] ва “Қуёш ва ой Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан биридир. Агар улар (тутилгани)ни кўрсангиз намоз ўқинг[4] ҳадислари бу фикр эгалари келтирган далиллар қаторига киради.

Ҳар икки фикр эгалари келтирган далиллар бир жиҳатдан умумий, бир жиҳатдан хосдир. Бироқ макруҳ вақтларда бирон сабабга боғлиқ намозларни ўқиш жоиз дейиш барча далилларга амал қилиш имконини беради. Шунда ҳар бир далилни ўз ўрнида қўллаган бўламиз. Қолаверса, намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда бирон сабабга боғлиқ бўлган намозларни ўқиш жоиз дейиш шариатда кучли далили бўлган ибодатларни кўпайтириш саналади.

Бу масаладаги уламоларнинг фикрлари эллик учинчи ҳадис шарҳида батафсил зикр қилинган[5]. Лекин биз бу масалага янада ойдинлик киритиш учун шайхулислом Ибн Таймиянинг сўзини келтирмоқчимиз. Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ дастлаб бирон сабабга боғлиқ бўлган намозларни макруҳ вақтларда ўқиш борасида бир тўхтамга келолмаганини зикр қилган. Бунга жоиз эмас деганлар келтирган айрим далиллар сабаб бўлган эди. Аммо изланишлардан сўнг ушбу далиллар ё заиф, ё улар айтган фикрга далолат қилмаслиги аён бўлади. Масалан, “Биронтангиз масжидга кирса, то икки ракаат намоз ўқимагунча ўтирмасин” деган ҳадис умумий бўлиб, унинг хослик тарафи йўқ. Макруҳ вақтларда намоз ўқишдан қайтарувчи ҳадисларнинг барчаси хослангандир. Демак, хосланмаган умумий далилни муқаддам қўйиш вожиб бўлади. Негаки, унинг ҳужжат эканига барча салафлар иттифоқ қилишган. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба вақтида кириб келган кишини таҳийятул масжид ўқишга буюрганлари саҳиҳ ҳадисларда келган.

“Саҳиҳайн”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган: “Қуёш чиқиши ва ботишини пойлаб қасддан намоз ўқиманглар” ҳадисига келсак, бу мутлақ нафл намозларга тегишлидир. Тавофдан сўнг ўқиладиган икки ракаат намоз, маҳалла имоми билан қайта ўқиладиган намоз[6] каби бирон сабабга боғлиқ бўлган айрим намозларни бу вақтларда ўқиш жоизлигига ҳадислар бор. Шунингдек, аср намозидан кейин жаноза ўқиш жоизлиги ҳадис ва ижмо билан собит бўлган.

Мазкур вақтда бу намозларни ўқиш жоизлигининг сабабига қаралса, уларнинг бирон сабабга боғлиқ намозлар эканидан бошқа сабабни кўрмаймиз.

Шариатимиздан маълумки, намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлганида, гарчи вақти чиққандан кейин комил суратда ўқиш имкони бўлса-да, макруҳ вақтда ўқиб олинади. Шунингдек, бирон сабабга боғлиқ намозлар ҳам сабаби вужудга келганда ўқиб олиниши керак.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Масжидга кирган одам таҳийятул масжид ўқиши керак. Мазкур ҳадиснинг зоҳирига биноан зоҳирий мазҳаби уламолари таҳийятул масжид намозини ўқиш фарз дейишган. Жумҳур уламолар эса мустаҳаб дейишган.

2 – Мазкур ҳадиснинг умумий мазмунига кўра, масжидга кирган одам қай вақтда киришидан қатъий назар, таҳийятул масжид ўқиши керак бўлади.

3 – Пайғамбаримиз буюрган мазкур намозни ўтказиб юбормаслик учун масжидга кирган одам таҳоратли ҳолда бўлиши мустаҳаб саналади.

4 – Уламолар Масжиди Ҳаромнинг “таҳийя”си (саломи) тавоф деб айтишган. Лекин тавоф қилишни истамаса ёки тавоф қилгани қийналса, ҳаргиз намозни тарк қилиши дуруст бўлмайди. Балки икки ракаат намоз ўқийди.

 

[1] Бухорий: 586 ва Муслим: 826.
[2] Муслим: 831.
[3] Абу Довуд: 1431.
[4] Бухорий: 1057 ва Муслим: 914.
[5] Қаранг: Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар боби (2)
[6] Бир киши маҳалласидан бошқа ерда фарз намозни ўқиб маҳалласига келса ва маҳалла аҳлининг шу намозни ўқиётганининг устидан чиқса, улар билан бирга намоз ўқиши мустаҳабдир. Улар билан ўқиган намози нафл ҳисобланади.

Изоҳ қолдиринг